Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Журналистик суриштирув: Фориш тумани ҳокими сув қувурларини ҳақиқатда ўғирлаганмиди?
02 сентябрь 2019 г 4 232 Комментарии: 0
Ишон, барибир текшириб кўр
25 август куни You Tube видеохостингида эълон қилинган видеоролик бизни Фориш туманига чорлади. Бу туман ҳокимининг яроқсиз сув қувурларини қандай талон-тарож қилмоқчи бўлгани ҳақидаги лавҳа бўлиб, аудиторияда кўплаб саволлар, ижро ҳокимиятига нисбатан норозилик ва салбий муносабат уйғотиб улгурди. Видеороликда туман ҳокимининг “Куйбулоқ” магистрал сув тармоғидаги яроқсиз қувурларни туман ҳудудидан олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолати, бу ҳаракатни қонунийлаштириб, фармойиш чиқартиргани ҳақида гап кетади. Якунида давлат мулкини ўзлаштирмоқчи бўлган ҳокимга жазо сўралади.
Ҳали у, ҳали бу амалдорнинг интернетда муҳокама бўлиши янгилик бўлмай қолган бўлса-да, вилоятимизда илк бора кузатилган воқеликка аниқлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув ўтказдик. Хўш, аслида нима бўлган эди?
- Туман ҳокимининг 2019 йил 2 августдаги Э.Камолов, “Боғдон”, “Қўлба” МФЙ ва “Куйбулоқ” магистрал ичимлик суви тармоғидаги сув қувурларининг талон-тарожга йўл қўймаслик ва улардан самарали фойдаланиш мақсадидаги фармойиши ўз-ўзидан қабул қилинган эмас, - дейди Фориш туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Фаррух Амиров. – Даставвал Кўҳна бозор қишлоғининг бир гуруҳ фуқаролари туман ҳокимига фойдаланилмаётган темир қувурларни кавлаб олиб, сотиб, маблағидан “Илғор ҳудуд” дастури ижросида фойдаланишни сўраб ташаббуснома ёзишган. Унга 10 нафар фуқаро имзо чеккан.
4 июль куни туман ҳокимининг “Узунқудуқ-Янгиқишлоқ” магистрал ичимлик суви тармоғининг реконструкция қилиниши муносабати билан мавжуд эски тармоқларни хатловдан ўтказиб, йиғиштириб олишга рухсат этиш тўғрисида фармойиши қабул қилинди. Унга биноан “Grand real profi” МЧЖ томонидан мазкур сув қувурларининг бугунги кундаги бозор қийматини аниқлашга оид ўрганиши ўтказилиб, ҳисобот тузилди. 19 июль куни ҳисобот эксперт кўригидан ўтказилиб, ҳаққоний эканлиги ҳақида хулоса берилди.
Барча ўрганишлар натижасида туман бўйича 530 диаметрли 350 метр ва 159 ва 219 диаметрли 5100 метр яроқсиз сув қувури мавжудлиги аниқланди. Жиззах “Сувоқова” ДУК туман филиалининг хатлов натижасида аниқланган яроқсиз сув қувурларини “Маҳалла” хайрия жамоат фонди орқали иккиламчи қора металл сифатида топшириб, маблағни “Илғор ҳудуд” дастури доирасида мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги таклифига биноан 194-сонли фармойиши қабул қилиниб, ижрога киритилди.
Туман ҳокимлигининг юристи Муродулла Исоқов ҳам туман ҳокимининг 2019 йил 2 августдаги фармойиши қонуний асосда қабул қилинганини тасдиқлади.
Қувурлар кавлангач...
- Жиззах “Сувоқова” ДУК туман филиали томонидан 1200 метр ер кавланди. Аммо иш бошланганнинг биринчи кунлариданоқ филиалнинг бу ишга техникаси ҳам, маблағи ҳам етишмаслиги маълум бўлди, - дейди филиал раҳбари Хуршид Жўрақулов. – Эксковатор кавланган ҳар метр учун 5000 сўм, чилангар эса ҳар бир кесик учун 10000 сўмдан хизмат ҳақи олади. “Иккиламчиқораметалл” МЧЖда бир тонна металл баҳоси 1 миллион сўм. Агар шу кўйи ишлайдиган бўлсак, сув қувурларини кавлаб олиш ва сотиш ҳаттоки қилинган харажатни ҳам қопламаслиги аён бўлиб қолди. Бунинг устига ўз техникамиз ҳам йўқ. Шу сабабли сув қувурларини кавлаб олиш ишлари туманда Қизилқум сув линиясида фаолият олиб бораётган “Равон қувур” МЧЖга топширилди.
“Равон қувур” МЧЖ филиал билан келишувга асосан сув қувурларини кавлаб олишга киришади. Ҳамда қувурларининг ҳар бир тоннаси учун 2 937 000 сўмдан ҳақ тўлашга келишилади. МЧЖ ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ўртасида тузилган шартномага биноан дастлабки қазиб олинган қувурлар учун 45 миллион сўм маблағ фонд ҳисобига келиб тушади. (Барча ҳужжатлар таҳририятда мавжуд). Шу пайтга қадар МЧЖ томонидан 3 километр сув қувурлари қазилиб, 1500 метр труба кесиб олинган.
Мана, воқеалар ривожи билан ҳам танишдик. Видеоролик ишчанлик обрўига путур етказиш, туҳмат сифатида туман ҳокимлиги томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиниб, суриштирув-тергов ишлари олиб борилаяпти. Роликдаги айбловларнинг қанчалик рост-ёлғонлиги, ҳақиқий айбдор ким эканлигини аниқлашни ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимларига қўйиб берайлик-да, масаланинг бошқа томонига эътибор қаратайлик.
Жамоатчилик назорати борми?
- Агар депутатлар ҳақиқатдан ҳам ишлаганида эди, туманимиз номи интернетда бу қадар “машҳур” бўлиб кетмасди, - дейди ЎзХДП туман кенгаши раиси Норинисо Ирисова. – Аслида “Қуйбулоқ-Боғдон” магистрал ичимлик суви тармоғи қувурлари 1994 йилда ҳашар йўли билан ўрнатилган. Унга қадар қувурлар Ёнғоқлисой қишлоғига 1974 йилда ўрнатилган. Демак қувурлар 20 йил Ёнғоқлисойда, 25 йил Кўҳнабозор қишлоғи ҳудудида кўмилиб ётган. Аммо сув қувуридан охирги йилларда умуман сув ўтмаган. Натижада қувурлар номаълум кишилар томонидан талон-тарож қилина бошланган. Президентимизнинг шу йилнинг 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида билдирилган таклифга биноан тумандаги ичимлик суви тармоқлари янгиланадиган бўлди. Табиий савол туғилади: “Равон қувур” МЧЖ ҳар бир тонна учун қарийб 3 миллион сўм пул тўлашга тайёр турганида бу имкониятдан нега фойдаланмаслик керак? Металлом сифатида бир миллион сўм ҳақ олган қаердаю, тадбиркорнинг таклифи қаерда? Туман кенгашининг сессиясида мазкур сув қувурларини МЧЖ га сотишдан тушган маблағ туман марказидаги кўп қаватли уйлар олдига водопровод нуқталари ташкил этишга сарфланиши айтилган эди.
Бир раҳбарни тарбиялаш, уни камолга етказиш йилларни, қанча меҳнатни талаб этишини биламиз. Уни бадном қилиш учун эса интернет асрида бир лаҳза кифоя қилмоқда. Ҳар бир раҳбар бунга тайёр бўлмоғи лозим. Энди раҳбарлар очиқ ва шаффоф ишлаши кераклигига шу видеоролик исботдек. Шу боис то ҳуқуқ-тартибот идоралари масалага ойдинлик киритмагунича, одамлардан ҳис-ҳаяжонга берилмасликни, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликни сўрайман.
Медиасаводхонмисиз?
- Ёлғон ва сохта хабарлар бир ном билан “фейк” (инглизчада “сохта”) хабарлар дея аталади, -дейди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери, филология фанлари номзоди, медиаэксперт Наргис Қосимова. – Фейк хабарлар асосан интернет кенгликларида жуда тез тарақалади. Чунки одамлар салбий мазмундаги ахборотга ишонишга мойилдирлар. Натижада энг кўп ўқилган, кўрилган фейклар секин-аста гўёки ҳаққоний ахборотга айланиб боради. Ахборот манбаини, рост-ёлғонлигини аниқлаш учун факт-чекинг ўтказилса кифоя. Аммо бу интернетга шунчаки вақт ўтказиш учун кирган одамларни унчалик қизиқтирмайди.
Натижада тақдим этилган ҳар қандай ёлғон ахборот рост бўлиб туюлади. Айниқса, унга муносабат билдириб ёзилган “коммент”лар ёлғон хабарни қўллаб-қувватлаши, натижада ишончнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Фейк аккаунтлар ёзган “коммент”ларни қандай аниқлаш мумкин? Бунинг учун аккаунт очилган санани кўринг. Кўпинча улар яқинда очилган, профилида шахсий эмас, табиат, автомобиль каби умумий қизиқишдаги суратлар жойланган бўлади. Ўта ҳақоратомуз комментлар ҳам айнан улар орқали билдирилади. Воқеалар ривожи пасайгач, бундай аккаунтлар ҳам ўз-ўзидан йўқолади.
Медиаэкспертнинг фикрларидан кўриниб турибдики, бизни журналистик суриштирув ўтказишга чорлаган видеоролик жиддий экспертизани талаб этади. Туман ҳокимининг сурати ёнига кишан ва қамоқхона панжараси тасвирини жойлаштириш, уни очиқчасига ўта оғир жиноятчиликда айблаш қанчалик тўғри? Бу ўз-ўзидан танишувчида салбий эмоция ва муносабатни пайдо қилади. Фейсбук орқали муносабат билдирган айрим аккаунтларда ҳам фейк маълумотларни тахмин қилдик. Рус кишисининг жазавага тушиб туман ҳокимини ёмонлаши, ҳақоратлаши, йўқ қилиб юборишга даъвати ғалати эмасми? Хуллас, мазкур видеоролик интернет асрининг тажовузларидан огоҳ қилгандек, ҳушёрликка даъватдек таассурот қолдирди.
Юқорида айтганимдек, ҳақиқий айбдорни тегишли идоралар аниқлайди. Бизнинг вазифамиз эса интернетда кўрган нарсангизга дарҳол ишонманг, “Ишон, барибир текшириб кўр” деган машҳур иборани ёдингизга солишдир.
Муқаддас САПАРОВА, Гулчеҳра Урдушева
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!