Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах:“Пишағар” қишлоғи афсона ва ҳақиқатлар...
04 сентябрь 2019 г 3 284 Комментарии: 0
“Пишағар” қишлоғи ҳақида эшитганмисиз? Зомин туманидаги номи турли афсона ва ривоятлар боғлиқ ушбу қишлоқ ҳақида билганларимизни ҳикоя қилмоқчимиз.
Гўзал табиати, зилол суви-ю, содда ва самимий инсонлари билан машҳур "Пишоғар" қишлоғи ҳудуд жиҳатдан юртимиздаги энг катта қишлоқлардан бири ҳисобланади. Энг аввало "Пишоғар" қишлоғи номи ва унинг нега бундай аталиши хусусида икки оғиз сўз.
Маҳаллий аҳоли ва айрим тарихий маълумотларга кўра қишлоқнинг номи билан боғлиқ икки хил тахмин мавжуд. Биринчи тахминга кўра "Пишағар"нинг "беш оқар" (сув) деган маънони билдирса, иккинчи тахминга кўра "Пешағор — "ғор оғзидаги (этагидаги) қишлоқ" деб ҳам аташади.
Энг қизиғи "Бош Пишағар" қишлоғи ғордан беш-олти километр масофада, унинг этагида жойлашган. Қишлоқ ичидан оқиб ўтувчи сув "беш оқар" эмас, балки "бир оқар" — бир сойнинг, "Хўжаи Сароб" – "сув боши хўжаси, эгаси" деб номланган жойдан бошланувчи "Пишағарсойнинг" суви, "беш жилға"дан эмас, балки қиш ва баҳор мавсумида юзлаб жилғалардан йиғилади.
Шунинг учун ҳам "Пишағар" атамаси аслида "Пешағор" тарзида таркиб топган ва даврлар ўтиши билан талаффузи ўзгарганлиги эҳтимолдан холи эмас. Шундан билиш мумкинки қишлоқ номига кўпроқ иккинчи тахмин тўғри келади.
Қишлоқда маҳаллий аҳоли билан суҳбат давомида қизиқ бир маълумотга эга бўлдик. Айтишларича шу яқин атрофдаги “Ҳўжа Сероб” зиёратгоҳи атрофида маҳаллий аҳоли ташаббуси ва саъй ҳаракати ҳашар йўли билан қурилган ўлка тархи ҳақида ҳикоя қилгувчи музей бор экан.
Унда айнан шу қишлоқдан топилган ноёб топилмалар ва қадимий жиҳозлар кўргазмага қўйилган.
Чоғроққина, ҳашар йўли билан қурилган музей у қадар эътиборни тортмаса-да, ноёб топилмаларга бой эканлиги билан ҳам қизиқ. Бу ерда "Зардуштийлар" давридан қолган топилмалардан тортиб то 19 асрга оид уй рўзғор буюмларгача бор.
Уч мингдан зиёд топилмаларга эга музей шу қишлоқлиқ оддий ўқитувчи Абдуғани Маматқуловнинг саъй ҳаракати билан 2014 йилда ташкил топган.
Бу ерда милоддан аввалги 5-6 асрларга оид сув қувурлари, тегирмон тошлари ва сопол қозонлар, мой чироқлар, гулли пиёла ва косалар ва катта-кичик хумларни учратишингиз мумкин.
18-19 асрга оид эркаклар ва аёлларнинг миллий кийимларнинг ҳар бири алоҳида таърифга лойиқ. Мисол учун тулки терисидан тикилган эркаклар бош кийими “Тулкитумоқ”нинг думи қанчалик узун бўлса, эркак кишининг умуртқаси шунчалик соғлом бўлармиш.
Этнографияда миллий кийимлар ўша жойнинг экологияси билан боғлиқ бўлади. "Желакбоши" (аёллар ёпинчиғи) қишлоқ аёлларини совуқдан қордан, шамолдан, иссиқдан ва энг муҳими ёмон назарлардан ҳимоя қилган, асраган.
Желакбошининг орқа томонидаги бирлаштирилган енглар умуртқа поғоналарни бир хил температурада ушлаб туришга хизмат қилган. Иссиқ ва совуқларда бир хил градусда ушлаган. Бу ёпинчиқни 20-45 ёшгача қишлоқ аёллари ёпинишган.
2-3 асрга оид “Хокидонлар” одамларни ёқиб кулини солиш учун ишлатилган бўлса, Зардуштийлар даврига оид “Остодонлар” марҳумларнинг суякларини сақлаш учун фойдаланилган. “Осдотон” лотинчада "суяк" маъносини билдиради. Зардуштийлик таълимотига кўра ер, олов сув ва ҳаво муқаддас ҳисобланган.
Бу ўлганларни дафн этишда алоҳида қоидага риоя этишни талаб этган. Жасадлар суяклари юмшоқ тўқималардан тозалангунича қўйиладиган жойлар–дахмалар қурилган. Сўнг суяклар йиғилиб қопқоқли сопол тобутларга–оссуарий (ёки остодон)ларга солиниб сақланган.
Музейда кўргазмага қўйилган ушбу “суякдон” лар маҳаллий болалар томонидан қирдан ичида суяклари билан топилган.
Музейда мис ва ёғочлардан ишланган турли уй рўзғор буюмлари билан бир қаторда оёқ кийим қолиплари, пичоқ чарх ва пахта чиғириқ ҳунармандчилик асбоблари пилта милтиқ, портламайдиган замбарак ўқлари, кишан ва хумлар қадимий чарх ва туя жунидан тўқилган дастурхонларни ҳам учратасиз.
Икки минг йиллик тарихга эга тангалар, урчуқбош, аёллар мунчоқлари, қатрон дарахтидан ясалган кўз мунчоқлар, сурмадон, тош игналар ҳаёлларни олис тарих сари етаклайди.
19 асрга оид гилам ва кашталар, тахмонқош, сўзана ва соч попукларнинг ўтган вақт мобайнида ўз рангини йўқотмай сақланишида шу музей ходимларининг ва қишлоқ аҳлининг хизмати катта.
Музей ва қишлоқ тарихи ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этган Зуҳра Маматқулованинг таъкидлашича қишлоқ аҳлининг ҳар бири музейнинг янада экспонантларга бойиши учун ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.
Бу ердаги экспонантлар ўлканинг тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Шуни алоҳида айтиш жоизки бу ерга чет эллик туристлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Тарихи жуда қадим-қадимларга бориб тақалувчи ушбу қишлоқ ҳақида А.Македонскийнинг "Жангномаси” ҳамда З.М.Бобурнинг “Бобурнома” сида ҳам сўз юритилган.
Мабодо йўлингиз тушиб Зомин томонларга келсангиз албатта “Пешоғар” қишлоғини зиёрат қилинг.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!