Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда электр энергиясини ўғирлашнинг яна бир антиқа тури аниқланди
05 сентябрь 2019 г 2 861 Комментарии: 0
“Ўзэнергоинспекция”нинг Жиззах ҳудудий бўлими ва Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бошқармасининг қўшма иш режасига асосан истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бўйича ўрганишлар олиб борилганда электр энергиясини ўғирлашнинг яна бир антиқа усули аниқланган.
Ўрганишлар мобайнида Жиззах шаҳридаги МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчасида ўрнатилган “Мercury 230 ART” электр ҳисоблагичидаги ишлаб чиқарувчи заводнинг голографик муҳрига зиён етказилганлиги шубҳа уйғотди. Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, ушбу турдаги электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги вакили - “Neotech Group” МЧЖга мурожаат қилинди.
Электр ҳисоблагичнинг стандарт талабларига мослиги текширилганда электр энергиясини ўғирлашнинг “антиқа” тури аниқланди. “Neotech Group” МЧЖнинг берган хулосасига кўра, МЧЖнинг электр ҳисоблагичдаги завод томонидан ўрнатилган голографик муҳр ва кафолат ёрлиғи бузилганлиги, энг муҳими - электр ҳисоблагичнинг ички хотира блоки алмаштириб, бошқа ҳисоблагичнинг ички хотира блоки ўрнатилганлиги ошкор бўлди.
Ушбу ҳолат бўйича Жиззах шаҳри Мажбурий ижро бюроси томонидан қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштирилди ва истеъмолчи электр тармоғидан узилди.
“Ўзэнергоинспекция”нинг Жиззах ҳудудий бўлими мутахассиси хулосаси асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорига асосан, яъни истеъмол қилинган электр энергияси кўрсатгичларини камайтириш мақсадида кўз билан аниқланмайдиган усулда ўғирланган тури учун корхона 302 млн. сўм жаримага тортилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!