Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги: Муаммо ва уларнинг ечимлари
09 сентябрь 2019 г 2 475 Комментарии: 0
Маълумки, XXI асрга келиб инсоният ўзининг узоқ тарихий тараққиёти давомида эришган тажрибаларига асосланган холда давлатчиликнинг сифат жиҳатдан янги босқичига қадам қўйди.
Мазкур босқичнинг моҳияти шундаки, эндиликда ҳар қайси ривожланган мамлакатда давлат билан бир қаторда бошқа субъектлар – нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолият миқёси ва таъсир кўлами ҳар жиҳатдан ўсиб, нафақат мамлакат ичида, шунингдек, халқаро муносабатларда ҳам яққол сезилмоқда.
Биз давлатни инсоният фазосида ўтмишдан келажакка қараб учиб келаётган кўп двигателли самалётга ўхшатишимиз мумкин. Инсонлар тақдирини ўз зиммасига олган ана шу самалётнинг двигателлари давлатда ҳукумат, суд ҳокимияти, сиёсий партиялар, мустақил ОАВ лари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ННТ лар ва бошқалардир.
Самодаги самолётнинг барча двигателлари бетиним ва тенг ҳаракат қилиши лозим бўлгани каби давлатда ҳам юқоридаги номлари келтирилган ташкилотлар жамият тақдири учун масъулдирлар.
Бу ўхшатишда маълум қонуният бор. Самолётнинг бази двигателлари суст ишлаши ёки умуман ишламаслиги бошқаларнинг зўриқиб ишлашини тақозо қилади.
Худди шунингдек, барча демократик институтлар ҳам ўз вазифасини тўлақонли адо этмас экан, жамият олдидаги масъулиятда мувозанатсизлик вужудга келади, оғирлик асосан ҳукуматга тушади. Аммо ҳукумат бир ўзи қанчалик бор имкониятларини ишга солмасин, унга жамият ва давлат тараққиёти масъулияти оғирлик қилади.
Биз фуқаролик жамиятини қуриш сари борар эканмиз, жамиятимиз ривожланиб борган сари бошқарувда жамоат ва нодавлат ташкилотларнинг роли кескин ўсади, улар давлатнинг кўпгина функцияларини амалга оширадилар.
Аммо уларнинг фаолиятидаги самара фуқароларнинг қайси даражада иштирок қилишига боғлиқ бўлади. Жумладан, жамоат ва нодавлат ташкилотлари қайси томоннинг ташаббуси билан ташкил қилинишидан қатъи назар фуқаролар фаоллигини шакллантира олмас экан, бошқарувда давлат устуворлиги сақланиб қолади.
Агар бошқарувда жамоат ва нодавлат ташкилотларининг иштироки кенгайиб борса, улар бу йўналишда ташаббусни ўз қўлларига олсалар жамиятда инсоний қадриятларни шакллантириш жараёни ҳам ривожланиб боради. Аксинча, улар фаолиятида сусткашлик бўлса ёки фаоллик етишмайдиган бўлса давлат яна бошқарувда ташаббусни ўз қўлига олишга мажбур бўлади. Бу ўз навбатида демократик қадриятлар ривожланиши мухлатининг чўзилиб кетишига олиб келади. Албатта, бу жараён жамиятнинг тоталитар бошқарувдан демократик бошқарувига ўтиши даври учун хос бўлган хусусият ҳисобланади.
Маълумки, давлат демократик қадриятларни шакллантиришда, жамоат ва нодавлат ташкилотларини вужудга келтиришда асосий ташаббускор бўлиб чиқади, керак бўлса уларга хомийлик ҳам қилади. Шунинг учун ҳам дастлабки босқичларда бошқарувда жамоат ва нодавлат ташкилотларининг қандай фаолият кўрсатиши уларнинг ўзларидан кўра, уларга хомийлик қилган давлатнинг демократик тамойилларига муносабатларига боғлиқ бўлади.
Демократик жараёнлар бошланиб кетгандан кейин уни секинлаштириш мумкин, аммо тўхтатиш мумкин эмас. Унга қарши қандай кучлар юзага чиқмасин, барибир секинлик билан бўлса ҳам бошқарувда жамоат ва нодавлат ташкилотларининг мавқеи мустаҳкамланиб бораверади.
Бошқарувда жамоат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлиги ҳақида фикр юритилганда, энг аввало сиёсий партияларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим бўлади. Чунки, сиёсий партиялардан бошқа биронта ташкилот жамият бошқарувини ўз зиммасига олишни мақсад қилиб қўймайди. Шундай экан, демократик қадриятлар шаклланиши уларнинг фаолиятига боғлиқ бўлади. Айниқса, партияларнинг жамият ҳаётида мавжуд муаммоларни дадил кўтариб чиқишига қодир бўлишлари демократик бошқарувни шакллантиришнинг дастлабки босқичи учун амалий аҳамиятга эга бўлавди.
Улар фаолиятида бу йўналишдаги сусткашлик, мавжуд муаммоларни билса ҳам билмасликка олиш ёки ҳокимиятга ўз фикрини билдиришнихохламаслик ва ундан хадиксраш, умуман ҳокимият билан шу каби масалаларда ҳамкорлик қилмаслик нафақат бошқарув тизимида балки бутун жамият ҳаётида муаммоларнинг тўпланиб боришига олиб келади. Уларнинг тўпланиб қолиши эса, умумий тараққиёт учун турли таҳтидларни юзага келтиради.
Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, жамоат ташкилотларининг етакчиларидан бири бўлган сиёсий партияларнинг бошқарув тизимида фаолият кўрсатиши бутун жамият ҳаётининг барқарорлашиб боришига ёрдам тберади ва демократик жамият қуриш имкониятларини кенгайтиради.
Жамият ривожланиб борган сари давлат ўзининг кўпгина функцияларини жамоат ва нодавлат ташкилотларига ўтказиши учун шароит юзага келади ва айни пайтда унинг фаолиятида бошқарувни ана шу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш эҳтиёжи кучайиб боради. Буни ўз вақтида англаган ва унга амал қилган давлатгина бошқарувда самарали фаолият кўрсатиши мумкин. Бу эса унинг барқарор ривожланишини таъминлайди.
Равшан Хидоятов,
ФЖШМҚМИ Жиззах вилоят
худудий бўлинмаси раҳбари
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!