Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда маҳалла институтини янада такомиллаштиришга қаратилган фармон ижроси бўйича йиғилиш ўтказилди
21 сентябрь 2019 г 1 711 Комментарии: 0
Вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, шаҳар, туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, прокурорлар, ички ишлар ва давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, халқ қабулхоналари мудирлари, “Маҳалла” жамоат фонди раислари иштирок этган йиғилишни вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошқариб борди.
Кун тартибидаги масала юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Жавлоновнинг маъруза қилди.
—Жорий йилнинг ўтган даври мабойнида маҳалла тизими ишини самарали ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2 та қарори қабул қилинди. Давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида маҳалла ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, йиғин раисларининг мавқеини кучайтириш, ваколатларини кенгайтириш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини самарали ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғинлари учун кадрларни тайёрлаш, уларнинг касбий билим, кўникма ва малакасини ошириш, кадрларни маҳалла бошқаруви жараёнига қайта тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кадрларини тайёрлаш институти ташкил этилмоқда. “Мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишда маҳалла институтининг Халқ қабулхоналари ва секторлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда, “маҳалла – сектор - Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими шаклида иш юритиш белгилаб берилди.
Маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мавқеини ошириш мақсадида вилоятида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан йилнинг ўтган даврида 214 минг нафардан ортиқ оилалар билан мулоқотлар қилинганлиги, аниқланган муаммоларнинг 93 фоизи давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этилганлиги эътиборга молик. 34 та маҳалла идоралари хизмат биноларида кутубхоналар ташкил этилган. Улардан 23 минг 800 нафар маҳалла фаоллари фойдаланаётир. Энг муҳими, маҳаллалар томонидан 564 та оилаларнинг низоларига барҳам берилди. 148 та оилалар ажралиб кетишдан сақлаб қолинди.
Вилояти кенгаши ташаббуси билан 278 миллион сўм маблағлар эвазига “Манаслик чеварлар” тикув цехи ишга туширилиб, Дўстлик туманида 70 нафар, Ғаллаорол туманидаги тикув цехида 35 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Хотин-қизларга касбга ўргатиш мақсадида 31 та маҳалла идораларида тикув цехлари очилди. Жиноят содир этилмаган маҳаллалар 124 тани ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 68 тага кўпайганлиги қувонарли албатта.
Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмаяпти. Лекин, ижтимоий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни олдини олиш, уларнинг юзага келишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганишда маҳалла раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис, профилактика инспектори ҳамда унинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси билан ҳамкорлик етарли даражада ўрнатилмаганлиги ташвишлидир.
Ана шунинг натижасида, жорий йилнинг ўтган даври мабойнида 59 та маҳаллаларда шундан, Жиззах шаҳрида 11 та, Зоминда 9 та, Шароф Рашидов, Ғаллаорол туманларида 6 тадан, Арнасой, Зарбдорда 5 тадан, Форишда 4 та, Дўстлик, Мирзачўлда эса 3 тадан маҳаллаларда жиноятчилик ошиб кетган. Ёки бўлмаса, носоғлом диний ғоялар таъсирига тушиб қолган оилалар 276 тани ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 14 нафарга камайган бўлса, Арнасойда 23 тага, Дўстликда 31 тага, Бахмалда 18 тага, Зоминда 4 тага ошди.
Бугунги кунда вилоятда жами 30 573 нафар фуқаролар хорижий давлатларга турли сабаблар билан чиқиб кетган. Натижада, нотинч оилалар яъни, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этганликлари учун 586 нафар шахслар профилактик ҳисобга олинган бўлиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 206 нафарга камайган бўлса, Бахмалда 15 тага ошган.
Йиғилишда шу каби бошқа бир қатор муаммолар хусусида ҳам сўз борди. Профилактика инспекторлари фаолиятидаги камчиликлар, улар учун қурилган хизмат уйларидан аксарият ҳолларда фойдаланилмаётганлиги каби долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди. Бахмал тумани ҳокими М.Тўраев, вилоят ҳокими ўринбосари Б.Тўхтамишев ва бошқалар кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилдар.
Йиғилиш сўнггида энг намунали фуқаролар йиғинлари раисларидан бир бир гуруҳига ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бекпўлат ТОҒАЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!