Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зафаробод туманида пахта йиғим-теримига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
27 сентябрь 2019 г 2 214 Комментарии: 0
Зафарободликлар жорий йилда 8 минг 100 гектар майдонда ғўза парваришлаб, юртимиз хирмонига 23 минг тонна пахта сотишни режалаштиришган. Айни кунда туманда пахта йиғим-теримига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
— Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, жорий йилда қўлда терилган пахта учун меҳнат ҳақини ўз вақтида тўлаш кўзда тутилди, — дейди С.Синдоров номли сув истеъмолчилари уюшмасининг раиси Тўлқин Миртозоев. — Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Дейлик, биринчи теримда бир оиланинг тўрт аъзоси теримда иштирок этиб, биргаликда кунига ўртача 500 килограммдан пахта терди. Бу бир кунда 400 минг сўм пул нақд дегани. Агар 15 кун шу тахлитда ишлашса, оилага 6 миллион сўм қўшимча даромад келади. Мавсум давомида эса бу кўрсаткични бемалол 15 миллион сўмдан ошириш мумкин.
Ҳашарчилар учун 32 та дала шийпони сифатли таъмирдан чиқарилди. Уч минг теримчи учун 158 та палатка келтирилди. Шунингдек, 127 та транспорт трактори, 215 та тиркама, 500 та ёпинчиқ, 33 минг дона фартук, 179 та тарози, қозон-ўчоқ, самовар, сув сақлаш баклари тайёрлаб қўйилди.
— 179 та гуруҳ ташкил этилиб, уларга 24 минг 800 нафар теримчи бириктирилди, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими бошлиғи Турсунбой Бахриев. — Фориш туманидан 5 минг нафар, вилоятлар ва республика идораларидан 8 минг 300 нафар кўнгилли ҳашарчилар келиши кутилмоқда.
Ҳар бир отряд раҳбарлигига кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга ва эл орасида обрў-эътиборли кишилар тайинланиб, уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Шу билан бир қаторда, секторлар кесимида махсус ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, улар томонидан отрядларга мавсумий ишчиларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
— Ишчи гуруҳлар аъзолари ҳудудларда уйма-уй юриб, теримда иштирок этиш истагини билдирган ишчиларнинг аниқ ҳисоб-китобини олишди, — дейди туман пахта штабининг котиби Латиф Ҳосилбеков. — Ҳар бир ишчи билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг паспорт маълумотлари асосида махсус электрон база шакллантирилди. Бу ишчи кучини аниқ ва тўғри баҳолаш ҳамда теримни тизимли ташкиллаштириш, ишларни тақсимлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирда бутун эътибор ғўза дефолиациясига қаратилган. Бунинг учун 13 та отрядларга бириктирилган 46 та ОВХ пуркаш мосламалари далаларга сафарбар этилди.
Лазиз МАМАТҚУЛОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!