» » Ходимнинг 68.000.000 сўмлик иш ҳақи ундириб берилди

Ходимнинг 68.000.000 сўмлик иш ҳақи ундириб берилди

05 октябрь 2019 г 2 491 Комментарии: 0

Фуқаролик иши бўйича Жиззах вилоят судлари томонидан 2019 йил ярим йил давомида меҳнат низолари билан боғлиқ 176 та фуқаролик иши кўрилган.

Шундан 127 таси бўйича даъво аризалар қаноатлантирилган, 30 таси бўйича даъво рад этилган, 16 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган ва 3 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.

Шу ўринда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бир низо юзасидан тўхталмоқчиман. Рахим Ахмаджонов АТБ “Туронбанк” Жиззах вилоят Фориш филиали бошқарувчиси лавозимига жавобгар АТБ “Туронбанк” Жиззах вилоят бошқармасининг 2010 йил 24 февралдаги 53-сонли буйруғи билан тайинланган.

Жавобгар АТБ “Туронбанк” Жиззах вилоят бошқармасининг 2012 йил 28 июлдаги 169-сонли буйруғи билан даъвогар аттестациядан ўтмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-банди билан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Жавобгар АТБ “Туронбанк” Жиззах вилоят бошқармаси 2012 йил 28 июлда даъвогарни ишдан бўшатган бўлса-да, шу вақтга қадар унинг меҳнат дафтарчасини унга топширмаган ёки топшириш чорасини кўрмаган, шу билан бирга, даъвогарни ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўйдирмаган.

Даъвогар Р.Ахмаджоновнинг жавобгар АТБ “Туронбанк” Жиззах вилоят бошқармасига нисбатан меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмай кечиктирилгани учун ўртача ойлик иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Даъвогар тумани прокурорининг 2012 йил 5 сентябрдаги қарори билан қамоққа олинган. Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2013 йил 22 февралдаги ҳукми билан даъвогар озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2015 йил 1 майдаги қарори билан даъвогарга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш жазоси билан алмаштирилган ва у озодликка чиққан.

Даъвогар 2012 йил 28 июлдан бошлаб ҳозирги кунга қадар бўлган даврга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлашни талаб қилган бўлса-да, айнан 2012 йил 5 сентябрдан 2015 йил 1 майга қадар бўлган даврда у қамоқда бўлганлигини, унда ушбу даврда ишлашга имконият бўлмаганлигини ҳамда мазкур муддат иш стажига кирмаслигини инобатга олиб, суд ушбу даврни мажбурий прогул вақти сифатида инобатга олмасликни, даъвогар жавобгар АТБ “Туронбанк” Жиззах вилоят бошқармасининг 2012 йил 28 июлдаги 169-сонли буйруғи билан билан ишдан бўшатилганлигини, унинг меҳнат дафтарчасида айнан мазкур буйруқ билан у ишдан бўшатилганлиги қайд этилганлигини, тарафларнинг судда берган тушунтиришига кўра даъвогар иш ҳақини бош банкдан эмас балки, вилоят бошқармасидан олганлигини, даъвогарнинг меҳнат дафтарчаси ҳозирги кунда ҳам шу ерда сақланиб келаётганлиги аниқланган.

Суд даъвогарнинг мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, даъвогар ишдан 2012 йил 28 июлда ишдан бўшатилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар унинг меҳнат дафтарчасини иш берувчи бермаганлигини, 2012 йил 5 сентябрдан 2015 йил 1 майга қадар бўлган муддатни инобатга олинмаган тақдирда, жавобгар унинг меҳнат дафтарчасини 50 ой муддат давомида бермасдан келганлигини инобатга олиб, ушбу даврга унинг ўртача иш ҳақи 1.372.409 сўмни 50 ойга кўпайтириб, жами 68.620.450 сўмни мажбурий прогул кунлари учун жавобгардан даъвогар фойдасига иш ҳақи ундириш ҳақида қарор қабул қилган.

Шунингдек, суд даъвогарнинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, маънавий зарарни 1.000.000 сўм деб баҳолаб жавобгардан даъвогар фойдасига, 1.000.000 сўмни ундиришни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

“Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 3.1-бандида, ходим билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимнинг мазкур ташкилотда ишлаган даврида меҳнат дафтарчасига киритилган иши тўғрисидаги маълумот (ёзув)лар корхона раҳбари ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахснинг имзоси ва корхона ёки ходимлар бўлимининг муҳри билан тасдиқланади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади.

Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8 бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига (Т-2 сон идоралараро намунавий шакл — Йўриқномага 4-илова) ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўяди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 275-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир талабларини тўлиқ қондиради. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 112-моддаси 5-хатбошисига кўра, маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир.

Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 46-банди 7-хатбошисида тушунтирилишича, маънавий зарарни қоплаш. Маънавий зарар миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатларига баҳо берган ҳолда аниқланиб, у ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Амалиётда айрим иш берувчилар томонидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишса-да, ходимга тегишли тартибда унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бермаслик ҳолатлари учрайди. Хулоса қилиб айтганда иш берувчи ходим билан меҳнат муносабатларига киришар экан, улар меҳнат муносабатларини тартибда солувчи қонун ҳужжатларига талабларига риоя этишлари керак.

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах вилоят суди судьяси С.А. Набиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!