Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда Мудофаа вазирлиги миқёсида илк бор ўтказилган «Разведка рейди» мусобақаси ғолиблари аниқланди
05 октябрь 2019 г 2 284 Комментарии: 0
Мудофаа вазирлиги разведкачилари ўртасида илк бор «Разведка рейди» мусобақаси ўтказилди.
Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида разведка бўлинмалари ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада вазирликнинг барча ҳарбий округ ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 11 та жамоа иштирок этди.
Мазкур мусобақа уч босқичда ўтказилди. Дастлаб, ҳарбий қисм, сўнгра ҳарбий округ миқёсида ғолиб бўлган жамоалар якуний босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Якуний босқичда эса улар 10 та шарт бўйича ўзаро беллашди.
Дастлаб гуруҳларнинг белгиланган ҳудудга чиқиш ва жанговар вазифани бажаришга шайлиги кўздан кечирилгач, ҳарбий хизматчилар 7,5 километрлик масофага оғирлиги 35 килограммга яқин бўлган юк қопи билан марш юрди. Машғулот шартига кўра, ҳар бир жамоа юқори қўмондонликдан берилган махсус вазифаларга асосан шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва қарор ишлаб чиқиш вазифаларини бажарди.
Шунингдек, марш юриш давомида миналаштирилган йўлаклардан беталафот одимлаш, жангда яраланган ҳарбий хизматчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни бир ярим километр масофага эвакуация қилиш синовларидан ўтди. Беморга жгут, боғлов, оғриқ қолдирувчи укол ва шина қўйишда жамоалардаги фельдшернинг маҳорати яққол намоён бўлди. Шундан сўнг уч километр узоқликдаги жойлашув ҳудудига етиб бориш, у ерда қўриқлов ўрнатиш ва гуруҳ шахсий таркибига вақтинчалик яшаш жойини ҳозирлаш, дала шароитидан келиб чиққан ҳолда, зарур имкониятлар яратиш сингари шартларни муваффақиятли адо этди.
Жамоаларнинг ҳар бир ҳаракати Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан тайинланган ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.
Саккиз кун давом этган мусобақада иштирокчилар учун шартлар босқичма-босқич оддийдан мураккаблашиб борди.
Реал жанговар вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилаётган мусобақа доирасида ҳарбий хизматчилар азимут бўйича ўн километр масофага ҳаракатланиш, кимёвий зарарланган ҳудудлардан ҳимояланиш, руҳий тайёргарлик йўлакларидан ўтди.
Шу тариқа қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда кечган мусобақа ўз ниҳоясига етди. Якуний натижаларига кўра, биринчи ва иккинчи ўринларни Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли жамоалар қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоасига насиб этди. Ғолибларга диплом, кубок, медал ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!