Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан Зомин туманидаги 60 – сонли ИДУМда ҳарбий хизматчилар ва ўқувчиларнинг учрашуви ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Жиззах вилоят бошқармаси, Жиззах вилоят Қўриқлаш бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши, Зомин туман ХТБ хамкорлигида ўтказилди.
Тадбир меҳмони, спортнинг бокс тури бўйича жаҳон чемпиони Бобобусмон Батуров йиғилишда сўзга чиқиб, эришган ютуқлари, спортга, жисмоний маданиятни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва бу имкониятлардан ёшлар унумли фойдаланиши лозимлиги хусусида гапирди.
Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия тасарруфида 4 та мактаб бўлиб, улардан бири мазкур умумтаълим даргоҳидир. Унда тахсил олаётган ёшлар умумтаълим фанлари билан биргаликда спорт билан ҳам мунтазам шуғулланишади. Шу кунги тадбирда энг намунали ва яхши натижаларга эришган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия Жиззах вилоят бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ташкил этилганига эндигина 2 йил бўлган бўлсада Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ходимлари аҳоли тинчлиги, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қанча ишларни амалга оширишди. Тадбир давомида инсонларнинг ҳаётини сақлаш, тинчликни таъминлаш учун ҳарбий хизматчиларнинг олиб бораётган жараёнлари акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг ҳарбий жанговор машиналар, махсус либослар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар нафақат кузатиш балки ўзлари ҳам ушбу қуроллардан фойдаланиб кўриш баробарида улар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдилар.
Мазкур умумтаълим мактабида ҳозирда 1119 нафар ўқувчилар тахсил олади. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тасарруфидаги ушбу таълим даргоҳида 2 та махсус ҳарбий синф ташкил этилган бўлиб, тенгдошлари орасида энг илғор ва билимдон, жисмонан бақувват ўсмирлар 7-8-синфларда таҳсил олмоқда. Шу кунги тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ўқувчилари Бобоусмон Батуров билан биргаликда маҳорат дарсини ўтишга муяссар бўлдилар.
Акром Эрхонов - Жиззах вилояти Қўриқлаш бошқармаси
Матбуот гурухи катта инспектори, катта сержант