Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Гўёки «ёниб кетган» йирик миқдордаги сигаретлар операцияси фош этилди
23 октябрь 2019 г 1 890 Комментарии: 0
Шу йилнинг ёзида Жиззах вилоятининг М-39 автомагистрали орқали ҳаракатланган йўловчилар ушбу ҳудудда ёниб кетган “DAF” русумли юк автомашинасига кўзи тушгани ҳақида айтишганди.
Маълум бўлишича, 2019 йил 7 июль куни У.А. имли шахс бошқарувида бўлган мазкур “DAF” русумли автоулов тиркамасида юкланган, қиймати 121 000 АҚШ долларлик 550 000 қути чет элда ишлаб чиқарилган сигарет маҳсулотлари билан Қирғизистон Республикасига транзит ўтказиш учун Бухоро вилоятининг “Олот” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бироқ, ушбу автотранспорт воситаси 2019 йил 14 июль куни гўёки Жиззах вилояти ҳудудида тиркамасининг орқа қисмидан ёнғин чиқиши натижасида юкхонасидаги сигарет маҳсулотлари билан биргаликда ёниб кетганлиги ҳақида ҳайдовчи томонидан хабар берилган.
Ҳайдовчининг иддаосига кўра, автотранспорт воситасининг орқа ўнг томон шинасининг ёниши оқибатида келиб чиққан ёнғин натижасида автотранспорт воситаси ва ундаги сигарет маҳсулотлари бутунлай ёниб кетган ва уни ўчириш имконияти бўлмаган гўё.
Аммо, катта партиядаги сигаретлар ортилган ушбу автоуловнинг тўсатдан ёниб кетиши ҳақида ҳайдовчи айтган гаплар божхона ходимларини сергак торттирди.
Чунки, ушбу сигаретлар агарда Ўзбекистон Республикасида божхона расмийлаштирувидан ўтказилганида, 6,6 млрд сўм божхона тўловлари тўланиши керак эди.
Шу тариқа Жиззах ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бошқармаси Тергов бўлими ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан олиб борилган ҳамкорликдаги саъй-харакатлар натижасида жиноят кўпга чўзилмасдан очилди, яшириб қўйилган сигаретлар Самарқанддан топилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!