Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахлик Зулфизар расм чизиш кўрик-танловида эътироф этилди
04 ноябрь 2019 г 3 585 Комментарии: 0
Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда Ёшлар ижод саройи биносида 7 ёшдан 17 ёшгача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшлар ўртасида расм чизиш бўйича республика кўрик-танлови ташкил қилинди.
Ушбу танловда ҳудудларда ўтказилган танловларда ғолиб бўлган ногиронлиги бўлган болаларнинг рассомлик маҳоратлари яна бир бор синовдан ўтказилди.
Ш.Рашидов тумани "Нурафшон" маҳалласида яшовчи Зулфизар Халилова болалигидан БЦП (Болалар Церебрал Параличи) ташхиси билан даволаниб келади.
Тумандаги 24-сонли мактабда таҳсил олаётган Зулфизар болалигидан расм чизишга қизиқади. Ундаги иқтидорни сезган ота-онаси Зулфизарга керакли шароитларни яратиб беришган.
Зулфизар Тошкентда Имконияти чекланган болалар ўртасида ўтказиладиган “Мафтункор ранглар жилоси” кўрик танловида ўзи чизган расмлари билан иштирок этиб 1-даражали диплом билан тақдирланди.
Танлов доирасида ногиронлиги бўлган болалар томонидан яратилган санъат асарларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Зулфизар томонидан чизилган расмлар ҳам кўргазмага қўйилди. Ёш ижодкор Зулфизар томонидан чизилган суратларда ҳар бир деталларни ёрқин рангларда тасвирлашга интилганини сезиш мумкин.
Маълумотларга қараганда, мазкур танлов 1996 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинган. Таъкидлаш жоиз танловнинг аҳамияти жуда катта. Негаки бу рассомчиликка озгина бўлса-да, иқтидори ва истеъдоди бўлган Зулфизарга ўхшаган имконияти чекланган ёшларнинг меҳнатини юзага чиқаришга кўмак беради.
Келгусида танлаган соҳаси бўйича таълимни давом эттиришига ҳам замин яратади. Танловда жами ҳудудлардан 14 нафар иштирокчи ўз ижодий ишлари билан қатнашди.
Танловда 1- даражали диплом билан тақдирланган Зулфизар Халиловага омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Шароф Рашидов туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!