Жиззах вилоятининг туристик имкониятларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган "Олтин куз – 2019" агротуристик фестивалининг иккинчи куни Бахмал туманида давом этди.
Фестиваль иштирокчилари мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларидан бири бўлган Бахмал туманининг Ойқор қишлоғида бўлишди. Бу қишлоқ Моргузар тоғи этагида жойлашган боғ-роғлар қўйнидаги маскан. Кейинги йилларда табиий гўзаллик боғларнинг кенгайиши, янги-янги замонавий иншоотлар қурилиши, қишлоқнинг ободонлашуви билан янада ортди. Айниқса, кузнинг айни пишиқчилик кунлари мевалар ғарқ пишган боғларнинг таровати бошқача.
Қишлоқдаги “Агро натурал инвест” фермер хўжалиги боғида ўтказилган “Олма сайли” фестиваль доирасидаги кўнгилочар тадбирлардан бири бўлди. Фермер хўжалигининг 8 гектар боғида Бахмал олмаларининг 7 хил нави етиштирилаётир. Хўжалик ҳар йили ички бозордан ташқари, Туркия, Қозоғистон, Россия каби мамлакатларга олма экспорт қилади. Фермер хўжалиги ўзининг 50 тонналик музлаткичли омборига ҳам эга.
Фестиваль иштирокчилари боғда олма териб, ҳашарда қатнашди. Журналистлар, блогерлар қирмизи, олтиндек сап-сариқ олмаларни шохидан узиб олиш завқини туйди.
– Қишлоғимизда тўрт фасл ҳам кўркам ва гўзал, – деди “Агро натурал инвест” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Бобохон Исаев. – Агар туристик йўналишлар рўйхатига киритилса, хорижлик сайёҳларга ҳам ёқиши шубҳасиз. Бу қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлашда, оилалар фаровонлигини оширишда ҳам жуда яхши иш бўларди.
Бахмалликларнинг дастурхон безатиши ҳам ўзига хос. Ҳатто бир қишлоқники иккинчисига ўхшамайди. Ойқордаги миллий таомлар сайёҳлар учун қизиқ. Қишлоқнинг худди шундай ўзига ҳос урф-одатлари, удумлари, фольклор санъати ҳам фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль қатнашчилари Ўсмат шаҳарчаси этакларида ўтказилган улоқ-кўпкаридан катта завқ олди.
– Бизнинг кўрганларимиз, завқлантирган агротуристик иншоотлар хорижлик сайёҳлар учун ҳам жуда қизиқарли экани шубҳасиз, – деди “Экозаминтур” фирмаси раҳбари Ҳусниддин Ҳазратқулов. – Ўтган йили фирмамиз 1 минг 500 дан зиёд хорижлик сайёҳга хизмат кўрсатди. Шаҳарнинг сершовқин ҳаётидан зериккан одамлар айнан шундай табиий, оддий ва ўзига хос ҳаёт тарзига интилади. Ушбу агротуристик фестиваль биз учун жуда фойдали бўлди.
Жиззахда “Олтин куз – 2019” республика агротуристик фестивали 8 ноябргача давом этади.
скачать dle 12.0