Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилояти ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати
13 ноябрь 2019 г 4 462 Комментарии: 0
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг тадбиркорларга мурожаати
Ҳурматли тадбиркорлар!
Ҳаммамизга аёнки, бугунги кунда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш” бўйича мамлакатимизда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Айнан, “Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши” этиб белгиланган.
Кейинги йилларда тадбиркорлик йўналишда Давлатимиз раҳбари томонидан 50 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги, мавжуд қонунчиликка кўплаб ўзгартиришлар киритилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базалари янгидан шакллантирилмоқда.
Эътиборли жиҳати эса, тадбиркорликка рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар кескин қисқартирилди.
Мавжуд қонунчилик соҳасидаги барча ислоҳотлар мамлакатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватланишига янада такомиллаштириш, турли бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф қилиш борасидаги чуқур ўйланган ташаббуслари ҳамда бераётган вазифа ва кўрсатмалари билан янада мукаммал аҳамият касб этмоқда.
Бугун тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш бор-йўғи 30 дақиқа ичида амалга оширилмоқда. Солиштириб кўринг: бу муддат икки йил аввал 48 соат эди.
Ҳозирда Давлат хизматлари марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига жами 78 турдаги (икки йил аввал 13 турдаги) давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорларга бир қатор қулайлик ҳамда имтиёзлар яратилди.
Жумдалан, 42 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди, 38 турдаги лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиби 17 турга бирлаштирилди, 25 турдаги лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ички расмийлаштириш тартибларини мақбуллаштириш эвазига қисқартирилди, 9 турдаги фаолиятни лицензиялаш тартиби лицензиялаш бўйича функциялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ташкил этилиши эса тадбиркорликни ривожлантиришга, уни қўллаб-қувватлашга муҳим замин яратди.
Бугунги кунда Жиззах вилоятида Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш вилоят, шаҳар ва туманлар қабулхоналари тўлиқ фаолият олиб бормоқда.
Ушбу қабулхоналар ҳузурида тадбикорларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик Кенгашларининг тузилиши эса тадбикорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансоларликнинг олдини олиш ҳамда бюрократик тўсиқларга барҳам беришдаги аҳамияти ортди.
Қабулхона тизимида ташкил этилган “business.gov.uz” ягона интерактив портали эса тадбикорлар мурожаатларини кўриб чиқишнинг электрон тизим орқали тезкорлик билан кўриб чиқиш имкониятини яратди.
Қабулхоналар ташкил этилган давр мобайнида “business.gov.uz” ягона интерактив порталига 2 минг 233 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 2 минг 72 таси ёки 92,8 фоизи бевосита мурожаат муаллифларининг иштирокида кўриб чиқилиб, ҳал этилган.
Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Муҳтарам Юртбошимиз томонидан тадбикорликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видоеселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш орқали эришиш мумкин”лиги ҳамда “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди” деган устувор ғоялар илгари сурилди.
Вилоятимиздаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни ҳам таҳлил қилганимизда тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган масалаларнинг аксарият қисми, яъни қилинган мурожаатларнинг 675 таси кредит, 431 таси ер майдони ажратиш, 106 таси инфразулма тармоқларига уланиш ва 830 таси бошқа масалалар эканлиги маълум бўлди.
Демак, бугун очиқ айтишим керак, тадбиркорликни янада ривожлантиришда барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам бера олганимиз йўқ. Баъзи маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари идоралари иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига етарли эътибор бермаяптилар. Айрим мансабдорларнинг бу ишга панжа орасидан қараб келаётгани ташаббускор юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хом-ашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия кучлилик қилмоқда. Энг пастки бўғинда ишловчи давлат идораларининг айрим ходимлари мавжуд қонунчиликни назар-писанд қилмай, очиқ айтишимиз керакки, таъмагирлик йўли билан муаммоларни ҳал қилишга атайин тўсиқ бўлишмоқда.
Ҳаммамизнинг олдимизда бир савол турибди: Янги 2020 йилда тадбиркорликни ривожлантириш борасида қандай ишларни амалга оширамиз?
Бошқача айтганда, тадбиркорлик келгуси йилда қандай ривожланади?
Бу саволларга энг аввало, вилоят раҳбари сифатида сизларнинг ҳузурингизда биргаликда жавоб беришимиз керак, деб ҳисоблайман.
Энг биринчи навбатда, ер ажратиш масаласида шуни айтиш мумкинки, бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ва бўш бино-иншоотларни ажратиб бериш очиқ-ошкор равишда, барча учун тенг шароитда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Муҳтарам Юртбошимиз видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек, кредит бериш тизими ҳам энди содда бўлади. Ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликка барҳам берилади. Чунки шаҳар ва туманлар банк филиалларининг кредит ажратишда мустақил қарор қабул қилиш бўйича ҳуқуқлари кенгайтирилди. Улар вилоят ва Республика Бош банкига хужжат юбормасдан кредит ажратиш ваколатига эга бўлди.
Маълумки, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш учун Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанк масъул этиб белгиланиб, уларга етарлича ресурслар ажратиб берилган.
Вилоятда 2020 йилда юқорида номлари келтирилган тижорат банклари томонидан ҳудудларда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳалар учун умумий ҳисобда 186 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида компенсация ва кафилликлар берилади.
Жумладан, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача, лекин 2,0 млрд. сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар, банклар томонидан 8,0 млрд. сўмдан ошмайдиган ҳажмдаги ажратиладиган кредитлар бўйича компенсациялар берилади.
Эътиборлиси, компенсациялар энергия самарадорлиги юқори бўлган замонавий иссиқхоналар қуриш, узумчилик ва боғдорчилик, шу жумладан, интенсив боғларни ривожлантириш йўналишларига йўналтирилиши кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалигида янги йўналиш сифатида бугун пахтачиликда синовдан муваффақиятли ўтган кластер тизими бошқа тармоқларга ҳам жорий этилади. Хусусан, вилоятда 2020 йилда 1 та агрокластер, 4 та пахтачилик, 1 та балиқчилик, 4 та чорвачилик ва 1 та уруғчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича кластерларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бунинг учун 15 минг 243 гектар ер майдонлари ажратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқ асосида ҳар бир ҳудуд хусусияти, салоҳияти, ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ишлари олиб борилади.
Агарда Сизда мазкур йўналишларда тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш истаги уйғонган бўлса, марҳамат, биз Сизни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Шахсан мен вилоят ҳокими сифатида ҳар бир лойиҳа назоратим остида бўлишини таъминлайман. Сизнинг лойиҳангиз вилоятимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.
Азиз тадбиркорлар бир нарсани англашимиз керак, Сиз туфайли ҳудудимизда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.
Бундан ташқари, янги ислоҳотлар даврида вилоятимиз ҳудудида Муҳтарам Юртбошимиз қарорларига асосан ташкил этилган “Жиззах” ва “Зомин-Фарм” эркин иқтисодий зоналарида тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, хусусан, ишлаб чиқариш ҳудудигача муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда бошқа преференциялар юртдошларимиз ва хорижий сармоядорларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада рағбатлантирмоқда.
Айниқса, Президентимизнинг Жиззах вилоятига жорий йил январь ойидаги ташрифи давомида “Жиззах” эркин иқтисодий зонасини Шароф Рашидов, Зомин, Пахтакор ва Арнасой туманларининг саноат учун қулай, зарур инфраструктурага эга бўлган ерлар ҳисобидан 182 гектарга ер ҳисобига кенгайтириш бўйича берган топшириқлари мазкур ҳудудларимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда янги имкониятлар яратди.
Қолаверса, ҳозирда вилоятда 10 та кичик саноат зоналари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг ҳудудида бугунги кунга қадар 170,4 млрд.сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган 35 та кичик корхона фаолият юритади.
Кичик саноат зоналарида ер участкалари ва бино-иншоотларини бериш, танлаш ва жойлаштириш аукционсиз ва тўловсиз танлов асосида ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш истаги бўлган ташаббускорларга вилоят эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарорига асосан 10 йилга узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади.
Бугун Сизга қилаётган мурожаатимдан кўзлаган мақсадим битта.
У ҳам бўлса вилоятимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, давлат органлари ва Сиз, тадбиркорлар ўртасида самарали мулоқот тизимини янада мустаҳкамлашдир.
Бунинг учун мен вилоят ҳокими сифатида вилоят сектор раҳбарлари, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва бошқа ваколатли идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш чораларини кўраман.
Фақат баҳамжиҳат ишласакгина олдимизда турган улкан вазифаларни амалга оширишимиз мумкин.
Ушбу ишларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган ҳар бир ҳоким, сектор раҳбари ва бошқа масъуллар қонун олдида жавоб беради. Чунки бугун биз ҳар бир тадбиркорга кўмакдош, елкадош ва мададкор бўлишимиз даркор.
Бундан буён тасдиқланган жадвал асосида вилоятнинг барча туманларида тадбикорлар билан учрашувлар ўтказамиз.
Ушбу учрашувларда юқорида айтиб ўтилган барча муаммолар бўйича ҳар бир тадбиркор билан шахсан учрашиб, муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрамиз. Ушбу учрашувларни ўтказиш муддати ва жойи тўғрисида барчаларингизга оммавий ахборот воситалари орқали хабар етказилади.
Эл-юртимиз тараққиёти йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга муваффақият тилайман.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!