» » Диний экстремизмнинг ғоявий илдизлари

Диний экстремизмнинг ғоявий илдизлари

19 ноябрь 2019 г 3 462 Комментарии: 0

Манбалар диний экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради.

Шундай бўлсада, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаганини қайд этиш лозим. Зеро, ҳозирда диний экстремизм ва терроризм глобал характерга эга бўлиб, дунёнинг барча мамлакатлари ҳамда минтақаларига бирдек хавф солмоқда.

Шундай экан, унинг олдини олиш, унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланганини эътироф этиш жоиз. Мазкур йўналишда кишилик жамияти олдида комплекс вазифалар долзарб бўлиб турибди. 

Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги кунда аҳоли, айниқса, ёшлар, турли соҳа вакиллари орасида тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, диний мутаассибликнинг моҳияти, тарихи, замонавий кўринишлари, ғоявий-ақидавий асосларини таҳлил қилиш устувор вазифаларидан бири саналади.

Маълумки, эзгулик дини бўлган "Ислом” кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ, ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим.

Дин ниқоби остидаги экстремизм ва терроризм глобал таҳдидга айлангани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати динни сиёсийлаштириш воситасида ҳокимиятга интилиш, диндан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.

Экстремизм (лотинча – "ақл бовар қилмас даражада”, "ҳаддан ошиш”) жамиятда қабулқилинган қонун-қоидаларга зид бўлган, кескин радикал қарашлар ва ҳаракатларни англатади. Бундай ҳаракатларга диний тус бериш диний экстремизмга олиб келади.

Диний экстремизм - жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.

Ақидапарастлик (ақида - арабча – ишонч, бирор нарсани иккинчисига боғлаш) муайян шароитда, бирон-бир ғоя ёки тамойилга қатъий ишонч ва уни мутлақлаштириш асосида шаклланган қоида ва тартибларни ҳамда уларни шароит, ҳолат,вазиятни ҳисобга олмаган ҳолда, кўр-кўрона қўллаш ва уринишни англатади.

У муайян қонун ва қоидалар таъсир доирасини сунъий равишда кенгайтиришга уринишда ёрқин намоён бўлади. У ёки бу ҳодиса, қоида ёки тамойилни мутлақлаштиришга асосланган ёндашувни ижтимоий ҳаётнинг истаган соҳасидан топиш мумкин.

Диний ақидапарастлик ўз ақидасининг шак-шубҳасиз тўғрилигига ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда уларни тан олмаслик, дин асосларини бузишда айблашда намоён бўлади.

Бошқача айтганда, диний ақидапарастлик - сиёсий мақсадлар йўлида мавжуд ижтимоий муаммоларни илк, яъни у ёки бу дин пайдо бўлган пайтдаги арконлар асосида ҳал этишга интиладиган қараш ва ҳаракатлардан иборат.

Ақидапараст мафкурачиларнинг иддаоларига кўра:

- одамлар гўёки, яккахудоликка асло ширк келтирмайдиган «қутқарилган жамоа» (ақидапарастлар бу жамоага фақат ўзларини киритадилар) ва ислом душманлари - кофирлардан иборат;

- яҳудийлар, насронийлар, муртадлар (улар қаторига ҳатто қабрни зиёрат қилган, туғилган кунини нишонлаган, замонавий кийим кийган, милодий календардан фойдаланган, ноисломий цивилизация ютуқларини мақтаган, замонавий қонунларга бўйсинадиган ва шу каби амалларга риоя қиладиган мусулмонлар киритилади) ва мунофиқлар ислом душманлари саналади. «Қутқарилган жамоа» ғояларига қўшилмаган мусулмонлар ва ҳукуматлар ҳам гўёки, кофир ҳисобланади;

- ҳақиқий мусулмонлар яккахудоликни жорий қилиш учун кофирлар (улар қаторига мусулмон давлатлари ҳукуматлари ҳам киритилади) билан қилич (қурол) жиҳоди шаклида уруш олиб бориши фарздир.

Экстремистик ғоя ва ҳаракатлар барча динлар доирасида кузатилади. Хусусан, «ислом» экстремизми ўзининг икки хусусияти билан ажралиб туради: биринчиси – уларнинг ақидасига кўра, гўё барча ҳозирги замон мусулмон жамоалари исломий тусларини йўқотганлар. Бундай ёндашув мавжуд ҳукуматни ва у олиб бораётган сиёсатни кескин танқид қилиш учун «асос» бўлиб хизмат қилади.

Иккинчи хусусият – улар гўё фақат «ҳақиқий» мусулмонлар ҳокимиятга келгач, барпо бўлажак «исломий тартиб»ни ўрнатиш учун кескин ва агрессив ҳаракат қилиш зарур деб ҳисоблайдилар. Бундай ҳаракатнинг қонунга мувофиқлиги масаласи эса улар томонидан умуман ўртага қўйилмайди.

Ҳар қандай диний экстремизм каби «ислом» экстремизмининг «нозик» томони унинг «дин»га асосланганида, аниқроғи дин билан ниқобланганидадир.

Мустақил тадқиқотчи
Э.Исматов 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!