» » Бўстонга айланаётган “Гулистон” (видео)

Бўстонга айланаётган “Гулистон” (видео)

02 декабрь 2019 г 1 715 Комментарии: 0

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”. Юртбошимизнинг ушбу талаби аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг 8 январида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган Фармони Жиззах вилоятида, хусусан, 3-секторда қай тарзда ижро этилаётганлиги билан қизиқдик. Аниқроғи, Зомин тумани, Даштобод шаҳарчаси, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.

Маҳалла раисининг эътирофи...

 ­­—­ Ҳозирда маҳалламизда 415 хонадон бўлиб, 3030 киши истиқомат қилади, — дейди Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Тошбоев. — Шу йил “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида қишлоғимизда бир қатор эзгу юмушлар амалга оширилди. Кўриб турганингиздек, айни вақтда ҳам ишлар қизғин кетмоқда. 2200 метр сув қувурлари тортиб келинди. 1800 метр йўл асфальт қилиниб, 2100 метр йўлга шағал ётқизилди. Худди шундай, тез орада 4 та савдо дўкони, қассобхона, ветеринария аптекаси, 50 ўринли чойхона, новвойхона фаолияти йўлга қўйилади. Қисқаси, қишлоғимизда кўп ўзгаришлар бўлган, яхшиси, уларни ўзингиз кўринг.  

Маҳалла раиси ҳамроҳлигида ҳудуддаги 30- ўрта умумтаълим мактабида бўлдик. 600 ўринли ушбу таълим маскани яқинда таъмирдан чиқарилган. Бугунда мазкур муассасани иситиш ҳамда атрофини девор ва панжаралар билан ўраш чоралари кўрилаётир

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров раҳбарлигида Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 30-ўрта умумтаълим мактабида ҳокимлик, тумандаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Мулоқот давомида маиший хизмат кўрсатиш уйининг томини янгилаш, 700 метр йўлга асфальт ётқизиш, 2 та кўп қаватли уй қаршисида болалар майдончаси, тандирхона ва бошқа иншоотларни қуриш, кўчаларга ёритгичлар ўрнатиш масалалари кўтарилган эди.

Сайёр қабулдан сўнг...

Шу куниёқ масъул корхона ва ташкилотлар вакилларига ушбу муаммоларни ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилиб, маҳалла кўчаларига 1 минг 200 тонна шағал ётқизиш чоралари белгилаб олинди. Сайёр қабул доирасида аҳолига 110 та суюлтирилган газ баллонлари ҳамда 3 тонна кўмир тарқатилди.

— 3- сектор раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан бу ўзгаришлар янада жадал тус олмоқда, табиийки, бу халқимиз ҳаёти фаровонлигини юксалтиришга омил бўляпти. — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Тошбоев.  

Раис айтганча бор, маҳалланинг ат-Термизий кўчасида ярим тунгача шағал ётқизиш ишлари давом этди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров иш якунлангунга қадар шу жойда бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказди, ҳудуддаги вазиятни ўрганди.

— Анча йиллардан буён болаларимиз лой кечиб, мактабга қатнарди. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ўтган куни уюштирилган сайёр қабулда турмуш ўртоғим ушбу масалани кўтарган эди. Кўриб турганингиздек, кўчамизга шағал ётқизилмоқда. Ҳаммасидан болаларимиз хурсанд. Муаммоларимизни аритаётган ички ишлар бошқармаси бошлиғидан миннатдормиз, — дейди  Холида Умматова.

       

Куну тун штабда...

Ярим тунда ат-Термизий кўчасидаги ишлар охирига етказилди. Шундан сўнг генерал-майор Ғайрат Қодиров туманнинг Чилонзор маҳалласидаги муваққат штабга йўл олди. Ушбу 3-сектор штаби ҳудуд муаммоларини бартараф этиш мақсадида тузилган. Осмонни юлдузлар тўлдирган бўлса-да, бу ерда иш қайнади: Гулистон ва Чилонзор маҳаллаларида эрта қилинажак ишлар режаси белгилаб олинди.

Хуллас, биз ортга қайтдик. Штаб ишчи гуруҳи эса вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида Зомин туманининг Чилонзор маҳалласида қолди. Улар бу ерда сайёр қабулда кўтарилган масалалар тўла ечим топгунча бўлишади.

Абдуғаффор Абдураҳмонов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!