Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Халқ билан мулоқот”: генерал-майорнинг навбатдаги учрашуви “Ҳайробод”да ўтказилди (видео)
12 ноябрь 2019 г 1 462 Комментарии: 0
“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”.
Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу талаби юртимизда турмуш фаровонлигини ошириш, учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мазмундан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг Шароф Рашидов туманидаги “Ҳайробод” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказган сайёр қабули том маънода аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечим топишига сабаб бўлди, десак адашмаган бўламиз.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг сайёр қабулида ҳокимликлар, ҳудуддаги ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик муассасалари, ер-мулк кадастр, коммунал корхоналари, муассасалар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 17 январда “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллигидаги 3-секторда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг фуқаролар мавжуд камчиликлар, уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига мурожаат этишди.
Чунончи, “Ҳайробод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Абдулла Узоқов кўчасидаги башнийсидан тоза сув чиқмаётганлигидан норози эканлигини билдирди. Шу сабаб тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида мурожаат қилди. Бундан ташқари “Катта қишлоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Матлуба Эрматова ҳамда “Шариллоқ” маҳалласида яшовчи Гулнора Қодировалар ногиронлик арвачаси олишда ёрдам беришларини айтди. Бу икки мурожаатчининг сўровига мутасаддиларнинг ваъдалари олиниб, 10 кун ичида ижобий ҳал этилишига келишиб олинди.
Шунингдек, сайёр қабулда қиш яқинлашиб қолганлиги сабаб иситиш тизимларини созлаш, газ босимини ошириш, 25-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасини автомашина билан таъминлаш, бир қанча фуқароларнинг ер участкасига бўлган талабини қонуний доирада кўриб чиқилиши лозимлиги аниқланди. Айтиш жоизки, кўтарилган ҳар бир масала бўйича масъуллар бириктирилиб, ҳал қилиш муддатлари белгиланди.
Албатта, бундай тадбирлар халқимиз дуч келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида, тез ва самарали бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг аҳоли билан мулоқотлари секторларда белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!