Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Анорбой ЭШМАТОВ: Деҳқон ва фермерларнинг ғалабасини кўрдингизми?..
03 январь 2020 г 2 482 Комментарии: 0
ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИНИ ТИНГЛАБ...
Президентимизнинг Янги йил табригида халқимизга билдирилган эзгу тилаклар барча юртдошларимиз каби менинг ҳам дилимни нурафшон этди. Айниқса, табрикда давлатимиз раҳбарининг “Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирдилар” деб бизнинг меҳнатимизни алоҳида эътироф этгани қалбимда ғурур ва фахр туйғуларини ўйғотди.
Меҳнакаш инсонлар учун меҳнат эътиборга олиниши, эришган натижалар эътироф этилиши катта рағбат. Давлат раҳбарининг эътироф ва эътибори катта мукофотдир.
Табрикда эътироф этилганидек, мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан деҳқону миришкорларимиз салмоқли натижаларга эришдилар. Буни биз вилоятимиз қишлоқ хўжалиги меҳнатчиларининг, фермер ва томорқа ер эгаларининг эришган ютуқлари мисолида ҳам фахрланиб айтишимиз мумкин.
Президентимизнинг соҳани янада ривожлантиришга қаратилган тарихий қарор ва фармонлари, яратилган қулай шароитлар туфайли қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари изчил ривожланиш босқичига кирди. Ўтган йилда вилоятимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Айни пайтда вилоятда 7 минг 267 та фермер хўжалигида 43 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Жорий йил баҳордаги сурункали ёмғирлар экиш ишларига сезиларли таъсир кўрсатсада, пахтакорлар сидқидилдан меҳнат қилиб, давлатимиз хирмонига 190 минг тоннага яқин қимматбаҳо хом-ашё етказиб берилди.
Мавжуд пахта майдонларининг 30 фоизида кластер фаолияти йўлга қўйилди. 2020 йилда тўлиқ кластерларга берилиши кутилмоқда.
Ҳозир ғалла тўлиқ фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётир. Ўтган йили фермерларимиз давлат эҳтиёжлари учун дон сотиш шартномада белгиланган режадаги 257 минг 600 тонна ўрнига 328 минг 495 тонна ёки давлат буюртмаси 118,2 фоизга бажаришди. Бу ўтган йилга нисбатан 68 минг 206 тонна кўп демакдир.
Яқин ўтган йилларда фақат пахта ва ғалла етиштириб келинган ҳудудимизда ушбу маҳсулотлар билан бир қаторда, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик ҳамда узумчилик жадал ривожлантирилмоқда.
Фермер ва деҳқонларимиз, томорақа ер эгалари ўтган йили 43 минг 622 тонна картошка, 296 минг 821 тонна сабзавот, 163 минг 714 тонна полиз, 58 минг 926 тонна мева, 20 минг 234 тонна узум ҳосили етиштиришди.
Якунланган йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 4 та туманда 4 та агрокластерлар ва 7 та кооперациялар ташкил этилди. Уларга 695 та фермер, деҳқон хўжаликлари, 8 минг 120 гектар очиқ майдон, 4 минг 516 гектар боғ, 1 минг 30 гектар токзорлар бириктириб берилган.
Кейинги йилларда чорвачилик соҳасига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Фермерлар томонидан қўйчилик, эчкичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик шундай истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқлар фақат деҳқонларнинг ҳаётидаги ўзгаришгина эмас, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисмидир. Соҳадаги ўзгаришлар халқимизнинг фарвонлигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига олиб келаётир.
Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз ҳаётини яхшилаш учун олиб бораётган изчил сиёсатининг натижасидир. Бу йўлини қўллаб-қувватлаб, унга мададкор бўлсак, албатта, эзгу ниятларимиз амалга ошади.
Президентимиз табригида янги йилда барча йўналишларда мамлакатимиз олдимизда амалга ошириладиган улуғвор ишлар ҳақида эзгу ниятлар билдирилди. Бу эзгу ниятларнинг амалга ошишида, биз деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари ҳам камарбаста бўламиз.
Анорбой ЭШМАТОВ,
Ўзбекистон қаҳрамони,
Жиззах вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгашининг раиси.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!