» » Мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари ёшларни манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдир

Мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари ёшларни манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдир

16 январь 2020 г 1 640 Комментарии: 0

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 32 млн.дан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5% га яқин фуқаролар православ динига мансуб бўлиб, қолганларини бошқа конфессия вакилларини ташкил этади.   

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни  ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди.
Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда.

Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. 

 Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат. 

Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин!” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган.

Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир ИШИД таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган.

Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган сайъй-ҳаракатларни эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим.

Таҳдидларни олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, диндорларимиз хотиржамликда ибодатларини кўнгилдагидек адо этмоқдалар. Шу сабабдан юртимизга ғаламислик қилишга ҳаракат қилувчи, гўёки диндорларга тайзиқ қилинмоқда деган туҳмат тарқатаётган кимсаларнинг тегирмонига сув қўйиб қўймаслигимиз ҳам лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганларидек: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.

Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим. 

Мустақил тадқиқотчи 

Э.Исматов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!