Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Инсонлар ахлоқини яхшиламайдиган Миссионерликнинг мақсади нима?
21 январь 2020 г 1 183 Комментарии: 0
Асрлар давомида юртимизда меҳр-мурувват ва оқибат, эзгулик ва яхшилик, тинчлик ва дўстлик ғояларига асосланадиган, уларни тарғиб этадиган турли динларга эътиқод қиладиган кишилар ҳамкор ва ҳамжиҳат яшаб келган.
Хусусан, қадимдан диёримизда ислом, насронийлик, иудаизм каби динлар ёнма-ён мавжуд бўлиб келган. Йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагоглар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида келишмовчилик ва можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир.
Бугун ҳам мамлакатимизда турли хил динга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда, фуқароларимиз ўз диний амалларини эркин адо этиб келмоқдалар.
Диний ташкилотлар ўз фаолиятларини амалга оширишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда ўз ифодасини топган. Ана шу асослар мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, улуғ ва муштарак ғоялар йўлида ҳаракат қилиши учун имкон яратади.
Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш, демакдир. Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, бу ҳаракат христианлик Византия империясида давлат дини сифатида эълон қилинганидан эътиборан олиб борилади.
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси прозелитизмдир. Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириб, ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.
Миссионерлар мустақиллигимизнинг илк йиллари демократия ниқоби остида, расмий ташкилот сифатида жойларда ўнлаб ибодатхоналарини қуриб, юртимизни келгусида ҳар жиҳатдан нотинч қилишга қаратилган қора ишларини бошлашди. Лекин уларнинг бу фаолиятлари тез орада барҳам топди.
Албатта, бу ҳаракатлар маблағсиз, сиёсий қувватлаш ва ахборот кўмагисиз амалга ошмайди. Йирик миссионерлик ташкилотлари ва манфаатдор геосиёсий доиралар бу ҳаракат учун жуда катта пул тикишди. Чунки уларнинг кўзлаган натижалари сарф-харажатларини тез орада бир неча ўн, юз, ҳатто минг баробар қоплаб олиш эди.
Миссионерлар турли хил услублардан фойдаланиб, асосан яширинча иш олиб боришди. Улар диёримизга тил, компьютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш ёки хайрия ишлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар орасида кириб келишди. Илмга чанқоқ одамлар, табиий, бундай ўқув марказларига мурожаат қилишга шошдилар. Лекин ўқиш жараёнида баъзи «ўқитувчи»ларнинг қиёфалари тезда маълум бўлиб қолди.
Миссионерлар қимматбаҳо қоғозларда, жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет)ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгохлар ва айрим ишхоналарда тарқатишга ҳаракат қилишди. Афсуски, баъзилар турли сабаблар билан уларнинг тузоғига илинди.
Уларга бизни бошқа динга киритишдан кўра Исломдан чиқариш муҳимроқ эди. Чунки даъват қилаётган «дин» (секта)лари тўғри эмаслигини, Ислом билан ҳеч бир жиҳатдан беллаша олмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши билишади. Миссионерлар инсонлар ахлоқини яхшилаш билан шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, «дискотека»лар ташкил қилиб, ресторанлар очиб, «тунги кўнгилхушлик»лар уюштиришади.
Уларнинг бундан кўзлаган мақсадлари нима? Асосий масала айни шу нуқтада мужассам. Бу ерда мақсад – ғоя фақат сиёсийдир! Бугунча шунчаки беғуборгина хархаша ёки демократиянинг оддий бир тақозоси бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглари ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган?
Мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Оқибатда эса муҳим геосиёсий нуқтада жойлашган юртимизнинг моддий ва маънавий имкониятларидан эркин фойдаланиш.
Мана улар кўзлаган мақсад! Асл мақсадлари баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириб, келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бузғунчилик ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда мамлакатни парчалаб ташлаш.
Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп, миссионерларнинг бундай «жонкуярликлари, ғамхўрликлари» ортига «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «Виждон эркинлигини таъминлаш» номи остига беркитилган ҳийлалари яширинган.
Шундай экан, хушёр бўлишимиз, лоқайдликка берилмаслигимиз керак бўлади, чунки Ватан, миллат, имон-эътиқод муқаддас тушунчалардир. Уни хеч нарсага алмаштириб бўлмайди.
Мустақил тадқиқотчи
Э.Исматов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!