Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоят ҳокими фаол аёллар билан учрашди
31 январь 2020 г 2 171 Комментарии: 0
Жиззах политехника институтида "Хотин-қизларнинг фаоллиги - жамият ривожининг муҳим омили" мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда шаҳар ва туманларнинг хотин-қизлар қўмиталари раислари, тадбиркор аёллар, педагоглар, ташаббускор талаба қизлар, "Зулфия" номидаги давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими, сенатор Эргаш Салиев 2019 йил давомида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар, ҳал этилиши лозим бўган муаммолар ҳақида батафсил тўхталди.
Давлат дастури доирасида вазифасини жонкуярлик билан адо этганларга алоҳида миннатдорчилик билдириб, масъулиятсизликка йўл қўйганларни танқид қилди. Жумладан, хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони камайишига эришилган бўлсада, аслида бундай ҳолатнинг ҳатто бир фоизи ҳам ўзбек аёлига ярашмаслигини айтди. Момоларимиз тарихнинг энг мушкул даврларида ҳам ер юзини титратган шафқатсизликка меҳр-маърифати билан жавоб қайтара олганлиги, ҳатто душман фарзандини инсонпарвар этиб тарбиялаш учун бағрига босганлигини алоҳида таъкидлади.
- Эришилган ютуқлар ўз йўлига, бироқ камчиликларни бартараф этиш олдимиздаги муҳим вазифадир, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, сенатор Назира Мухторова. - Бугунги учрашувнинг асосий мақсади ҳам шунда. Кредит ажратилган, моддий ёрдам берилган, уй-жой ва иш билан таъминланган, саломатлиги тикланиб, беғараз ёрдам кўрсатилганларни айтиб, рақамлар билан қанчалик маҳтанмайлик ҳали ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам тўлиқ қамраб олинмади. 2020 йилда ижтимоий фаол аёллар сонининг оширилиши кўзланган мақсадга эришишда катта аҳамиятга эга.
Тадбирда "Ўзбекистон аёлларининг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси" танловининг 25 нафар қатнашчилари эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, ҳудудлардаги 302 нафар маҳалла мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг "Жаҳолатга қарши маърифат" номли ўқув-қўлланмалари топширилди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!