Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Аёллар: Э.Боситхонова ва Т.Худойбергенов олдида берган ваъдасини Зомин ҳокими бажармаяпти” номли хабарга расмий муносабат
07 март 2020 г 1 618 Комментарии: 0
2020 йил 3 март куни ижтимоий тармоқларда Зомин тумани “Халқабод” МФЙ Чаманзор кўчаси 1-уй 2-хонадонда яшовчи Ҳайитгул Алтмишеванинг уй-жой олиш бўйича ва иш билан таъминлаш борасида Зомин тумани ҳокими берган ваъдасини бажармаётганлиги тўғрисидаги ҳамда “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи Дилноза Маматқулованинг яшаб турган уйини таъмирлаш учун ёрдам сўраганлиги, мурожаати эса ҳал этилмаганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолат туман ҳокими А.Абдуғаниевнинг шахсан назоратига олиниб, батафсил ўрганилди. Ўрганишлар давомида қуйидагилар маълум бўлди.
Фуқаро Ҳайтгул Алтмишева 2019 йил 7 декабрь куни Хотин-қизлар қўмитаси собиқ раиси Элмира Боситхонованинг ҳамда 2019 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худойбергеновнинг Зомин туманида ўтказилган сайёр қабулларида иштирок этган ва уй-жойга муҳтожлигини айтган.
Қабул давомида, Президент маслаҳатчиси томонидан фуқаро Ҳ.Алтмишевага янги қурилаётган арзон уйлардан бири ажратилишини ҳамда ушбу уйнинг бошланғич тўлови туман ҳокимлиги ҳисобидан тўлаб берилишини билдирган.
Бугунги кунда, Ҳ.Алтмишева Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худойбергенов топшириғига асосан туман ҳокимлиги томонидан арзон уй-жойлар ажратилиши бўйича ижтимоий ёрдамга муҳтож ва оғир турмуш шаройитида яшовчи хотин-қизлар рўйхатига киритилган. Лекин, ҳозирда Зомин тумани ҳудудида бунёд этилиши режалаштирилган янги арзон уй-жойлар қурилииши вақтинча тўхтатилган.
Зомин тумани ҳокимлиги кейинчалик туманда қурилиши режалаштирилган арзон уй-жойлар битганидан сўнг, улардан бири фуқаро Ҳ.Алтмишевага ажратилиши ва уйнинг бошланғич тўлови туман ҳокимлиги томонидан тўлаб берилишини кафолатлайди ва бу борадаги берилган ваъда бўлиб ўтган сайёр қабул баённомасига киритилганлигини маълум қилади.
Шунингдек, тармоқларда тарқалган хабарда фуқаро Ҳ.Алтмишева “Менга 2020 йилда уй-жой бериладиганлар рўйхатига исмингиз киритилди, дейишди. Лекин, 2 ойдан бери қўлимга бирорта қоғоз беришмади”, дея норозилик билдирган. Бунинг сабаби эса, фуқаро Ҳ.Алтмишева уй-жой олувчи хотин-қизлар рўйхатига киритилган бўлса-да, бугунги кунга қадар туман ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан сўралган зарур ҳужжатларни тақдим этмай келаётганлигида.
Шунингдек, яна Ҳ.Алтмишева ишга жойлашиш борасида туман ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилганлигини, лекин бу борада ҳам бирор бир натижа бўлмаганлигини билдирган.
Бугунги кунда, Ҳ.Алтмишеванинг ногиронлиги ҳисобга олиниб туман ҳокимлиги ва маҳалла томонидан доимий тарзда ёрдам пуллари ажратилиб келинмоқда. Хусусан, фуқаро Ҳ.Алтмишевага туман ҳокимлиги томонидан 2019 йилнинг 15 январида 2,5 млн. сўм ҳамда 2019 йилнинг 13 февралида 4 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилган. Шунингдек, “Халқоб” МФЙ томонидан 2018 йилнинг август ойидан буён бугунги кунга қадар кам таъминланган оилалар учун бериладиган моддий ёрдам пуллари мунтазам равишда бериб келинмоқда. Ҳ.Олтмишева 2018 йил тумандаги бир гуруҳ хотин-қизлар билан биргаликда Самарқанд шаҳрига саёҳатга юборилган, ҳаражаталар тўлиқ Зомин тумани ҳокимлиги томонидан тўлаб берилган. 2019 йил июль ойида эса, туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан Ҳ.Алтмишеванинг ошхонасига 8 кв.м ҳажмда пол ётқизилиб, ошхона анжомлари учун жавон олиб берилган. Шунингдек, тумандаги “Trust electronics” МЧЖ томонидан йил давомида, байрамлар муносабати билан 300.000 сўм миқдорида моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этиб келинмоқда. Зомин тумани ҳокимининг 2020 йил 8 январь куни “Trust electronics” МЧЖга йўллаган 02-005-сонли хатига асосан Ҳ.Алтмишева Наврўз байрамида бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, туман ҳокимлиги томонидан Ҳ.Алтмишеванинг қизи Алтмишева Мухлисанинг Ёшлар иттифоқи Зомин тумани кенгаши томонидан йўлга қўйилган фан тўгаракларига бепул бориши таъминланган. Ҳозирги кунда Мухлиса Алтмишева “Ментал арифметика” фан тўгараги ўқувчиси ҳисобланади.
Хабарда келтирилганидек ҳозирда Ҳ.Алтмишева ишсиз эмас. Туман ҳокими А.Абдуғаниев ташаббуси билан Ҳ.Алтмишева Зомин тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг 2020 йилнинг 6 январидаги 2/1-сонли буруғига асосан “чиқиндиларни қўлда йиғувчи” вазифасига ишга қабул қилинган ҳамда “Халқобод” МФЙ томонидан Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан тузилган шартномага асосан доимий равишда жамоат ишларига жалб қилиниб келинмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарнинг иккинчи қисмида Зомин тумани “Ш.Рашидов” МФЙда яшайдиган биринчи гуруҳ ногирони, 38 яшар Дилноза Маматқулованинг мурожаати келтирилган.
Ҳақиқатдан ҳам Д.Маматқулова шу йилнинг 29 февраль куни Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниевнинг қабулида бўлиб, яшаб турган уйини таъмирлашда амалий ёрдам сўраган. Туман ҳокими А.Абдуғаниев Д.Маматқулованинг мурожаатини тинглаб, мурожаат 2020 йил 29 февральдаги қабул баённомасига киритилганини, унинг мурожаати тегишли ишчи гуруҳ томонидан бориб ўрганилгандан сўнг, муаммо ижобий ҳал этилиши тушунтирган.
Шунингдек, хабарда фуқаро Д.Маматқулова бир неча йилдан буён чала битган уйини битириш учун туман ҳокимлигидан ёрдам сўраётганлигини, лекин ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмай келинаётганлигини айтган.
Ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, фуқаро Д.Маматқулова яшаб турган хонадонини том қисмини ёпишга ёрдам сўраб 2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Ушбу мурожаати Зомин тумани ҳокимлиги томонидан қаноатлантирилиб, Д.Маматқуловага 40 дона шифер ва 20 дона страпела етказиб берилган. Бундан ташқари, 2018 йилда туман ҳокимлигига қилган мурожаатидан кейин Д.Маматқулованинг яшаб турган уйи ховлисига 36 мт3 миқдорида шағал тўкиб берилган.
Шунингдек, Д.Маматқулова Жиззах вилояти ҳокимининг 2019 йил 27 апрелда Зомин туманида бўлиб ўтган сайёр қабулида иштирок этиб, вилоят ҳокимидан “Ш.Рашидов” МФЙдаги яшаб турган уй-жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам сўраган. Д.Маматқулованинг ушбу мурожаати ҳам қаноатлантирилиб, Зомин тумани кадастр бошқармаси мутахассислари томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилган.
Д.Маматқулованинг навбатдаги, 2020 йилнинг 29 февраль куни Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниевга қилган мурожаати ҳам тегишли тартибда рўйхатга олинган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганилгандан сўнг, қай тарзда ёрдам кўрсатиш масаласи ҳал этилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг 28-моддасида “Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади”, – дея қатий белгилаб ўтилган.
Фуқаро Д.Маматқулова 2020 йилнинг 29 февраль куни туман ҳокими қабулида бўлиб, ҳали ўзининг мурожаати юзасидан ишчи гуруҳнинг ҳеч қандай хулосаси билан танишмасдан, мурожаат муддати келишини кутмасиданоқ, яъни, 2 март куни ўзини гўёки мурожаат натижасидан норози фуқаро сифатида ижтимоий тармоқларда кўрстаган.
Зомин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!