» » Жиззахликлар кафтдек ердан салмоқли даромад оляпти

Жиззахликлар кафтдек ердан салмоқли даромад оляпти

05 май 2020 г 1 309 Комментарии: 0

Ҳозир айни экин-тикин мавсуми.

Шу боис фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ердан самарали фойдаланиш лозим. Бу эса аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўзбек халқи азалдан ерга муҳаббат қўйиб,  томорқадан унумли фойдаланиб келган.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлишди.

Дастлаб халқ вакиллари Янгиобод туманида пандемия даврида Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ҳамда видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган муҳим вазифаларнинг ижроси билан танишди.  

Мулоқотлар давомида вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш лозимлиги таъкидланди. Халқимиз орасида томорқасидан юқори ҳосил олаётган омилкорлар тажрибасини оммалаштириш, томорқаларда бозорбоп экинлар экилишини ташкил этиш ва  ердан йилига 2-3 маротаба  ҳосил олиш зарурлиги қайд этилди.

Тумандаги “Янгиобод” МФЙ ҳудудида жойлашган “Муллажонов Ўткиржон” ишлаб чиқариш кооперативида 70 нафар ишсиз фуқаро жалб қилинган. Ҳар бир кооператив аъзосига 0,5 сотихдан ер майдони ажратилиб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 156,1 млн. сўмлик маблағ ўтказиб берилган ва гилос кўчати экиш ишлари амалга оширилган.

Халқ вакиллари мазкур учрашувлари чоғида 35 гектар майдонда ташкил этилган “Муллажонов Ўткиржон” ишлаб чиқариш кооперативида ҳам бўлиб, бу ерда барпо этилган янги интенсив боғ билан танишди.

Шунингдек, ташриф давомида “Истиқлол баҳори” томорқа хизмати МЧЖ томонидан 60 сотих майдонда қурилган замонавий иссиқхонада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва томорқа экинларини ҳам кўздан кечирди.   

Шароф Рашидов туманидаги аҳоли томорқасига ишлов бериш учун туман ҳокимлиги томонидан 40 та мотокультиватор олиб келинган. Айни пайтда 120 нафар ёшлар тумандаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги депутатларнинг навбатдаги манзили Ш.Рашидов тумани “Янгиобод” МФЙ бўлди. Бу ерда улар аҳолининг томорқалардан  фойдаланиш ҳолатини ўргандилар.

Маҳаллада сабзавот экмаган хонадонни топиш мушкул. Миришкорлар бодринг, помидор, булғор қалампири, кўкат етиштиришда вилоятликларга намуна бўлиб келмоқда. Айниқса, “Туёқли” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қ.Мўминов,  Р.Исматов, М.Қўшмуродова,  М.Исмаилов, Ш.Маматқулов,  Ж.Муродов, Б.Жўраевлар томорқа ҳадисини олганлардан. 

Депутатлар ушбу хонадонларга кириб, бу ерда етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди. Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишларда белгиланган вазифалар ҳамда давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ҳақида маълумотлар берди.

Учрашувлар давомида фойдаланилмаётган томорқалар ҳам кўздан кечирилди. Бундай ерларга ишлов берилиб, керакли минерал ўғит, уруғ, кўчатлар келтирилди ва экин экишда кўмаклашилди. Энг муҳими, фуқароларга томорқачилик сир-асрорлари ўргатилиб, томорқа қўшимча даромад манбаи экани тушунтирилди.

  O‘zLiDeP Жиззах вилоят

                                                                                Кенгаши матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!