» » Жиззахда велотрек мажмуаси бунёд этилмоқда

Жиззахда велотрек мажмуаси бунёд этилмоқда

22 июнь 2020 г 1 462 Комментарии: 0

Кейинги йилларда Жиззах шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бугун шаҳримизнинг қайси ҳудудида бўлманг, катта ҳажмдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

—Жиззах яқин орада энг замонавий шаҳарлардан бирига айланса, ажабмас, — дейди тошкентлик дўстим Бахром Рустамов. — Чамаси, бир йиллар муқаддам шаҳрингизда бўлгандим. Шунча ўзгариш. Кенг кўчалар, замонавий турар жой бинолари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари, обод маҳаллалар шаҳрингиз кўркига кўрк қўшаяпти.

Дарвоқе, йўлингиз тушиб, шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасидан ўтиб қолсангиз, улкан бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Сон-саноқсиз техникалар ишлаётган кўчанинг чап томонида кўп қаватли уйларнинг пойдевори тикланаётган бўлса,ўнг томондаги "Сангзоркўл" ўрнида замонавий "Велотрек" мажмуаси бунёд этилаётир.

Жиззах шаҳрининг Сангзор, Алишер Навоий ва Ҳамид Олимжон маҳаллалари жойлашган ҳудудлар азалдан халқимиз орасида янги шаҳар (яъни, город) дея аталарди. Бугун бу ҳудуд ҳақиқатдан ҳам тамоман янгича қиёфа касб этаётир.

Шаҳримизни замонавий қайта қуриш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 сентябрдаги "Жиззах шаҳрининг 2030 йилгача бўлган давр учун бош режасини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Бугунги кунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг барчаси ана шу ҳужжатга асосан олиб борилаётир.

Ҳамид Олимжон маҳалласи ҳудудида жойлашган "Сангзоркўл" мажмуаси кейинги пайтда ҳамшаҳарларимиз эътиборидан четда қолганлигини барчамиз яхши биламиз. Йилига бир-икки тадбир ўтказиладиган мажмуа охир-оқибат кимсасиз хиёбонга айланганди. Бу ҳолни анчадан бери кузатаётган тадбиркор Акмал Аҳмедовнинг тинчи бузилди. Акмал бу жой замонавий "Велотрек" мажмуаси бунёд этиш учун жуда маъқул эканлигини, имконият берилса уни қуриш иштиёқи борлигини мутасаддиларга айтди.

Тадбиркорнинг ташаббуси шахсан вилоятимиз раҳбари Эргаш Салиев томонидан қўллаб-қувватланди. Унга "Сангзоркўл"нинг 4 гектарли майдони замонавий "Велотрек" мажмуаси бунёд этиш учун ноль қийматда берилди.

—Шаҳримизда "Велотрек" мажмуасибарпо этиш ғояси кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ, — дейди "Жиззах велопарк" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмал Аҳмедов. — Бу менинг бир неча йилги орзуим. Тўғрисини айтсам, Россия Федерациясининг Сочи шаҳридаги "Велотрек" мажмуасига ҳавасим кетганди. Қани энди, бизнинг шаҳримизда ҳам ана шундай мажмуа бўлса, дея ният қилардим. Ниҳоят орзуим рўёбга чиқадиган бўлди.

Умумий қиймати 500 минг АҚШ доллари бўлган ушбу мажмуани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг29 йиллиги арафасида битказиш режалаштирилган. Лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 3,2 гектар майдонда 2500 томошабинга мўлжалланган "Велотрек" мажмуасивелоспортнинг 4 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжаллаб бунёд этилаётир.

—Мажмуа Сочи шаҳридаги "Велотрек" мажмуаси лойиҳаси асосида қурилаяпти, — дейди Акмал Аҳмедов. — Қурилиш Украина, Бельгия ва Франциядан келган мутахассислар кўмаги билан амалга оширилади.Жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб берадиган спорт мажмуасида "Велотрек"нинг ВМХ йўналиши бўйича нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақалар ўтказиш имконияти пайдо бўлади.

Шуни таъкидлаш жоиз, велоспортнинг ВМХ йўналишиўтган асрнинг 70-йилларида мотокросс ривожланган АҚШда пайдо бўлган эди. Мотокроссга ишқибоз бўлган бир гуруҳ болалар ва ўсмирлар ўртасида спортнинг бу тури оммалашиб кетади. Халқаро олимпия қўмитаси ташаббуси билан 2008 йилда Пекинда ўтказилган ёзги олимпия ўйинлари таркибига киритилган велоспортнинг мазкур тури республикамизда ҳам жадал ривожланиб бораяпти.

—Мажмуаҳудудиҳамшаҳарларимизнинг дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган севимли масканларидан бирига айланади, — дейди А.Аҳмедов. — Мажмуа ёнидан 100 ўринли замонавий меҳмонхона, "Бизнес маркази" ва бошқа бир қатор маданий-маиший ва савдо хизмати кўрсатиш шохобчалари ўрин олади. "Сангзоркўл"нинг юқори қисмида дам олувчилар учун чўмилиш, сузиш ҳавзаси ва бошқа бир қатор иншоотлар қурилади.

Айни кунлардақурилиш жадаллик билан бораяпти. Мажмуа қурилишига ҳозирча 35 нафар инженер-техник ходим, 7 та замонавий техника жалб этилган. Иш аниқ режа асосида олиб борилмоқда.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!