» » Вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули Фориш туманида ўтказилди (видео)

Вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули Фориш туманида ўтказилди (видео)

28 август 2020 г 1 294 Комментарии: 0

Бугун вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг Фориш туманида аҳоли билан сайёр қабули ўтказилди.

Сайёр қабул Фориш тумани марказидаги тўлиқ капитал таъмирлашдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган Маданият марказида бўлиб ўтди.

Унда  вилоят ва туман корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ишчи гуруҳ  аъзолари иштирок этди. Сайёр қабул санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов кириш сўзи билан очди.

Сайёр қабулда вилоятимиз ҳокими Эргаш Салиев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллик байрами билан табриклади.

Вилоятимиз раҳбари ўз сўзи аввалида айни кунда вилоятда коранавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, вилоятда аҳолини камбағалликдан чиқариш ва иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида янги лойиҳалар ҳақида сўз юритди. 

Шундан сўнг тадбирда вилоятимиз раҳбари жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги масъулиятини янада ошириш масаласига тўхталиб ўтди.

Фуқароларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаслиги, уларнинг барча саволларига вилоят корхона, ташкилот, муассасаларнинг раҳбарлари очиқ-ойдин жавоб беришлари, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги вазифалар бажарилиши, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилишини айтди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг коммунал соҳа, бандликни таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, банк кредити, уй-жой учун ер ажратиш, уй-жойни кадастрдан ўтказиш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, мактабларга қўшимча бинолар қуриш, ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа масалалар билан боғлиқ мурожаатлари мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари иштирокида ўрганиб чиқилди.

Хусусан, Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Пасткўча қишлоғида яшовчи Аброр Турғунов ўз маҳалладошлари фикрини баён қилиб, шундай деди:

- Бизнинг Пасткўча ва Кўҳнабозор қишлоқлари туман марказига яқин масофада жойлашга бўлсада қишлоқлар аҳолиси битта-иккита булоқларни ҳисобга олмаганда тоза ичимлик сув билан таъминланмаган. Аҳоли узоқ масофалардан турли транспортларда ичимлик сув ташиб келиб ичади. Бундан ташқари ҳар иккала қишлоқлардаги ички йўллар таъмирланмаган. Маҳалла ҳудудидан ўтган Боғдон шаҳарчасидан Ятоқ қишлоғига олиб борувчи йўл ҳам бундан бир неча йил олдин сифатсиз асфалтлангани сабабли ремонт талаб бўлиб қолган. Мен шуларни сўраб маҳалламиз аҳолиси номидан сайёр қабулга келгандим. Менинг мурожаатим эътиборга олиниб, барча ишлар 2021 йил дастурига киритиладиган бўлди. Хурсандман.

«Қўлба» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қўлба қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Кенгаш Мирзақулов қишлоқдаги 12-умумтаълим мактаби ўйингоҳи бундан бир неча йиллар олдин уй-жой қуриш учун фуқарога берилгани, ушбу масала ҳамон тортишувга сабаб бўлаётганини ва мазкур масалани узил-кесил ҳал қилиб беришни сўради. Кўҳнабозор қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Алиддин Сорабеков қишлоқдаги 5-умумтаълим мактабига қўшимча бино қурилишида ёрдам сўраб мурожаат этди.

Сайёр қабулда барча мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов сўз олиб, фуқароларнинг мурожаатлари доим эътиборда эканини алоҳида таъкидлади.

Туман ҳокими Абдивали Мустанов сайёр қабулда иштирок этган барча вилоят ташкилотлари раҳбарларига миннатдорчилик изҳор қилди. 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!