Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистон Қаҳрамони Марат ЗОКИРОВ
29 сентябрь 2020 г 1 818 Комментарии: 0
Вилоят жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Шафқатсиз ўлим маориф фахрийси, жонкуяр устоз, Ўзбекистон Қаҳрамони Марат Зокировни 81 ёшида орамиздан олиб кетди.
Марат Зокиров 1939 йил Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманида таваллуд топди. У 1961 йили Самарқанд давлат университетини физика мутахассислиги бўйича тугаллаб, бир неча йил халқ таълими тизимида самарали хизмат қилди. Сўнгра 1981 йили Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига сиртдан ўқишга кириб, уни муваффақиятли тугатди. Узоқ йиллар ўзи туғилган қишлоқдаги 16-умумтаълим мактабида физика ва математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Кейинчалик сиёсий жиҳатдан чиниққан кадр Пахтакор туманидаги “Навбаҳор” хўжалигида партия ташкилотининг котиби сифатида самарали фаолият кўрсатди. 1984-1999 йилларда эса Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманидаги 36-умумтаълим мактабига раҳбарлик қилди. Марат Зокиров бош бўлган билим даргоҳи кўп ўтмай республиканинг таянч-намуна мактабларидан бирига айланди.
Устоз педагог 2007 йилдан бошлаб Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицейи директори вазифасида иш бошлади. Бу ерда у ёш авлодни Ватанимизга муносиб ўғил-қизлар қилиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди.
Марат Зокиров давлатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари учун муносиб тақдирланганди. Фидойи муаллим “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “I-даражали меҳнат фахрийси” ҳамда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонлари билан мукофотланган эди.
Таниқли мураббий ва устоз, халқ таълими тизимининг моҳир ташкилотчиларидан бири Марат Зокировнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Э.Салиев, Ф.Жўрақулов, Н.Мухторова,
П.Зиётов, А.Эшматов, Д.Садриддинова
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!