Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Вилоят ҳокимининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича яратилган тизим, нарх-навони барқарор сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида аҳолига мурожаати
23 октябрь 2020 г 1 169 Комментарии: 0
Ассалому алайкум азиз юртдошлар!
Маълумки, ҳозирги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидлаяпти.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини барқарор ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиғи, турмуш сифатини яхшилаш, миллий хавфсизлиги ва мамлакат мустақилигини барқарор сақлашнинг асосий йўналиши сафатида қаралмоқда.
Айниқса, бутун дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида бу соҳани ривожлантириш ҳар бир раҳбар олдида турган энг муҳим ва долзарб вазифа ҳисобланмоқда.
Коронавирус пандемияси барча мамлакатлар қатори, бизнинг ҳам иқтисодиётимизга ўзининг таъсирини кўрсатмасдан қолмади.
Хусусан, ташқи бозорлар билан экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишда маълум бир қийинчиликларни юзага келтирди.
Бу эса, ўз навбатида маҳсулотларимизни хорижий давлатларга экспорт қилиш, шунингдек аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга салбий таъсир кўрсатди.
Натижада, баъзи турдаги истеъмол товарлари нархларининг ошишига олиб келди.
Нарх барқарорлигини таъминлаш ва мониторинг қилиш бўйича давлат органлари томонидан қилинган таҳлилларга кўра, сентябрь ойининг бошига нисбатан нархларнинг ошишига бир нечта омиллар сабаб бўлган, мисол учун:
Кунгабоқар асосан Россия Федерациясидан импорт қилинади. Таҳлилларга кўра, Россияда жорий йилги ҳосил ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кам бўлиши кутилмоқда (2019 й -15,3 млн тн, 2020 й - 13,5 млн тн). Россия бозорида кунгабоқар ёғи нархи ўртача 30 фоизга ошган.
Бу эса, ўз навбатида маҳсулот нархларига таъсир этади.
Бугунги кунда, Республикада 40 дан ортиқ, вилоятимизда 9 та кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.
Россияда август ойининг бошида 1 кг шакарнинг нархи ўртача 29 рубльни (3 900 сўм) ташкил этган бўлса, бугунги кунда 39 рубльни (5 226 сўм) ташкил этмоқда (ўсиш 34 фоиз), яъни, шакар нархининг ошишига импорт шакарнинг нархи кўтарилиши сабаб бўлган.
Парранда озуқа базасининг асосий қисми буғдой, соя шроти ва маккажўхори хом ашёси нархлари йил бошидан ўртача 10 фоизга ошган. Масалан, соя шроти асосан импорт маҳсулот ҳисобланиб, йил бошида 1 кг нархи 0,47 долларни, бугунги кунда 0,51 долларни ташкил қилмоқда. Валюта курсининг йил бошидан 8,5 фоизга кўтарилиши ҳам импорт кунгабоқар ва соя шроти ҳамда бошқа озуқавий қўшимчалар нархининг ошишига таъсир қилган.
Қадрли Жиззахликлар!
Давлатимиз Раҳбари томонидан аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, нархлар барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада, бир неча маротаба йиғилишлар ўтказиб, биз сектор раҳбарларига алоҳида топшириқлар берди.
Шу нуқтаи назардан биз ҳам, келгуси йил май ойигача бўлган даврда вилоятимиз аҳолисини асосий 9 турдаги маҳсулотлар, яъни гўшт, тухум, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, ун, ўсимлик ёғи ва шакар билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш мақсадида, бир қатор чора-тадбирларни белгилаб олдик.
Биринчидан, 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида ички бозорни асосий турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминлаш мақсадида, уларни заҳирага жамғариш бўйича вилоят ҳокимининг 2020 йил 20 октябрдаги 303-сонли қарори қабул қилиниб, маҳсулотларни жамғариш ҳажмларини белгилаб олдик.
Унга кўра, жами 27,0 минг тонна маҳсулот, жумладан 16,0 минг тонна картошка, 6,0 минг тонна пиёз, 3,0 минг тонна сабзи, 2,0 минг тонна гуруч жамғариш белгиланган.
Бугунги кунда, ушбу жамғариладиган маҳсулотларни сақлаш учун 59 та 34,5 минг тонна маҳсулотларни сақлаш қувватига эга замонавий музлаткичли омборхоналар фаолият кўрсатмоқда.
Маҳсулот харид қилиш учун ҳудудий тайёрлов ташкилотларига захира қиладиган қишлок хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун банк кредити талаб этиладиган маблағлар бўйича тижорат банклари томонидан хужжатлар ўрганиб чиқилиб, кредит мабағлари ажратиб берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 октябрдаги 648-сон қарорига асосан Жиззах вилояти бўйича 2020-2021 йиллар қиш-бахор мавсумида ижтимоий соҳа муассасаларнинг эҳтиёжлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги махсулотлари жами 768 тонна маҳсулот, жумладан 451 тонна картошка, 138 тонна пиёз, 140 тонна сабзи, 40 тонна гуруч жамғариш белгиланган.
Ушбу маҳсулотларни сотиб олиш учун жами 2287 млн. сўм, шундан 1758 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари, 529 млн. сўм бюджетдан ташқари маблағлар ажратилган.
Шунингдек, қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ва мақсадли ишлатилишини ҳамда молиялаштириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида вилоят ишчи гуруҳини туздик ва тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини шахсан ўзим назоратга олдим.
Иккинчидан, куни кеча, алоҳида қарор билан маҳсулотлар захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш ишларини молиялаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туман ҳокимлари қошида Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этилди.
Ушбу жамғармани ташкил қилишдан мақсад, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва нархлар барқарорлигини таъминлашдан иборат.
Вилоятимиз аҳолисини 2021 йил май ойигача қадар 9 турдаги маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш учун тиббий меъёрлар асосида эҳтиёжни ҳисоб-китоб қилиб олинди.
Шу билан бирга, етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмларини ҳамда қайсиларини бошқа вилоятдан ёки импорт ҳисобидан қоплаймиз, шуни аниқлаштириб олдик.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилнинг май ойига қадар вилоят аҳолисининг картошкага 36,7 минг тонна, мол ва қўй гўштига 19,5 минг тонна, парранда гўштига 10,3 минг тонна, гуручга 6,8 минг тонна, ун маҳсулотига 56,7 минг тонна, шакарга 5,5 минг тонна, ўсимлик ёғига 6,3 минг тонна ва тухумга 143,7 млн. дона эҳтиёжи мавжуд.
Фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналаримиз томонидан жорий йилда етиштирилган картошка, сабзи, пиёз, тухум, буғдой маҳсулотлари ҳисобига ушбу эҳтиёжни тўлиқ қоплаймиз.
-Жорий йилда вилоятда 213,3 минг тонна сабзавот, 280 минг тонна полиз 69 минг тонна картошка,107 минг тонна мева ва 83,8 минг тонна дуккакли дон маҳсулотлари етиштирилади.
-2021 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида жами 2026 минг гектарга сабзавот экилади, шундан август-сентябрь ойларида 810 минг гектарга пиёз ва саримсоқпиёз экилди.
-Вилоятдаги 9 та пахта ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар 1 ойда 7,8 минг тонна, 6 ойда эса 46,8 минг тонна ўсимлик ва пахта ёғи ишлаб чиқариш қувватига эга ва аҳолининг эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди.
-Гуруч маҳсулотини Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан вилоятдаги 3 та дон корхонаси ва тайёрлов корхоналаримиз орқали аҳолига етказамиз. Шунингдек, хориждан арзон нархларда гуруч олиб келишни ҳам режалаштирганмиз.
Шунингдек, шакар маҳсулотига бўлган эҳтиёжни (5,5 минг тонна) тўла қондириш мақсадида, хориждан арзон нархларда шакар олиб келиш бўйича тадбиркорлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Вилоятимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун барча имкониятлар етарли.
Деҳқончиликда ҳар бир қарич ердан самарали ва унумли фойдалансак, сув тежовчи технологиялардан кўпроқ фойдалансак, юқори ҳосил олишга эришамиз.
Кластерларимиз томонидан етиштирилган маҳсулотни саноат усулида қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантирсак, саноат маҳсулотлари ҳажми кўпайиб, нархлар арзонлашувига эришамиз.
Бу борада, тадбиркорларимизга ҳар қандай ёрдамимизни аямаймиз, уларни қўллаб-қувватлаймиз.
Нархлар барқарорлигини таъминлаш ва назоратни ўрнатиш мақсадида,
-Бош прокуратура қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан доимий назорат ўрнатилади.
-Аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, шаҳарча, посёлка ва массивларда сектор раҳбарлари томонидан “яшил дўкон”лар ташкил этилади.
-Амалга ошириётган ишлар ҳақида сектор раҳбарлари ҳар ўн кунда аҳолига ҳисобот бериб боради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳурматли депутатлар вилоят ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 300-сонли қарорини тасдиқлаб беришингизни сўрайман.
Мен вилоят раҳбари сифатида авваламбор виждоним, фуқароларимиз ва ҳурматли Президентимиз олдида зиммамдаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, белгилаб олинган устувор вазифаларни сидқидилдан бажараман.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!