Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Вилоят ҳокимининг вилоят аҳлига янги йил табриги
31 декабрь 2020 г 1 911 Комментарии: 0
Азиз ва қадрли юртдошлар!
Шу қувончли лаҳзаларда Сиз азизларни Янги йил байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, тинчлик ва тотувлик тилайман!
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Янги йил байрами олдидан Олий Мажлис ва мамлакатимиз халқига йўллаган Мурожаатномасида 2020 йил якунлари атрофлича таҳлил этилди. Шу билан бирга 2021 йил учун устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мамлакатимизда "2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" — деб эълон қилинди!
2020 йилда бутун дунёга кенг тарқалган коронавирус пандемияси вилоятимиз учун ўзига хос синов йили бўлди.
Ер юзидаги глобал иқлим ўзгаришлари, минтақамиздаги экологик муаммолар, пандемия оқибатлари кўплаб жабҳаларда илгари кузатилмаган мураккаб вазиятларни келтириб чиқарди.
Аммо ўтган йилимизда ҳар қандай қийин вазиятлар ва муаммоли ҳолатлар кузатилишига қарамасдан ҳурматли Юртбошимизнинг оқилона сиёсати ҳамда матонатли халқимизнинг сабртоқати билан барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтмоқдамиз.
Вилоятимиз аҳлининг кайфияти Жиззах шаҳри ва барча туманларда бўлиб ўтаётган байрам тадбирлари ҳамда шодиёналарида яққол кўриниб турибди.
Таъбир жоиз бўлса, қийинчиликларга қарамасдан 2020 йилни муносиб тарзда кузатиб қўйганлигимизни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни хоҳлардим.
Пандемия бизга ҳар қандай қийин вазиятда ҳам энг тўғри йўлни танлашни ўргатди. Биз ўз иш услубимизни ва ёндошувларимизни мутлақо қайтадан кўриб чиқиб, 2021 йилга ҳам катта марраларни белгилаб олдик.
Вилоятимизда иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларида ўсишга эришилди.
Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари ишга туширилди, миришкор деҳқон ва фермерларимиз ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда пандемияга қарамасдан мўл ҳосил етиштирдилар.
2020 йил мобайнида вилоятимизда янги боғча ва мактаблар, шифохоналар, маданият масканлари бунёд этилди. Энг муҳими, буларнинг ҳаммаси вилоятимиз аҳлидаги ишончни, юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини, миллатимиз якдиллигини янада мустаҳкамлади.
Шу ўринда, мамлакатимиз тарихида илк бор халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сессияларида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларнинг амалга оширилиши юзасидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат килиши керак" шиори остида халққа мурожаатномалари йўлланганлиги ҳам халқимизнинг бошқарув органларига бўлган муносабатини тубдан ўзгартириб юборди.
Қадрли дўстлар!
2020 йилга юртимизда "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб ном берилган эди.
Давлат дастурига асосан вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иқтисодиётимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминловчи кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Хусусан, 2020 йилда барча жабҳаларда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларига эришилди.
Жумладан, йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 104,2 фоизга, саноат маҳсулотлари 105 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 102,7 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 105,8 фоизга, жами хизматларнинг ўсиш суръати эса 104,3 фоизга тенг бўлди.
Вилоят бўйича аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 12,7 млн. сўмни, аҳоли реал даромадлар ҳажми 9,1 млн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 112,1 фоизга тенг бўлди.
Вилоятимизда экспорт ҳажмини ошириш, янги маҳсулотлар билан жаҳон бозорига кириб бориш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Якунига етган йилда 125,4 млн. долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
2020 йилнинг ўзида 20 та янги экспортёр корхоналар ташкил этилиб, улар томонидан 26,1 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт географияси 3 та давлат яъни, Австрия, Вьетнам ва Молдова давлатлари ҳисобига кенгайди.
Азизлар!
Ўзингиз гувоҳ бўлиб турганингиздай қурилиш соҳасида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Жиззах шаҳрида 236 та ва барча туманларда 326 та, жами 562 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Вилоят марказида 236 хонадонли олтита етти қаватли арзон ҳамда 1278 та оилага мўлжалланган 20 та кўп қаватли тижорат уй-жойларининг қурилиши якунланиб, ободонлаштириш ишлари бажарилди.
Бундан ташқари, янги тартибга мувофиқ, Жиззах шаҳрида тадбиркорлар томонидан 4 та 16 қаватли 320 хона-донга мўлжалланган арзон монолит уйлар қурилиши олиб борилмоқда.
Инвестиция ва инқирозга қарши курашиш дастурларига 839,8 млрд. сўмлик жами 259 та объектларнинг киритилиши натижасида, 25 та мактаб, 19 та мактабгача таълим, 17 та соғлиқни сақлаш ва 198 та бошқа соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қатор қулайликлар яратилди. Хусусан, вилоятда 12 млрд. сўм маблағ ҳисобига 120 ўринли янги Эндокринология диспансери, 11,8 млрд. сўм маблағ эвазига 100 ўринли замонавий Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах филиали янги қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур марказлар зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин бу ютуқлар замирида бир нарса мужассам — халқ фаро-вонлиги, юрт ободлиги, қадриятларимиз абадийлиги ва давлатимизнинг халқаро ташкилот ҳамда тузилмаларида тенглар ичида тенг бўлишини таъминлаш каби эзгу ниятлар ўз аксини топгандир.
Ҳурматли юртдошлар!
Барча ютуқларимиз, ғалабаларимиз ижодкори ҳам, илҳомчиси ҳам бугуни ва эртасини меҳнатда деб билган халқимиздир. Дастурхонларимиз баракасини, хонадонларимиз кўркини, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлигини таъминлаётган қадоқ қўлли заҳматкаш халқимизни ҳар қанча улуғласак, шарафласак, ардоқласак ҳам кам.
Зеро, қучоқ очиб халқ ичига борсак, қувватимиз ошади, кучимизга куч қўшилади. Шунинг учун Янги йил байрамини ҳақиқий шодиёнага айлантириш учун барча имкониятларни ишга солдик.
Бозорлар, гузарларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилди. Кўча ва хиёбонлар байрамона безатилди, камалак рангини ўзида акс этган қўшимча ёритгичлар ўрнатилди.
Жиззах шаҳридаги Мустақиллик майдонига мамлакатимизда маҳобати бўйича энг катта ва гўзал арча ўрнатилиб, безатилди.
Унинг атрофида болажонларимизнинг қувноқ ўйинлар ташкил этиши, қўшиқ ва шеърлар айтиб, Қорбобо ва Қорқиздан совға олаётганини кўриб завқингиз келади.
Фарзандларимиз хурсандчилигига катталар ҳам қўшилиб кетаётгани, беихтиёр ўтмиш хотиралари, ўз болалиги даврига қайтганлиги Янги йил байрамининг ҳаммамиз учун нақадар қадри баланд эканлигидан дарак беради.
Қадрли вилоятимиз аҳли!
Ҳаммамиз эзгу орзу-умидлар билан Янги — 2021 йилга қадам қўйдик. Ўйлайманки, Сиз азизларнинг саъй-ҳаракатларингиз, қўллаб-қувватлашингиз, энг муҳими — юксак ишончингиз билан кириб келган янги йилда ҳам ўтган йилдагидан кўра салмоқлироқ натижаларга эришамиз.
Менинг ниятим, тилагим шуки, ҳар бир оила, ҳар бир инсон муродмақсадига етсин!
Барчангизга яна бир бор мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўриш насиб этсин!
Янги — 2021 йилнинг қадами жонажон Ўзбекистонимизга қутлуғ ва баракали келсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!