Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда “Jizzax-Turkiya EKSPO 2021” кўргазмаси ўтказилади
15 январь 2021 г 1 941 Комментарии: 0
Бугун Жиззах вилояти ҳокимлигига Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари Жемалиттин Тюней, Туркия Республикасидаги нуфузли телерадиоканалларидан ҳисобланган TRT телерадиоканали Ўзбекистондаги раҳбари Низам Шаҳин ва “Жиззах-Туркия ишбилармонлар уюшмаси”нинг ташаббускор гуруҳи раиси Абдуллаҳ Далбул ҳамда Туркия давлати ишбилармонлари ташриф буюришди.
Меҳмонлар билан вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Азим Ахмедхаджаевнинг учрашуви ўтказилди.
Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида саноат корхоналарини ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларини экспортга йўналтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ўсишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоятдаги хусусий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун кичик бизнес корхоналари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари, қурилиш материаллари, кийим-кечаклар каби кенг турдаги товарларни ишлаб чиқармоқда ва ташқи бозорларга экспорт қилмоқда.
Ҳудудда бундай ютуқлардан бири бўлиб, Ўзбекистон ва Туркия давлатларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ҳисобланади. Жумладан, 2019 йилда 3 лойиҳа доирасида 40.1 млн долларлик иш бажарилган бўлса, ўтган 2020 йилда 261 млн долларлик 36 лойиҳа амалга оширилди.
Юртимизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Жиззах-Туркия ишбилармонлар” уюшмаси вакили: “Биз савдо, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, техника ва технологиялар соҳасида узоқ муддатли алоқаларни ўрнатишга тайёрмиз” деб таъкидлаб ўтди.
“Жиззах-Туркия ишбилармонлар” уюшмасини ташкил этишдан мақсад, Туркиянинг йирик саноат корхоналари, қурилиш ташкилотлари, туризм фаолияти билан шуғулланувчи фирма ҳамда компаниялари билан вилоятда фаолият кўрсатаётган ва янгидан иш фаолиятини бошлаш истагида бўлган тадбиркорларни бир-бири билан боғлаб кўприк вазифасини бажаришдир.
Қолаверса, жамият вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлик даражасини ошириш, Туркия давлатининг турк ишбилармонлари инвестициясини кўпроқ киритишга қаратилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг май ойида хорижий давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг ишлаб чиқарилган маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш учун “Jizzax-Turkiya EKSPO 2021” кўргазмасини ўтказиш ва кўргазмада жамиятга аъзо бўлган Туркия давлатининг тадбиркорларининг фаол иштироки кўзда тутилган.
Шунингдек, Туркия Республикасининг TRT телерадиоканали вакилларининг ташрифи доирасида Жиззах вилоятида охирги 4 йил давомидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда инфратузилмалар бўйича олиб борилган ижобий ишларни Туркия давлатига намойиш этиш учун 45 дақиқалик кўрсатув тайёрланадиган бўлди.
Учрашув доирасида вилоят ҳокими Эргаш Салиев меҳмонларга қайтадан таъмирланиб фойдаланишга топширилган Жиззах вилоят анжуманлар саройи билан яқиндан таништирди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!