Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Президент борган ҳарбий қисмда 200 нафар жиззахлик ёшлар учун “Ёш ватанпарварлар йиғини” бошланди
26 январь 2021 г 1 606 Комментарии: 0
Жиззах вилояти ҳарбий маъмурий сектори ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони жорий йилнинг 11 январь куни ташриф буюрган Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмда “Ёш ватанпарварлар йиғини” лойиҳаси асосида 18-25 ёш атрофидаги 200 нафар ёшлар 10 кун муддатда жанговар, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда касбга йўналтириш бўйича машғулотларга жалб қилинади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган Жиззах вилоятида муқим иш жойига эга бўлмаган ёшлар ҳамда ички ишлар назоратида бўлган ёшлар рўйҳати шакллантирилди ва улардан икки юз нафари “Ёш ватанпарварлик йиғини”нинг иштирокчисига айланди.
Бу ерда ҳарбий фанлардан ташқари, йигитларни касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассислар томонидан турли мавзудаги тренинглар ўтказилади.
Жиззах вилоятидаги 12 та туман ва Жиззах шахридан ҳарбийликка қизиқиши юқори ва асосийси ўз истагига кўра келган ёшларга ҳарбий либослар берилди. Тиббий кўрикдан ўтказилди. Гуруҳларга бўлиб, ётоқхоналарга жойлаштирилди. Аскарлар ошхонасида овқатланиши учун озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилди.
“Ёш ватанпарварлар йиғини”нинг очилиш тантанасида Марказий ҳарбий округ қўмондони, Жиззах вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ёшларни тарбиялашда янгича тизим жорий этилгани ва айни дамда амалда эканлигини таъкидлади.
Йиғин якунида жисмоний ва ахлоқий-руҳий жиҳатдан яхши ва аъло кўрсаткичлар қайд этган 10 нафар ёшлар Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов буйруғига кўра, март-апрель ойларида бир ойлик хизматга, май ойидан эса шартнома асосидаги ҳарбий хизматга қабул қилинади.
Тантанали маросимда ёшлар қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш мақсадида намойиш этилган буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр жамоаларининг чиқишлари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган кўл жанги чиқишлари ёшлардаги қизиқишни янада оширди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 январь куни Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армия билан биргаликда ҳарбий маъмурий секторлари ҳам олдинги қаторларда бўлишини таъкидлаганди.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!