Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Бобур юрган йўллар: “Бобурнома” да таърифланган манзил Жиззах вилоятининг қаерида жойлашган?
15 февраль 2021 г 1 089 Комментарии: 0
Жиззах вилоятининг Зомин тумани Пшағар қишлоғидаги 58-мактабда бу кун ўзгача – улуғ шоир ҳаётига бевосита даҳлдорлик билан нишонланади.
Боиси буюк шоир шу қишлоқда бўлганини катта мамнуният билан ёзиб кетган. Шунинг учун пшағарликлар шоирнинг қишлоқларига берган таърифи билан фахрланади.
Тарих манбаларида Заҳриддин Муҳаммад Бобур темурийлар салтанати тахтининг вориси сифатида Самарқандни эгаллашга бир неча бор урингани маълум. Ана шундай юришларда у Андижондан Самарқандга, Самарқанддан Андижонга Жиззах орқали ўтган албатта. Бу ҳақда шоир ўзининг машҳур “Бобирнома” тарихий меъмуарининг “Вақои санаи сабъва тисъамиа” яъни 1501-1502 йилларга бағишланган бобида қуйидагиларни ёзган:
“Кеч намози дигар Илон Ўтида тушуб, от ўлтириб этини шишлаб, кабоб қилиб, отни лаҳза тиндириб отландук. Тонгдан бурунроқ Халилия кентига келиб туштук. Халилиядин Дизак келилди. Ул фурсатта Дизакта Хофиз Муҳаммадбек дўлтойнинг ўғли Тоҳир дўлтой эди. Семиз этлари ва майда этмаклари ширин, чучик қовунлар ва яхши узумлар фаравон. Андоқ усраттин мундоқ арзонлиқ ва андоқ бадияттин бундоқ омонлиққа келдук.
Ваҳму усраттин амоне топтук,
Янги жон, тоза жахоне топтук.
Ўлим дағдағаси хотирдан рафъ бўлиб, очлик шиддати элдан дафъ бўлди. Умрумизда бунча фароғат қилмайдур эдук. Муддатул умр амонлиғ ва арзонлиғ қадрини мунча билмайдур эрдук. Ишрат усратин сўнг, фароғат маишатин кейин лаззатлироқ ва яхшироқ кўринур. Тўрт-беш навбат ушмундоқ шиддаттин роҳатқа ва мақаққаттин фароғатға етуштук. Андин сўнг Ўратепа сари азимат қилдук. Пшағар бир нима йўлдан қисқароқтур, сун муддати анда бўлуб эрдим, ўтиб борурда, бориб ани сайр қилдим“.
Жангу жадаллар билан Самарқаддан Ўратепага ўтаётган Бобир бир муддат тўхтаб дам олиб ўтган Жиззах, Зомин, Пшағар “Бобирнома” битилганидек, олис ўтмшда ҳам “Семиз этлари ва майда этмаклари ширин, чучик қовунлар ва яхши узумлар фаравон”лиги билан машҳур бўлган қадимий маскан бўлган. Тарихий асрларда бу ерда Буюк Ипак йўли устидаги муҳим аҳамият касб этган йирик шаҳар бўлганлиги тилга олинади. Юнон тарихчилари эрамиздан олдинги 330 йилда Александр Макадонскийнинг Зоминга бостириб келгани ҳақида маълумотлар қолдиришган. Ўрта асрда араб тарихчилари томонидан ҳам Зомин тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган.
Номи узоқ тарихдан жой олган Пшағар бугун ҳам машҳур. Кўп асрлик тарихга эга машҳур “Пшағар бозори”га ҳар пайшанба республикамизнинг барча томонларидан сотувчилар, олувчилар келади. Давлатимиз томонидан тарихий, миллий қадриятларимизни тиклашга берилаётган эътибор туфайли қишлоқдаги «Хўжаи Сароб ота» зиёратгохи қайта қурилиб, археологик аҳамиятга эга бошқа иншоотларни ўрганиш, тиклаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилди.
Яхё Ғуломов номли республика археология институтининг қадамшунослари олиб борган қазиш ишлари, илмий изланишлар давомида қишлоқ яқинидаги Тўрткўлтепа оддий тепалик эмас, 9-12 асарларда Буюк ипак йўлидаги муҳим маданий, иқтисодий, стратегик иншоотнинг харобалари деган хулосага келишди. Бу ердан топилган томонлари 160 метр бўлган тўғри тўртбурчак шаклидаги археологик иншоот ҳажми жиҳатидан Марказий Осиё худудида топилган қадим карвонсаройларнинг энг йириги ҳисобланади.
Кейинги йилларда бу қишлоқдан топилган қадим иншоотлар қолдиқларига фақат мамлакатимиз олимлари эмас, олис Европа, хусусан, Франция археологилари ҳам катта қизиқиш билдиришмоқда.
Бундан тўрт-беш йил аввал топилмалар, илмий хулосалар, кексаларнинг фикрлари ҳисобга олиниб, меҳнат фахрийси марҳум Абдуғани Илашев, ўқитувчи Абдуғани Маматқулов каби ташаббускорларнинг саъи ҳаракати билан қишлоқда тарих-ўлкашунослик музейи барпо этилди. Хашар йўли билан майдони етмиш квадрат метрдан зиёдроқ музей биноси қурилиб, унга археологик қазиш ишлари давомида топилган, айрим хонадонларда сақланиб келинаётган тарихий аҳамиятга эга сапол, чинни, темир буюмлар, китоблар жами 500 дан зиёд экспонатлар қўйилган.
– Қишлоғимиз тарихи фақат бизнинг қишлоғимиз эмас, Ватанимиз тарихи, . – дейди қишлоқ мактаби директори Олим Азимов. – Ҳудуддаги “Хўжаи Сероб ота зиёратгохи”, Пшағар ғори каби диққатга сазавор табиат ва тарихий обидаларни кўриш учун нафақат республикамиздан балки хорижий мамлакатлардан ҳам сайёҳлар келишмоқда. Буюк шоҳ ва шоир Мирзо Бобурнинг қишлоғимизда бўлгани тарихимизнинг муҳим саҳифаларидан биридир. Шунинг учун ёшларимизни Бобир меросига қизиқтиришни Ватанимиз тарихини ўрганишданинг муҳим қисми деб биламиз.
“Бобурнома”да “...сун муддати анда бўлуб эрдим, ўтиб борурда, бориб ани сайр қилдим” деб қайд этилганидан, шоир бу ерда бир неча бор бўлгани англашилади. Демак, пшағарликларнинг фахрланганларича бор.
Аммо негадир, юртимиз, адабиётимиз тарихи билан боғлиқ бу муҳим нуқталар тарихчи олимларимиз, Бобир адабий меросини ўрганувчи тадқиқотчилар, адабиётшунослар эътиборидан четда қолиб келаётир. Ҳеч бўлмаса, шоир таваллудди кунларда республика ижодий ташкилотлар вакиллари, адабиётшунослар қишлоққа келишса, хаваскор тарихчиларнинг музейини кўришса, мактабга бориб, ўзини Бобурнинг ҳақиқий авлоди ҳисоблайдиган ўқувчилар билан учрашса, буни пшағарликлар тарихимизга, адабиётимизга катта ҳурмат белгиси, деб қабул қилади.
Ҳозирча қишлоқда одамлар кўнглидаги Бобурдан фахрланишдан бошқа улуғ шоирнинг бу ердаги изларини эслатувчи хеч нарса йўқ. Хеч бўлмаса қишлоқ музейга шоир билан боғлиқ нимадир қўйиш керак, дейшади пшағарликлар. Бироқ улар ҳаракат қилиб, ҳашар усулида барпо этган музейнинг ўзи ҳам ҳали давлат рўйҳатида йўқ. Рўйҳатда йўқми, демак иншоот йўқ дегани. “Хаваскорларнинг ўзбошимчалиги” сифатида бузиб ташланмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди.
Дунё танийдиган буюк шоирнинг олис бир қишлоқда ҳам кечкинагина ёдгорлиги бўлиши, одамлар у ҳақда кўпроқ билишлари хорижлик сайёҳлар учун ҳам қизиқарли-ку. Бугун Зоминни сайёхлик масканига айлантириш устида олиб борилаётган “оламшумул” лойиҳаларга пшағарликларнинг камтаргина орзусини ҳам қўшиб қўйилса ортиқчалик қилмас.
Т. БЕКНАЗАРОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!