Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги
21 март 2021 г 3 200 Комментарии: 0
Азиз юртдошлар! Қадрли меҳмонлар!
Аввало, Сизларни, сизларнинг тимсолингизда вилоятимиз аҳолисини юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган баҳор, яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўзи олам билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.
Ҳар йили Наврўз айёмини орзиқиб кутамиз. Чунки, энг қадимий, миллий бу байрамимиз тимсолида доим минг йиллар давомида сақланиб келаётган халқимизнинг безавол қадимий урф-одатлари, удумлари мужассамдир. Наврўз келиши билан тирик мавжудод уйғонади, баҳор нафаси жисмимизга куч-қувват бахш этади.
Баҳорги тенгкунликда гина ва аразлар, низо, адоватлар унутилади. Тансиқ таомларга тўла дастурхонлар атрофида Наврўз неъматлари, байрам қувончларини яқинларимиз, ёру биродар-ларимиз билан баҳам кўрамиз.
Энг муҳими, ушбу улуғ айёмда беморлар, муҳтож инсонларнинг кўнглини, руҳини кўтариш, савобталаб ишларни амалга ошириш — буларнинг барчаси халқимизнинг онгу шуурига сингиб кетган яхшилик ва эзгуликнинг ҳосиласидир.
Муҳтарам дўстлар!
Мураккаб пандемия шароитлари, табиий офатларга қарамасдан жонажон Ватанимизда ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан олиб борилган оқилона сиёсат натижасида барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилиб, юқори натижаларга эришилди.
Бу ҳақда сўз кетганда, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" давлат дастури асосида вилоятимиз шаҳар, қишлоқларида иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларида юқори ўсишга эришилганлигини, юқори технологияли замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари ишга туширилганлигини, миришкор деҳқонларимиз ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда пандемияга қарамасдан мўл ҳосил етиштирганликларини мамнуният билан таъкидлаб ўтамиз.
Хусусан, 2020 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 101,6 фоизга, саноат маҳсулотлари 107,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 101 фоизга, қурилиш 103,5 фоизга ва жами хизматлар 103,7 фоизга ўсишига эришилди.
Вилоятда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 12,5 млн. сўмни ташкил қилиб, аҳолини жон бошига реал даромадлари 10,5 млн. сўмни ташкил қилди.
Экспорт салоҳиятини ошириш, янги маҳсулотлар билан жаҳон бозорини забт этишда салмоқли ишлар бажарилди. Ўтган йили 124,1 млн. долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижий мамлакатларга етказиб берилди.
2020 йилнинг ўзида 20 та янги экспорт қилувчи корхоналар ташкил этилиб, улар томонидан 26,1 млн. долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу билан қўшимча ташқи бозорга — Австрия, Вьетнам ва Молдова давлатларига кириб бордик.
Қурилиш соҳасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жиззах шаҳрида 236 та ва туманларда 326 та, жами 562 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Азиз дўстлар!
Шу ўринда бир нарсага алоҳида тўхтаб ўтиш лозим. Наврўз хосиятига кўра, йил бошида янги режалар тузиб олинади. Келажак ишларимизнинг бароридан келиши учун қутлуғ айёмда эзгу ниятлар қиламиз. Бир сўз билан айтганда, Наврўз халқнинг дуоси билан белни маҳкам боғлаб, келажакка қадам қўядиган муборак кундир.
Бинобарин шундай экан, вилоятимиз аҳолисининг турмуш даража-сини янада яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш борасида режалаштирган тадбирларимиз ҳақида сўз юритишимиз мақсадга мувофиқдир.
Келажак авлод ва унинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтириши дунё тажрибасидан маълум.
Шундан келиб чиқиб, ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан жорий йилга мамлакатимизда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб ном берилганлиги бежиз эмас, албатта.
"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилда вилоятимизда амалга оширилиши белгиланган энг муҳим вазифаларни белгилаб олганмиз.
Хусусан, 2021 йил давомида мактабгача таълим тизимига 12 330 нафар болаларни қўшимча қамраб олиш ва қамров даражасини 75 фоизга етказиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, жорий йилда 170 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, 174 та қисқа муддатли мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари очилади. Таълим сифати паст, моддий-техника таъминоти етарли бўлмаган 13 та умумтаълим мактаблари намунали мактабларга айлантирилади.
Вилоятимизда жорий ўқув йилидан бошлаб Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 5 та мактаблар ўз фаолиятини бошлайди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида йил давомида 2 мингдан ортиқ оммавий спорт мусобақалари, 20 та тур бўйича вилоят биринчилиги ўтказилади.
Маҳаллалараро оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Аҳолининг спорт билан қамраб олиш даражаси 30 фоизга етказилади.
Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида 8 та оилавий шифокорлик пункти, 1 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ишга туширилади. Кейинги икки йил мобайнида эса 17 та оилавий шифокорлик пункти ва 2 та оилавий поликлиникалар ташкил этилади.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим асосида ишлар бошлаб юборилган. Барча сектор раҳбарлари ҳар ҳафта камида икки кун уюшмаган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганади.
Энг аввало, фарзандларимиз бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. "Ёшлар: 1+1" дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган йигит-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитиш йўлга қўйилади.
Ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишини уйғотиш, ишбилармонлик жозибадорлигини ошириш мақсадида шаҳар ва туманларда "Ёшлар кичик саноат зоналари" барпо этилади.
Аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда маблағ ажратилади. Бунинг учун "Халқ банки" томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилиб, 6 557 нафар хотин-қизларга 183,4 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
2021 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,9 трлн. сўм бўлган 372 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Жорий йилда жами 69 700 нафар ишсизлар ишга жойлаштирилса, шундан фақат инвестиция лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 5 946 нафар ишсиз фуқароларимиз иш билан таъминланади.
Маҳаллаларда кичик саноат зоналари ташкил этилиб, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва Ёшлар дафтари"га киритилган вақтинча ишламаётган фуқароларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Вилоятда хорижий инвестиция жозибадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратилади. Жами 300 млн. доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ҳисобига лойиҳаларни ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги 693,1 млрд. сўмлик 60 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 68 миллион долларлик импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш таъминланади.
Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий инфратузилма объектлари ҳолатини яхшилаш бўйича жорий йилда инвестиция дастурига мувофиқ 115 та объектда 749,3 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.
Хусусан, 13 та мактаб, 10 та мактабгача таълим, 6 та соғлиқни сақлаш, 4 та спорт ва 2 та маданият муассасалари, 22 та ирригация, 9 та мелиорация ва 41 та бошқа объектлар ҳолати яхшиланади.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Бугун катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқ-дасиз. Сизларга "йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, меҳнатларингиздан барака топинг!", дея эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
2021 йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик асосий вазифамиз бўлади.
Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади.
Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик зарур.
Бу борада зарур озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва захирага жамғариш асосида уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, жорий йилда вилоят аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш мақсадида 69 788 гектар экин ер майдонларига, шундан 19 минг 720 гектар асосий, 47 332 гектар такрорий ҳамда 2736 гектар оралиқ майдонларга қишлоқ хўжалиги экинлари экилади.
Эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган 1228 гектар ҳамда 2736 минг гектар боғ ва ток қатор ораларида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади.
Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида мавжуд 178 609 та аҳоли хонадонларидаги 20,3 минг гектар томорқа ерларининг 2,6 минг гектарига тўқсонбости, 17,6 минг гектарига эртаки ва 10,1 минг гектарига ўртаки экиш ташкил этилади.
Жорий йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги йўналишида жами қиймати 4 трлн. сўмлик 455 та лойиҳалар амалга оширилади. Ҳар йилгидан фарқли равишда 61 448 гектар экинзорларда шундан, 27 690 гектар пахта майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Жами 80,2 минг гектар пахта майдонларининг 32,2 минг гектари ёки 40 фоизи сув тежовчи технологиялар орқали суғорилишига эришилади.
Йилдан-йилга пахта хом ашёсини теришда механизация даражаси ошиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда 4,4 фоиз, 2020 йилда 35,2 фоиз пахта майдонлари пахта териш машиналари орқали терилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалигида янги лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси, 15 та 14,2 минг тонна қувватга эга музлаткичли омборхоналар ва 116 гектар майдонда иссиқхоналарни барпо этамиз.
Шунингдек, ушбу майдонлар ҳисобига йилига 521,5 минг тонна қўшимча маҳсулот етиштирилиб, экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириш имкониятлари яратилади.
Қадрли юртдошлар!
Бугун амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишла-ри, халқимизнинг келажакка ишончи, фарзандларимизнинг кўзидаги интилиш ва иштиёқ учқунлари ҳар бир юртдошимиз қалбини қувончга тўлдиради.
Шундай шукуҳли лаҳзаларда осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини янада теран англаймиз.
Азиз жиззахликлар!
Билаги куч-қувватга, қалби орзу умидларга тўла йигит-қизларимизнинг очиқ чеҳрасига боқиб, шундай тилак билдираман: дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига қўшилишимиз билимга чанқоқлигингиз ва илм-фан чўққиларини ўзлаштиришингиз, етук ва баркамол авлод бўлиб вояга етишингиз билан узвий боғлиқдир.
Биз Ватан олдидаги бурчини чуқур англаган, баланд марраларни кўзлаган фарзандларимиз учун ҳеч нарсани аямаймиз.
Сўзим якунида сизларни ва бутун халқимизни кириб келаётган Наврўзи олам билан чин дилдан муборакбод этаман.
Барчангизга энг катта бойлик — мустаҳкам соғлик, тинчлик-тотувлик, хонадонингизга файз ва барака тилайман.
Байрам кайфиятингизга кўз тегмасин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Вилоят ҳокими Э.Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!