Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда энг фаол ва ёш ходим аниқланди
22 август 2018 г 2 773 Комментарии: 0
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида имзоланган қўшма қарор асосида бу йил илк маротаба давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида "ЭНГ ФАОЛ ЁШ ХОДИМ” кўрик-танлови ўтказилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутхассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратини ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Танловнинг дастлабки босқичлари ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармаларида бўлиб ўтди. Танлов низомига кўра, унда давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида фаолият юритаётган 30 ёшгача бўган ходимлар иштирок этди. Улар тўсинда тортилиш, 100 метр ва 3000 метрга югуриш бўйича беллашишди. Сўнг, қатнашчиларнинг билим савияси , касб маҳорати, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлардан қай даражада хабардорлиги тест синовлари ёрдамида аниқланди. Шундан сўнг, иштирокчиларнинг мактаб ва касб-ҳунар коллежларида олиб борган тарғибот ишлари, ўтказилган викториналар, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари, айниқса, тизим фаолиятини ошириш борасидаги таклифлари, инновацион ғоялари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Танловнинг якуний босқичи Тошкент шаҳрида Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасида бўлиб ўтди. Тадбирда бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Равшан Жўраев сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:
- Биз танлов орқали ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, уларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларни ҳаётга татбиқ этишига кўмаклашиш, уларнинг ижодий фаоллигини кучайтириш ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ҳамда ўзаро соғлом муҳитини вужудга келтиришни мақсад қилган эдик. Ўйлайманки, олдимизга қўйган бу мақсадларга эришишни бошладик. Зеро, буни ғолибликни қўлга киритган осойишталик посбонлари эришган натижаларнинг ўзиёқ исботлаб турибди.
Шундан сўнг, танловда иштирок этган бир гуруҳ ёш ходимлар диплом ва совғалар билан тақдирланди. Биринчи ўринга Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ Ёнғинга қарши тарғибот гуруҳи катта муҳандиси, катта лейтенант Фаррух Абдурахманов лойиқ топилди. Иккинчи ўринни Навоий вилояти Навоий шаҳар ЁХБ бошлиғи ўринбосари катта лейтенант Муҳсин Эргашев эгаллади. Фахрли учинчи ўрин эса Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ЁХБ инспектори катта сержант Раҳимжон Ашуровга насиб этди.
– Фаррух билан олийгоҳда бирга ўқиганмиз – дейди унинг яқин дўстларидан бири Зиёвуддин Бекматов – У ҳар доим вақтни юксак қадрларди, ўтаётган ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланишга интиларди, доим китоб ўқирди, курсдошларимиз ичида ўзининг теран фикри, юксак билим салоҳияти билан алоҳида ажралиб турарди. Доим аъло баҳоларга ўқиганлиги сабабли ўқиш давомида Ички ишлар вазири стипендиати бўлган. Бир қанча танловлар ва фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришди, олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлади. Бу галги ғалаба ҳам, билдирилган юксак ишонч ва рағбат ҳам уни янги муваффақиятлар сари чорлашига ишонаман.
Тадбир барчага хуш кайфият ва кўтаринки руҳ бағишлаб, ходимларнинг ўз фаолиятида янгидан янги марраларни эгаллашига туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!