» » Жиззахда мелиорация лойиҳалари қандай самара бермоқда?

Жиззахда мелиорация лойиҳалари қандай самара бермоқда?

22 май 2021 г 902 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида жорий йилда мелиоратив иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлашда амалга оширилаётган жами 31 та лойиҳа бўйича 58 миллиард 233 миллион сўмлик иш бажарилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 969 километр узунликдаги зовурлар, 685 километрдан ортиқ ёпиқ-ётиқ дренажлар, 14 та сув ўтказиш иншооти фойдаланишга топширилади.

Катта Ўзбек автомобиль йўли орқали Тошкентга келаётган киши Сирдарё вилоятидан бошланиб, Жиззах далалари орқали Арнасой кўлига қуйиладиган Жанубий Мирзачўл бош коллекторини, унга қуйиладиган хўжаликлараро зовурларни тозалаётган ўнлаб қудратли экскаваторларни санаши мумкин. Экскаваторларнинг узун қўллари зовур тубида йиллар давомида тўпланиб қолган лойни ташқарига чиқариб, ён коллектор ва дренажлардан келаётган сизот сувга йўл очмоқда.  

Вилоятда жами 299 минг 233 гектар суғориладиган майдонлар мавжуд. Ана шу катта ҳудуднинг мелиоратив ҳолатини барқарор ушлаб туриш мақсадида 18 минг 43 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари, 13 минг 159 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларидан фойдаланиб келинмоқда.  

Ҳудудда мелиорация ва ирригация тармоғига масъул бўлган Сирдарё-Зарафшон иррригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфида 2 минг 238 дона кузатув қудуғи, 85 дона сув ўлчаш (гидропост) иншооти ва бошқа иншоотлар мавжуд. Қурилганига анча йиллар бўлган бу иншоотларнинг фойдаланиш самарадорлиги пасайиб бормоқда.  

Энг катта муаммо, узоқ йиллар мелиорация тадбирлари етарли амалга оширилмагани боис ерларнинг асосий қисмида сизот сув кўтарилиб, зах босганлиги ҳисобланади. Катта майдонлардаги коллекторларни ва дренажларни тозалаш катта маблағ, катта куч ва техника талаб қиладиган иш.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган давлат дастури натижасида бу муаммолар бартараф этилаётир.  

Давлат дастури асосида катта миқдорда маблағ ажратилиши куч ва имкониятлардан самарали фойдаланишга йўл очиб берди. Ушбу дастур асосида ҳар бир туманда, ҳудудларда амалга ошириладиган аниқ иш ҳажмлари белгиланиб, уни амалга ошириш бўйича бутунлай янги тизим ҳам яратилди.  

– Жамоамиз икки йилдан буён Зомин, Зарбдор, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Жиззах бош зовурини реконструкция қилиш ишларини амалга оширмоқда, – дейди “Сангзорбулоқ” МЧЖ раиси Баҳодир Маматқулов. – Иншоотдаги ишларни якунига етказиш учун 4 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ давлат бюджет маблағлари сарфланмоқда. Иншоотда доимий ишлаб турган 3 та замонавий экскватор, 2 та бульдозер, ушбу техникаларни бошқараётган мутахассисларимизнинг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Барча иншоотлардаги ишларни муддатидан анча олдин, май-июнь ойларида якунламоқчимиз.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб, тупроқ унумдорлигини сақлашда замонавий технологиялардан кенг фойдаланилаётир. Шу мақсадда Сирдарё-Зарафшон иррригация тизимлари ҳавза бошқармаси таркибида халқаро молия ташкилотларининг грант маблағлари эвазига геоахборот технологиялари билан жиҳозланган мониторинг маркази ташкил этилди. Ушбу марказ VPN тармоғи орқали Сув хўжалиги вазирлиги билан ягона тизимга уланган. Бу эса, вилоятдаги ер ости сувлари сатҳи ва суғориладиган ерларнинг шўрланиш динамикасини реал вақт режимида мониторинг қилиб туриш имконини бермоқда.

Шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини реал вақт режимида назорат қилиш имконини берувчи MIS дастурига ўтиш, ҳудудлардаги 180 дона кузатув қудуғини автоматлаштирилган қурилмалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу суғориладиган ерларнинг сизот сувлари сатҳини аниқлаш, уларнинг минераллашувини онлайн режимда кузатиш имконини беради.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар натижасида вилоятда жорий йилнинг ўзида 21 минг 293 гектар суғориладиган майдонларнинг ҳосилдорлиги ошишига эришилади. 2022 йилда эса, бу кўрсаткични яна 28 минг гектардан кўпроққа ошириш белгилаб олинган.

– Ернинг кучсизланиб, деҳқон тили билан айтганда “озиб” кетгани сабаб тўрт-беш йил илгари кўпчилик фермерлар ҳар гектардан ўртача 18-20 центнердан пахта, 20-25 центнер ғалла ҳосили олаётганди, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов. – Бошқа экинлар ҳосилдорлиги ҳам унчалик баланд эмас. Мелиоратив тадбирлар амалга оширилган ҳудудларда бу кўрсаткичлар камида 30 фоизга ошиши кафолатланади. Асосий экинлардан ташқари яна такрорий экин экиш, қўшимча даромад олиш имконияти вужудга келмоқда.  

Давлатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга бераётган катта эътибори туфайли режалаштирилган мелиорация-ирригация қурилишлари, таъмирлаш, тозалаш ишлари белгиланган ҳажмда ўз муддатида бажарилмоқда. Боқувчимиз бўлган она еримизни соғломлаштириш учун амалга оширилаётган бу ишлар фақат деҳқонларнинг эмас, шу заминда яшовчи барчанинг фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадга қаратилган.  

Т.Бекназаров

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!