» » Жиззахда  “Smart Water” технологияси жорий этилади

Жиззахда  “Smart Water” технологияси жорий этилади

23 сентябрь 2020 г 1 080 Комментарии: 0

Хабарингиз бор жорий йилнинг 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Унда белгилаб берилган қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш учун сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида ҳудудларда, жумладан, вилоятимизда ҳам комплекс амалга ошириш талаб этилмоқда.

Сўнгги уч йил мобайнида ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурлари доирасида вилоятимизда 66,0 километр канал, 76,2 километр лоток тармоқлари, 11 та гидротехник иншоот, 263,0 километр коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада 37,3 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 32,0 минг гектарга камайди, сизот сувлар сатҳи ер юзасига яқин жойлашган майдонлар 7,0 минг гектарга қисқарди, 124,5 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди. Шунга қарамасдан, вилоятда 26.8 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада қолмоқда, 48,3 минг гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган.

Ирригация бўйича жами 5 минг 124,7 километр, шундан 650,6 килметр сув хўжалиги ташкилотлари ва 4 минг 474.1 километр узунликдаги суғориш тармоқлари сув истеъмолчилари уюшмалари ҳисобида мавжуд. Бугунги кунда мазкур суғориш тармоқларининг 2 минг198.6 километри  қониқарсиз ахволга келиб қолган.

 “Сардоба” сув омборида кузатилган жиддий техноген ҳолат туфайли Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини сув билан таъминлайдиган Марказий чап тармоқ ва Марказий ўнг тармоқ каналлари жиддий талофат кўрди. Натижада жорий йилда вилоятимизда йиллик лимитга нисбатан 327 миллион куб метр  сув етишмаслиги кузатилди.

Натижада вилоят бўйича аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида, 2019 йилда 73 минг465 гектар майдонда такрорий экинлар етиштирилган бўлса, жорий йилда 38 минг868 гектар майдонда, ёки ўтган йилга нисбатан 47 фоиз кам экилди. Бу дегани 35 минг гектар кам экин экилиши ҳисобига 70 миллиард сўмга яқин даромад йўқотилди.

Бугунги кунда жаҳон миқёсида кузатилаётган иқтисодий инқироз бўлишига қарамасдан Давлатимиз раҳбарининг  саъйи-харакатлари билан “Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар.

—Мазкур қарор билан 2020-2023 йиллар давомида жами 782 миллиард 716 миллион сўм маблағлар йўналтирилади,—дейди Сирдарё Зарафшон ирригация ҳавза бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Джураев.— Республика бюджети томонидан ажратилган 747 миллиард 430 миллион сўм маблағга  80 та ирригация йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилади.  125,7 километр каналлар, 155 километр узунликдаги лоток тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида 263,4 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади.104 та мелиорация объектлари лойиҳалари доирасида 222,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 380 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш 4 минг 801 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш ҳисобига 72,9 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, барқарорлиги таъминланади. Маҳаллий бюджетдан ажратиладиган 16 миллиард 147 миллион маблағлар ҳисобига 650,6 километрлик хўжаликлараро каналлар, 1671 дона гидротехник иншоотлар, 289 дона насос агрегатлари, 66 дона суғориш қудуқларини таъмирлаш-тиклаш тадбирлари амалга оширилади.

Давлатимиз рахбари томонидан кўрсатилаётган ёрдамлардан унумли фойдаланиб, ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланиш эвазига, сув ресурсларини тежаб-тергаб сарфлаш мақсадида, 2021 йилнинг ўзида жами  38,8 минг гектар, шундан 27,7 минг гектар пахта ва 11.1 минг гектар бошқа экин майдонларини томчилатиб суғориш технологияларига ўтказамиз

— Шу йилнинг 16- сентябрида давлатимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда бажарилган ишлар имконият даражасида эмаслиги танқид остига олинган эди,—дейди  Сирдарё Зарафшон ирригация ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар Турдибоев. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилиняпти. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 миллиард куб метр ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда. Анъанавий усулда  1 гектар майдонга сарфланадиган сув миқдори ўртача 11,6 минг куб метрни ташкил қилади. Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ҳисобига   1 гектар майдонга 7 минг куб метр сув сарфланади, натижада ҳар йили ўртача 105 млн куб метр сув тежалади ва 26,4 минг гектар такрорий ва бошқа экинларни суғоришга йўналтирилади, шунингдек, экинлар ҳосилдорлиги 10-20 центнерга ортади. Вилоятимизда жами 61 та суғориш, 25 та вертикал дренаж ва 2 минг 248 та мелиоратив назорат қудуқлари, шунингдек, 85 та мелиоратив гидропостлар мавжуд бўлиб уларда сувнинг назорати ва ҳисоб-китоби анъанавий усулларда олиб борилмоқда. Барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” (“Ақлли сув”) сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологиялар жорий этилади;

 2023 йилгача  2 минг 419 та  суғориш ва дренаж қудуқлари ва мелиоратив объектларга рақамли қурилмалар ўрнатилиб, сув ва электроэнергия сарфини онлайн режимда назорат қилиш йўлга қўйилади. Натижада ресурслар исрофгарчилиги камайиб, ҳар йили 200-210 минг кВт электроэнергия иқтисод қилинади.Бугунги кунда экинларни суғоришда тупроқ намлик даражаси, ўсимлик ривожланиш фазаси инобатга олинмай суғориш ишлари сифатли бажарилмаяпти ҳамда сувнинг ҳисоби юритилмаяпти. Натижада сув исрофгарчиликларига йўл қўйилмоқда. Шу боис соҳанинг мавжуд муаммоларини ва реал эҳтиёжларини ҳамда ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотларни амалга оширишга эътибор қаратилади.  2020/2021 ўқув йилида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг 3-4 курс талабалари учун ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиёти Жиззах ва Сирдарё вилоятларида янги тартибда ташкил этилади.

2021 йилдан бошлаб устувор лойиҳаларни танлаш ва амалга оширишда сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, геология, ер тузиш, лойиҳа ташкилотлари мутахассислари, мустақил экспертлар, манфаатдор фермер ва кластерлар вакиллари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда ҳар бир ҳудуднинг сув таъминоти, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва бошқа муаммоларини таҳлил қилган ҳолда ҳар бир лойиҳа бўйича таклифлар шакллантирилади ва вилоят ва туман ҳалқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилиши кўзда тутилган.Лойиҳалар Кенгашларда муҳокама қилиниб ва маъқуллангандан сўнг белгиланган тартибда амалга оширилади.Устувор лойиҳалар халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама қилинади ва партия гуруҳлари томонидан назорат қилиб борилади.Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида зарур асбоб-ускуна, хом ашё, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материалларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш ҳисобига объектларнинг қийматини мақбуллаштиришдан ажратилаётган маблағлар тежалади.Давлат дастурига киритилган ҳар бир объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ижобий хулоса олингандан сўнг, буюртмачи ва лойиҳачи томонидан халқ депутатлари Кенгашларига тақдимот (презентация) қилинади. Давлат дастурига киритилган ҳар бир лойиҳа соҳа мутахассислари томонидан чуқур ўрганилиб, устуворлик даражасига қараб йилларга тақсимланган.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор вилоятдаги суғориладиган ер майдонларини сув билан ишончли таъминлаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш орқали мазкур ҳудудларда ҳосилдорликни ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Муқим Исмоилов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!