» » Сувдан фойдаланишнинг энг самарали усули

Сувдан фойдаланишнинг энг самарали усули

18 август 2020 г 1 241 Комментарии: 0

Жиззах вилоятидаги 12 минг гектар экин майдонлари сув тежамкор технологиялардан фойдаланилган ҳолда суғорилмоқда. Бу мавжуд суғориладиган майдонларнинг атиги 4 фоизигина ташкил этади.
Президентимизнинг жорий 11 августдаги “Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Сирдарёдан суғориладиган бу ҳудудлардаги йил сайин сезилаётган сув тақчиллигини бартараф этишнинг аниқ вазифалари белгилаб берилди.
Ушбу қарорда белгиланган сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш вазифаларининг тўлиқ амалга оширилиши суғориладиган майдонларни сув билан ишончли таъминлаш имконини беради.
Қарорда қайд этилгандек, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 93,4 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада қолмоқда, 109 минг гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган.
Узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган бу муаммолар жорий йил кўкламида “Сардоба” сув омборида юз берган ҳалокат туфайли янада кескинлашди. Тўғондан сув тошиши оқибатида аксарият сув хўжалиги объектлари, шунингдек, “Марказий Мирзачўл” коллектори ва унга қуюлувчи коллекторлар жиддий талафот кўрди. Натижада қатор туманларда сув танқислиги юзага келди.
Шундай вазиятда сув тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш кун тартибидаги ўта муҳим вазифага айланди. Чунки муаммонинг ечимидаги муҳим тадбирлардан бири суғоришнинг тежамкор технологияларини жорий этиш эканлиги маълум.
Бу суғориш усулидан фойдаланишнинг дастлабки тажрибалари ҳам бор. Дўстлик туманидаги “Эшниёз бобо” фермер хўжалигининг 50 гектар майдонидан 15 гектарига томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Ўтган йили фермер сув хўжалиги билан тузган иккиламчи шартномага нисбатан 22.5 минг куб метр сув тежади. Ҳосилдорлик гектарига 10 фоизга ошиб, 44 миллион қўшимча даромад қилди .
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган фермер хўжаликлари ушбу технология қўлланилган майдони бўйича солиқ тўловида берилган имтиёзлар ҳам уларга қўшимча имконият яратмоқда. Ҳозиргача вилоятдаги 156 та фермер хўжалиги томчилатиб суғориш қурилмаларини монтаж қилиш ишлари якунланди.
Мутахассисларнинг ҳисоблашларича, пахта майдонларини томчилатиб суғориш лойиҳаларини амалга ошириш натижасида ушбу майдонларда сувни икки баробар тежаш билан бирга, ҳар гектардан 40 - 45 центнергача, вилоят бўйича ўртача ҳосилдорликдан 1,5 - 1,7 марта юқори кўрсаткичга эришиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги «Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан 2020 йилда Жиззах вилояти бўйича 4,4 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган.
Бугунгача вилоятдаги пахта майдонларининг атиги 12 минг гектар ёки 4 фоизига шу усуллар жорий этилгани албатта қўйилган вазифалар ва бу усулга бўлган талабга нисбатан жуда кам. Шунинг учун йил охиргача суғоришнинг тежамкор технологиялари қўлланиладиган майдонларни 14,4 минг гектарга етказиш устида ишлар олиб борилаётир.
“Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясига асосан тежамкор суғориш технологиялари 2021 йилда 15,1 минг гектар, 2025 йилда 81,9 гектар ва ниҳоят 2030 йилда 159,8 минг гектар ёки жами майдоннинг 47 фоизида жорий этилиши белгиланган.
Тежамкор технологияларни жорий этишда айниқса, томчилатиб суғориш усулини қўллашга устувор аҳамият берилади. Бундай усул билан суғориладиган майдонлар қамрови бугунги 7,8 минг гектардан 2030 йилда 84,49 минг гектарга етказилиши мўлжалланмоқда.
– Биринчи галда ирригация тизимини модернизация қилиш, жумладан, бетон қопламали каналлар улушини ошириш, сув омборлари ва бошқа йирик иншоотларда назорат-ўлчаш ускуналари ҳамда хабар бериш тизимларини замонавийлаштириш, гидрологик постларга рақамли технологияларни жорий этиш, сув тақсимотини реал режимда назорат қилиш учун “Ақлли сув” тизимини жорий этиш ишларига эътибор қаратилмоқда, – дейди Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Жўраев. – Бунинг натижасида, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини 2019 йилдаги қараганда 2030 йилга бориб 15 фоиздан зиёдроқ кўтариш кўзда тутилмоқда. Яқин 10 йил ичида сув таъминоти даражаси паст бўлган ер майдонларини ҳозирги 26,8 минг гектардан 8,5 минг гектарга камайтиришга эришилади.
Бугун вилоятдаги бетон қопламали каналларнинг узунлиги 265,8 километрни ташкил қилмоқда. 10 йилдан кейин эса, бу кўрсаткич 463,7 километрга етади. Бу воҳадаги жами каналларнинг 51 фоизи бетон қопламали бўлади, деган гапдир.
Насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансидаги насос агрегатларини энергия тежамкорларига алмаштириш энг муҳим вазифа бўлиб турибди. Ҳозирда атиги 3 тани ташкил қилаётган бундай агрегатлар 2030 йилгача 70 тага етказилади. Насос станцияларидаги эскирган электр двигателларининг 70 фоиздан зиёди янгисига алмаштирилади. Натижада электр энергияси харажатларидан қарийб 5 миллиард сўм маблағ тежалади.
Шунингдек, вилоятда кучли ва ўрта шўрланган ер майдонларини 27,4 минг гектарга ёки ҳозиргидан қарийб икки баравар камайтириш белгиланган. Айни пайтда вилоятдаги 12,2 минг гектар суғориладиган ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган. 2021-25 йиллар оралиғида бундай майдонларни босқичма-босқич камайтириб борган ҳолда, 2030 йилда уларнинг 100 фоизни фойдаланиладиган ерлар тоифасига киритиш режалаштирилмоқда.
Қарорда дарё ва сойлардаги гидрологик постларни рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган ускуналар билан жиҳозлаш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Гидроиншоотларда реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш учун 2021 йилда 122 та, 2025 йилда эса, 542 та, жами 666 дона “Smart Water”(“Ақлли сув”) тизими жорий этилади. 7 та яқин сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёни автоматлаштирилади.
Келгуси йили 207 та, 2025 йилда эса 1000 та, 2030 йилга бориб 1045 та мелиоратив кузатув қудуқларини автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказиш кўзда тутилмоқда. Шу муддат ичида мос равишда 85 фоиз насос станцияларида электр энергияси истеъмоли ва сув миқдорини “онлайн” режимда мониторинг қилиш тизими жорий этилади.
Айни пайтда соҳага хусусий тадбиркорларни жалб этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жиззах бош насос станциялари бошқармаси ҳамда вилоят насос станциялари энергетика бошқармаси тасарруфидаги 3 та насос станциясини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга бериш имкониятлари ўрганилмоқда.
Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоғи – суғориш тизимидаги муаммоларни муваффақиятли ҳал этишга олиб келади.
Т. БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!