» » Жиззахлик журналистлар учун Зоминнинг қўриқланадиган ҳудудларига пресс-тур ташкил қилинди

Жиззахлик журналистлар учун Зоминнинг қўриқланадиган ҳудудларига пресс-тур ташкил қилинди

09 июнь 2021 г 1 081 Комментарии: 0

Ҳар йили 5 июнь санасида  ўтказиладиган Бутунжаҳон атроф муҳит куни бутун дунё жамияти эътиборини атроф муҳитни муҳофаза  қилиш масалаларига жалб қилишдан иборат.

Шу туфайли ҳар йили республикамизда ҳам атроф муҳит куни кенг миқёсда ўтказилиб, асосий эътибор табиат ва экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалаларига қаратилади. Жиззах вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мазкур санани вилоятнинг биологик хилма-хиллигини асраш, фауна ва флоранинг камёб, йўқолиб бораётган турларини асраб қолиш ишларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга бағишлади.

5 июнь-Бутунжаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Жиззах вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш  бошқармаси томонидан ташкил этилган “Зомин – табиат гавҳари” деб номланган пресс-тур иштирокчилари Зомин Миллий табиат боғи, Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин ўрмон хўжалиги ҳудудларининг бетакрор табиати,  бой фауна ва флораси билан танишиш мақсадида йўлга чиқдилар.

Жиззах вилояти марказидан Зомин табиат миллий боғигача бўлган масофа қарийб 100 км.ни ташкил этади. Миллий табиат боғига кириб борар экансиз, бир зумда тоғнинг гиёҳлар ифорига туйинган оби-ҳавоси димоғингизга урилади. Йўл четида яшнаб турган турли хилдаги шифобахш ўсимликлар инсоннинг баҳру дилини очади.

Кичик довон, Зомин сув омборидан ўтишингиз билан дарахтли тоғ ландшафти бошланади. Юқорига кўтарилишингиз билан дарахтзорлар қуюқлашиб, сойлар кенгая бошлайди. Миллий боғ ҳудудига киришингиз билан арчазорлар бошланади. Арчазорлар денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда анча зич жойлашган. Йўл бўйи арчазор ва қарағайзорларнинг яшил манзарасига мафтун бўлиб кетасиз. Бу ерларни бекорга Швейцарияга менгзашмайди.

Пресс-тур иштирокчилари ва журналистлар Зомин миллий табиат боғидаги Суффа, Шербулоқ, Бобоёнғоқ, Шаршара, Ўриклисой, Арча экотуристик маршрутларига сайр уюштирдилар. Бобоёнғоқ Зомин миллий боғи ҳудудида жойлашган. Бу қадимий ёнғоқ дарахтининг тахминий ёши 700 йил, баландлиги 20 метрдир. Маҳаллий аҳоли вакиллари бу ердаги қалин дарахтзор орасида дам олишади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Зомин шаҳри марказидан Зомин миллий табиат боғигача 25 км, Суффа халқаро астрономия обсерваториясигача 56 км.ни ташкил этади. Зомин миллий боғи 1976 йил 8 сентябрда ташкил қилинган. Майдони 24110 гектар, ундан 12130 гектари ўрмон билан қопланган.

Зомин шаршарасини кўпчилик эшитган бўлса керак. Шаршарагача сўқмоққа тошдан кенг зинаорқали чиқилади. Ҳудуд тоза сақланган. Бу ер тоғ дарасида жойлашган бўлиб, мажмуа ўртасидан сой оққан, иккита шаршара суви ҳам сойга қўшилади. Агар бу иккита шаршара юқорисига яхшилаб қаралса, сув махсус қувур билан келтирилганини сезиш мумкин. Айтишларича, табиий шаршара булардан бироз узоқда, ичкарида бўлиб, у ерга бориш бироз мушкул бўлгани учун шаршаранинг суви қувурлар билан тортилиб, йўл ёқасига олиб келинган.

Йўл бўйидаги кейинги маршрут Шербулоқ чашмаси бўлиб, булоқ атрофи тошдан чиройли услубда безатилган. Тоғ булоқларидан бир нечтасининг қўшилишидан юзага келган булоқ суви муздай бўлиб, ёз кунларида чанқоқни қондириш учун айни муддао. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, булоқ авваллари суви совуқ бўлгани учун “Музбулоқ” деб аталган. Кейинчалик ҳомийлар маблағи билан бу ер ободонлаштирилиб, 4-5 та булоқ суви йиғиладиган қудуқ қилинган. Қудуқда йиғилган сув пастга алоҳида қувур билан туширилган. Пастдаги жўмрак бронза шер оғзига ўрнатилгани учун булоқнинг номи “Шербулоқ” бўлиб кетган.

Суффа деб номланадиган жой арчазорлар орасида жойлашган. Денгиз сатҳидан 2440 метр баландликдаги бу ерда текисроқ майдонни эгаллаган. Рўпарадан Туркистон тизмасининг ҳали қор эримаган чўққилари кўриниб турибди. Бу ҳудудда пост ўрнатилган бўлиб, табиий ҳудуд муҳофаза қилинади. Бу ерда арчанинг зарафшон (қора арча), совур-арча ва туркистон арчалари турлари тарқалган. Боғда мана шундай кекса арчаларнинг бир нечтаси аниқланган.

Зомин давлат қўриқхонаси ноёб арчазорларни ва арчазорлардаги ҳайвонот дунёсининг табиий ҳолда сақланишини таъминлаш мақсадида 1928 йилда Туркистон тоғ тизмасида Зомин тоғ арчазорлари давлат қўриқхонаси ташкил этилди.  Ҳудуди 26 840 гектарни ташкил этади. Мазкур қўриқхона эски қўриқхоналардан бири. Ҳудудда уч турдаги қора, ўрик ва савр арчалари мавжуд. Бу ерда 1216 турга яқин юксак ўсимликлар ўсади. Уларнинг 21 тури Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган.

Қўнғир айиқ ва Туркистон силовсини Халқаро табиатни муҳофаза қилиш Иттифоқининг “Қизил Китоби”га киритилган. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил Китоби”га қўнғир айиқ, Туркистон силовсини, тоғ эчкиси, тасқара, қора лайлак, болтаютар, бургут, кичик бургут, итолғи, оқбошли қумой, маллабош лочинлар киритилган. Арчали кенгликлар қушларга бой, сут эмизувчилардан бу ерда бўри, тўнғиз, қуён, оддий кўрсичқонлар доимий яшайди. Юқори тоғликлар, арча зонасида айиқларни, болалари билан учратиш мумкин.

Пресс-тур иштирокчилари Зомин давлат қўрихонасида олиб борилаётган илмий ишлар билан ҳам танишдилар. Табиат қўйнида илмий ходимлар билан ўтказилган давра суҳбатида табиатнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг асраб авайлаш ва келажак авлодга безавол қолдириш борасида кенг жамаотчиликни жалб қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтишди.

                       

Жиззах вилоят Экология бошқармаси Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!