» » Оиласидан хотиржамлик сурури

Оиласидан хотиржамлик сурури

28 август 2018 г 2 732 Комментарии: 0

Мустақиллик йилларида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб улғайтириш, ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб келмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.
Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 27 июндаги "Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни тубдан янги босқичга кўтарди.
Бугун ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва ўзгаришлар самарасини ёшларимиз ўз ҳаёти мисолида ҳис этмоқда. Айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги тизимли ишлар навқирон авлодни янги ғоя ва ташаббуслар сари руҳлантирмоқда.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш жараёни янги босқичда
2.JPG
Сўнгги йилларда ижтимоий фаол ёш оилаларни имтиёзли асосда уй-жой билан таъминлаш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Номзодларни саралаш, муносиб деб топилганлар навбатини адолатли ташкил этиш ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, ижтимоий ҳаётда фаол ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2015-2017 йилларда юртимизнинг турли ҳудудларида 4 минг 600 дан ортиқ хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида ёшларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласига устувор аҳамият қаратилган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши бўлим мудири Фурқат Нурматов. – Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилди. Дастурда ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб намунавий лойиҳалар асосида барча йирик шаҳарларда кўп қаватли, қишлоқ туманларида 1-2 қаватли арзон уйлар қурилиши назарда тутилган. Шунга мувофиқ, 2018 йилнинг ўзида мамлакатимизда жами 2 минг 149 хонадан қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бундай уй-жойлар қурилиши келгуси йилларда ҳам белгиланган тартибда давом эттирилади. Ёшларнинг бу борадаги ҳар бир мурожаати эътиборга олинади, жиддий ўрганиб чиқилади. Номзодлар орасида айниқса фан-таълим, маданият, спорт йўналишларида юқори натижаларга эришган ёшлар кўп.
Жорий йилдан бошлаб Республика комиссияси томонидан ҳисобга қўйилган ёш оилалар навбатини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилди. Бунинг учун www.yoshlaruyi.uz веб-сайти ва телеграм мессенжерида шу ном остида махсус канал ишга туширилди.
– Ёшлар уйидан олиш учун тегишли тартибда ҳужжат тақдим қилганимдан сўнг аризам белгиланган муддатда қаноатлантирилгани ҳақида жавоб ҳамда фақат ўзимга тегишли бўлган "ID” рақамини олдим, – дейди номзодлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси катта маслаҳатчиси Акмал Жумамуродов. – Ўша рақам ёрдамида махсус веб-ресурсга кириб, ҳудудлар кесимида ҳисобга қўйилган ёш оилалар навбатини онлайн кузатиб боряпман. Бу анча қулай ва ишончли тизим. Айтайлик, 150-ўринда турган номзод 10-ўринга ўтиб қолса, буни дарров пайқайсиз. Яъни, адолат таъминланади, ҳаммаси шаффоф, кўриниб турибди. Насиб этса, шу йил охирига қадар ўз уйимга эга бўламан.
Суҳбатдошим шодлигини яширолмайди, беҳад хурсандчилиги шундоқ юз-кўзида акс этади. Бу ажиб туйғу каминага ҳам бегона эмас. Жорий йил бошида мен ҳам ўз навбатимни онлайн жадвалдан кузатар эканман, Жиззах шаҳрида қурилаётган янги уйга қачон кўчиб ўтишимни ўзимча тахмин қилардим. Ҳаётимдаги бахтиёрлик куни, ўша сана 30 июнь – Ёшлар куни бўлишини, рости, сира ўйламаганман.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши маълумотларига кўра, 2018-2021 йилларда вилоят шаҳар ва туманларида 448 хонадон ижтимоий фаол ёш оилаларга берилади. Уларнинг 112 тасини шу йил ўз эгаларига топшириш режалаштирилган.
Мен учун унутилмас кун
5.JPG
...Ҳовлида янграётган карнай-сурнай садолари уйда телефонда гаплашаётган отамнинг овозини босиб кетаман, дейди. Отам ҳам ён бермайди – овозини бир парда кўтаради:
..."Сўғдиёна” стадионини биласан... Ҳа-ҳа, сайилгоҳ ҳам бор. Унга ёнма-ён кўп қаватли янги уйлар келади. Ўшалар билан бир қаторда”.
Отам гапини тугатиб, телефонни дераза токчасига қўяр экан, дастурхоннинг кам-кўстига қараётган онамга ҳазил қилади.
– Шу тоғаларигаям қойилмасман, – дейди орада менга кўз қисиб, – Жиззахнинг маркази ҳақида гапиряпман, улар бўлса нима, қаерда, дейди қайта-қайта. Бошқаларнинг етиб келганига ярим соат бўлди-ку!
Ўша кунни эсласам, ҳозир ҳам яйраб кетаман. Хаёл хаёлларга уланади.
...2018 йил 24 июнь, якшанба. Отам билан шахмат ўйнаётган эдик. Ёшлар иттифоқидан қўнғироқ бўлди. Масъул ходим 30 июнь куни янги уйни тантанали топшириш маросими бўлишини, эрта-индин кўчиб ўтишимиз лозимлигини айтди.
– Шу гап чинми ишқилиб? – онам жавобимни кутмай давом этади. – Боламга давлат уй берди, деб қўни-қўшнига мақтаниб қўйганман-а?! Бирин-кетин уйли-жойли бўлаётган тенгқурларинг сафига қўшилганинг рост бўлсин илоҳим...
Ҳовлида ўйнайвериб терга ботган ўғлимнинг "Эна, чой-чой” дейиши онамнинг гапини бўлиб қўйди.
– Ўттиз шанба бўлади, – дейди отам "фил"ни бир катак суриб, "шоҳ" берар экан. – Онанг айтганидай уй ҳақида унга-бунга гап очиб қўйганмиз. "Қуллуқ бўлсин”га қишлоқдан ҳам 20-25 беш чоғли одам боради. Яна бола-чақа дегандай. Шунга яраша тайёргарлик кўриш керак.
Қўшалоқ байрам тантанаси
7.JPG
Кутилганидек 30 июнь куни қўшалоқ байрам бўлди. Жиззах шаҳридаги "Кимёгар" маҳалласида 32 хонадондан иборат тўрт қаватли "Ёшлар уйи” фойдаланишга топширилди. Барча хонадонлар меҳмонга, меҳмонлар сабаб файзга тўлди.
Қутловчилар орасида мактабда она тили ва адабиётидан дарс берган, ҳозир кексалик гаштини сураётган ўқитувчим Мелибой Бекназаров ҳам бор. Устозга разм соламан, назаримда, у мендан ҳам кўпроқ хурсанд эди. Ҳеч кимга гап бермайди.
– Шу хонадонларга Бахмалдан уч киши муносиб кўрилибди, – дейди устоз тўлиб-тошиб. – Ана шу учтанинг бири бизнинг шогирд бўлади. Мен бир нарсага қойил қолдим. Чойдан қуй... "Ҳовли олма, қўшни ол”, деган мақол бор. Бунда ҳикмат кўп. Тўғридаги хонадон эгаси дзюдо бўйича жаҳон чемпиони экан, бу ён томондагиси эса шоира. Ана энди шу муҳитда ўсган невараларимиз қандай инсонлар бўлишини тасаввур қилаверинг. Зўр-а? Бунақасини биз орзу ҳам қилолмаганмиз.
...Уй қурган бир-икки синфдошнинг ҳашарида қатнашганман. Иморат қилиш яхши. Ўзига яраша харажати, ширин ташвиши бор. Бундай ташвишларга доим ҳавас қилганман. "Ҳавас муродга элтади", деб шуни айтсалар керак-да. Ишдан ҳориб келганингда уй ўзингники эканини ҳис қилиш чарчоқларингни аритади. Кўнглинг хотиржам, орзу-режаларинг бир олам. Яна ўз уйингга меҳмон чақиришнинг ҳам гашти бўлакча. Ўзимда ҳис қилганман буни. Ижара уйнинг шифтига қараб эмин-эркин хаёл суриш, орзу қилиш, режа тузиш осон эмас. Ўша кайфият баъзан фарзандингга мириқиб эртак айтишингга ҳам халал беради.
Бир сафар шу гапларни Германияда магистратура босқичида таълим олаётган ўртоғимга айтганимда, у жилмайиб қўйганди.
– Европанинг кўп давлатларида бўлганман, – деганди у ўшанда. – Уй масаласи у томонларда бошқача. Кўпчиликнинг ўз бошпанаси йўқ, умр бўйи ижарада яшайдиганлар ҳам оз эмас. Ўйлашимча, жамиятда фаол, уй-жойга эҳтиёжи бор ёшларга ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга давлат томонидан имтиёзли шартлар асосида уй берилиши дунёда камдан-кам ҳодиса, эҳтимол, ўхшаши йўқ амалиётдир.
Рост гап. Ўзим ҳам касбим тақозоси сабаб янги уйлар топширилиши муносабати билан ўтказилган кўп тадбирларда иштирок этганман.
6.JPG
Бекобод туманида ҳарбий хизматчилар оилалари учун уй топшириш маросимида бир отахон айтган гаплар ёдимда: "Борар манзилинг тайин, оилангдан кўнглинг тўқ бўлса, ишингда унум бўлади. Шунинг учун ота фарзандига уй-жой қилиб бермагунча тинчимайди. Беш ўғилни катта қилдик, ўқитдик. Қўлдан келгунча бошпанали қилдик. Фақат кенжамизга қўлимиз сал "калталик" қилиб турганди. Мана, давлат уй берди – ташвишим ариди. Энди хотиржамман. Мендай минг-минглаб кекса оталарга шундай хотиржамлик бераётган, болаларимизнинг эртасини биздан кўра кўпроқ ўйлаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Энди сизлардан, болаларим, шу ғамхўрликка муносиб бўлиш, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратни аямаслик талаб этилади”.
...Ноутбук мониторини ёпаман. Беихтиёр шифтга қарайман. Шифт эса ижара уйда қилган орзу-армонларимни ёдга солади. Овозимни баланд қўйиб "Етказганига шукр", дейман. Бундай шукрона келтираётган ёш оилалар, оталар эса юртимизда кўп. Ушбу қораламаларни ўқиётганлар орасида ҳам улар кўплигига ишончим комил.
Янги уй, ўз хонадонингиз муборак, азиз тенгдошим!
Икром Аввалбоев, ЎзА Жамшид Ёрбеков олган суратлар
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!