» » Дастур доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Дастур доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

10 август 2018 г 2 894 Комментарии: 0

Президентимизнинг жорий йил 27 июнда қабул қилинган "Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатимиз келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, баркамол ва мақсад сари интилувчан, серғайрат ёшларни тарбиялаш борасидаги вазифалар янада аниқ белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароит яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига жорий йил 4 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида яна бир бор эътиборимизни қаратди. Йиғилишда таъкидланганидек, ҳар бир ёшга жамиятда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб келаётир.
Ёш авлодга эътибор тобора оширилаётгани бежиз эмас. Зеро, улар бугунги кунимизнинг энг зарбдор кучи, эртанги кунимиз эгалари саналади.
Айтиш керакки, дастур доирасида вилоятимизда 421 минг 700 нафардан зиёд ёшлар билан тизимли иш олиб борилмоқда. Дастур ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг қарори қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. 10-15 кишидан иборат вилоят, шаҳар ва туманлар штаблари ташкил этилди.
Шаҳар ва туманларда ташкил этилган 290 ишчи гуруҳи таркибида 4 мингдан зиёд фаоллар уйма-уй юриб, ёшларнинг муаммоларини ўрганди. Ҳозирга қадар 14-30 ёшдагиларнинг 80 фоизи тўғрисида тўлиқ маълумот олинди. Ишчи гуруҳ аъзолари 20 мингдан зиёд ёш билан суҳбат ўтказди. Ёшлар муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш, штаблар фаолиятини йўлга қўйиш Янгиобод, Бахмал, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида намунали йўлга қўйилган.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида ҳозиргача 891 нафар ёшнинг муаммо ва таклифи устида иш олиб борилди. Уларнинг 635 нафари кредит ва 48 нафари ер ажратилишини сўраган. 7 нафари ишга жойлашиш, 201 нафари бошқа масалалар бўйича кўмакка муҳтожлигини билдирган. 
Ўрганишлар натижаси асосида умумий қиймати 32 миллиард 992 миллион сўмлик 716 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши билан 2 мингта янги иш ўрни яратилади.
"Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида режалаштирилган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳалар бугунги кун талаб ва эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Хусусан, хотин-қизлар учун гўзаллик салони, фитнес маркази ташкил этиш, дурадгорлик, қурилиш материаллари савдоси, кир ювиш воситалари ишлаб чиқариш, маҳсулотларни қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш каби аҳоли эҳтиёжи билан боғлиқ соҳалар қамраб олинган.
Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши вилоят иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим ўрин тутади. Бир йилда 8 миллиард 284 миллион сўм даромад олиш мўлжалланаётир.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида "Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилгани ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёшлар иттифоқининг шаҳар ва туман кенгашлари ҳузурида "Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилиб, бу тузилма фаолиятини юритиш учун штатлар ажратилди.
Ёшларнинг муаммоларини ҳам, унинг ечимини ҳам бошқаларга қараганда ёшларнинг ўзи яхшироқ билади. Шу мақсадда шаҳар ва туманларда "Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ташкил этилаётгани ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлардан биридир. Айни пайтда Пахтакор, Дўстлик туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида "Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари намунали тарзда ташкил қилиниб, рўйхатдан ўтказилди.
Янгиобод, Дўстлик, Зарбдор, Пахтакор туманлари ва Жиззах шаҳрида "Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ишлари бошланди.
Вилоятда "Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича белгиланган тадбирлар режасининг ҳар ҳафталик натижалари мониторинг қилиниб, вилоят ҳокими томонидан ўтказилаётган йиғилишларда муҳокама қилинмоқда.
Дастур доирасидаги ишларнинг ҳажми катта, муддат эса чекланган. Август ойининг бошида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ташкил этиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар билан сектор раҳбарларининг очиқ мулоқотини ўтказиш, хатлов якунланган ҳар бир маҳалла ва қишлоқда 14-30 ёшдагиларни жалб қилган ҳолда маданий тадбирлар уюштириб, дастур мазмун-моҳиятини яна бир бор тушунтириш, қисқа қилиб айтганда, ўрганиш-тушунтиришдан аниқ амалий ишларга ўтиш белгиланган.
Ушбу вазифаларнинг ўз муддатида бажарилишини таъминлаш учун вилоят ҳокимлиги Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилот ва муассасаларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, барча масъуллар ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ботир Тўхтамишев,
Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!