» » Жиззах гузарлари

Жиззах гузарлари

29 август 2018 г 3 057 Комментарии: 0

Гузар – бу маҳалла марказида қуриладиган чойхона типидаги бино эмас. Бу ерда инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини қондирадиган ҳамма инфратузилма бўлиши керак.

– Маҳалламиз раиси Ҳайитбой Урдушев "Тошлоқ” гузари қурилишига сиз масъул, деб менга айтганда шошилиб қолдим, – дейди йўл қурувчиси, "Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Зокир Мансуров. – Ахир шунча ҳажмдаги ишни зиммага олишнинг ўзи бўладими?! Кейинчалик билсам, шундай масъулиятли вазифа тадбиркор учун юк эмас, шараф экан. Гузарлар қурилиши муҳокама қилинган йиғилишда ғоя ташаббускори "Бу иш ҳар бирингизга ҳайкал бўлади” деганда, очиғи, қанот боғлагандай бўлдим. Ўшанда узоқни кўзлаб иш тутилганига бугун имон келтирдик. Ҳар тонг "Тошлоқ” гузарига йўлим тушади, чинакам бунёдкорлик ишларига дахлдор бўлганимиздан ғурурга тўламан.
 
– Барибир шундай қурилишни барпо этиш осон бўлмагандир? – сўраймиз суҳбатдошимиздан.
 
– Халқ ҳашарининг қудратига амалда ишонч ҳосил қилдик, – дейди Зокир ака. – Агар гузарда нонвойхона қурилиши керак бўлса, белгиланган новвой шу нуқтага масъул бўлди, қассобхонага алоҳида одам, тикувчилик устахонасига яна кимдир, зардўзлик цехига бошқа киши, китоб дўкончасига китоб сотувчи ишга киришди. Адолат юзасидан айтиш керак, вилоят ҳокимлиги вакили Ўктам Турсунов қурилишга тадбиркорларни сафарбар этишда катта жонбозлик кўрсатди. 
 
– Худди мана шундай бунёдкорлик ҳаракати Жиззахнинг бошқа мавзеларида ҳам авж олди. "Ким гузар қурса, ўзига ҳайкал яратади” деган қанотбахш ибора ҳаётда чин исботини топди. Бугунги кунда жиззахликлар Раваллиқ гузари ҳақида гап кетганда Қосим Раҳимов, Оққўрғонлик гузари бағридаги қулайликлардан баҳраманд бўлганда ўша йиллаврдаги вилоят ДАН раҳбари Наби Муродов номини, Ҳамзаобод гузарига қадам қўйганда Ҳасанбой Мўминов номини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади. Худди шунингдек, Қалия, Маданият маҳалла гузарлари шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойлари қаторидан ўрин олди. Кун иссиғида гулзорларга туташ масканда эсган ҳур-ҳур шабода кўнгилларга ором берарди.
 
– Гузар халқнинг қувонч ва ташвишларини жамлаган жой бўлгани учун бу ерда криминоген вазиятни кузатиш қулай, – дейди "Тошлоқ” маҳалла профилактика инспектори Бекзод Шавкатов. – Уч мингга яқин аҳоли яшайдиган маҳаллада жиноятчилик кескин камайди. 
 
– Ҳар бир гузарда салкам 50 киши иш билан таъминланди. Бу ерда ишлаётган кишилар одамлар эҳтиёжини қондираётганидан мамнун. Ҳар жиҳатдан кўркам, озода, қулай маскан маҳаллий аҳолига шу қадар маъқул келдики, агар уйларига меҳмон келса, "Юринг, гузарга чиқайлик” деб таклиф қиладиган бўлишди. Бу ерда Жиззах сомсаси, мазали жиз, турли тансиқ таомлар кун бўйи тайёр бўлади. 
 
– Жиззах гузарлари жуда файзли, шукуҳли, яшаш учун қулай бўлгани ҳамманинг эътиборини қозонди, – дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров. – Бошқа вилоятларга борганда ҳам "Гузар қуришни жиззахликлардан ўрганинг” дейман.
 
– Замон янги талабларни олдинга қўймоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдумажид Сатторов. – Сизлар кўрган "Тошлоқ” гузарида ёшлар учун янги спорт ўйингоҳи қуриляпти. Вилоятимиздаги "Маҳалла” маркази ҳам қайта реконструкция қилинмоқда. Натижада аҳолига қўшимча қулайликлар яратилади. 
 
Халқимиз азалдан жамоа бўлиб яшшга ўрганган. Одам тафтини одам олади. Тинч-осойишта турмушнинг ўзигав хос кўриниши гузарларимизда намоён бўлмоқда. Бу дунёдаги янгиликлардан ҳам гузарда воқиф бўласиз. Одамларни эзгуликка чорловчи, истиқлолимиз кўзгуси ҳисобланмиш гузарлар яшнайверсин. 
 
Шуҳрат Жабборов
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!