Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зоминда биринчи бор ультрамарафон ўтказилди
29 июнь 2021 г 1 587 Комментарии: 0
“Samarkand Half Marathon” доирасидаги ушбу мусобақа маданият ва санъат муассасаларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маданий туризмни ривожлантириш, республика аҳолиси, жумладан, ёш авлодни фаол спортга кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилди.
Жорий йилда “Samarkand Half Marathon” ярим марафони мусобақалари уч босқичда бўлиб ўтади.
Улардан биринчиси “Zaamin-Ultra” спорт, мусиқа ва санъат фестивали Зомин туманидаги миллий табиат боғида бўлиб ўтди. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда 13 давлатдан 700 нафарга яқин профессионал ва ҳаваскор спортчи иштирок этди.
Ушбу марафоннинг иккинчи босқичи маданият, замонавий санъат ва спорт фестивали – “New Star” номи билан жорий йилнинг 1-5 сентябрь кунларида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги тоғ ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 5-7 ноябр кунлари эса учинчи босқич – Самарқанд шаҳридаги анъанавий хайрия ярим марафони бўлиб ўтади.
Спорт беллашувларидан ташқари лойиҳа доирасида концерт дастурлари, шунингдек, маданий ва кўнгилочар тадбирларни ҳам катта эътибор билан томоша қилди.
Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, маданий туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон аҳолиси, шу жумладан, ёш авлодни фаол спорт турлари билан шуғулланишини таъминлашдан иборат.
Анъанавий марафон масофаси 42 километр 195 метрдан иборат бўлиб, Зоминдаги беллашув 50 километр масофага ўтказилгани сабаб ультрамарафон дея аталди. Ультрамарафонлар бутун дунёда ўтказилиб, ҳар йили унда 70 мингдан зиёд профессионал ва ҳаваскор спортчи иштирок этади.
– Зомин тоғлари бағридаги ушбу мусобақа мамлакатимиз спорт тарихида биринчи бор ўтказилмоқда, – дейди 50 километрлик ультрамарафонда марра чизиғини биринчилардан бўлиб кесиб ўтган Жуманазар Абдурахмонов. – Тадбир менда жуда катта таассурот қолдирди.
Икки кун давомида денгиз сатҳидан 2 минг 400 метр баландликдаги Зомин тоғ ҳудудида ўтказилган ультрамарафон – “Zaamin-Ultra” беллашуви ғолиб, совриндор ва турли номинациялар соҳиблари диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат)
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!