Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи: “Мақсадимиз – қоидабузарликларнинг олдини олиш”
05 июль 2021 г 2 896 Комментарии: 0
Жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини сақлаш ҳамда ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, одам ўлими билан боғлиқ ва пиёдалар иштирокидаги оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг шаҳар туман бўлимлари ходимлари бир қатор ташкилий чора-тадбирлар амалга оширганларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳайдовчиларнинг тезлик қоидаларига риоя этмасликлари оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб содир этилаётганлигини инобатга олиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида, автомобиль йўлларининг турли жойларида транспорт воситаларининг тезлигини автоматик тарзда аниқловчи жами 23 дона, шундан 16 дона стационар ва 7 дона кўчма фото-видео қайд қилувчи камералардан хизматда фойдаланиб келинаётир.
– Ушбу камералар ягона марказлаштирилган ахборот-компьютер тизимига уланиб, улар ёрдамида жорий йилнинг ўтган даврида белгиланган тезлик қоидаларига амал қилмаган 50 минг 724 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди, – дейди Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи полковник Ҳусан Холқўзиев. – Бу қоидабузарларга нисбатан 25 миллиард 684 миллион 910 минг 385 сўм миқдорида жарима жазоси белгиланиб, шундан 28 минг 723 та қоидабузарлик бўйича 14 миллиард 374 миллион 137 минг 385 сўм миқдоридаги жарималар ундирилди. Бундан ташқари, вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимларига тезлик ўлчаш мосламаларини харид қилиш бўйича тегишли тартибда тақдимномалар киритилди. Шу билан бирга, транспорт воситаларининг тезлигини автоматик тарзда аниқловчи 52 дона фоторадарларнинг махсус чиплар ўрнатилган муляжлари тайёрланиб, ҳудуддаги автомобиль йўлларининг турли жойларига ўрнатилди.
Шу ўринда вилоятда ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишларини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ҳайдовчи ва пиёдаларга таъсир чоралари кўриб борилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Жорий йилнинг ўтган даврида 111 минг 289 нафар ҳайдовчиларга қоидабузарлик содир этганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Уларнинг 17 минг 254 таси қўпол қоидабузарликлар бўлиб, 709 таси транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ва 7 мингдан зиёди пиёдалар томонидан содир этилган қоидабузарликларни ташкил этади. Қоидабузар ҳайдовчи ва пиёдалардан 5 миллиард 426 миллион 32 минг сўмдан ортиқ жарималар ундирилган. Шу ўринда, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг биринчи галдаги мақсади – қоидабузарлик ҳолатини аниқлашдан ҳам уни олдини олиш эканини унутмаслигимиз лозим, эканини таъкидлаб ўтган бўлардим.
Жиззах шаҳри ва вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларида йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг техник ҳолатини назорат қилиш, қоидабузарлик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, вилоят транспорт бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш мақсадида қўшма режа асосида 269 маротаба рейдлар ўтказилиб, йўловчи ташишда белгиланган талабларни бажармаган жами 1 минг 736 та, шундан 982 таси тегишли лицензияси мавжуд бўлмаган қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарори талаблари асосида вилоят миқёсида жисмоний шахсларга тегишли 71 минг 674 та техник кўрикдан ўтиши лозим бўлган транспорт воситаларидан 21 минг 521 таси ёки 30,1 фоизи техник кўрикдан ўтказилди, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг биринчи ўринбоасри, отряд командири подполковник Шерзод Абдуназаров.
– Жорий йилнинг ўтган даврида “Жиззахавтойўл“ ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти билан ҳамкорликда автомобиль йўлларининг керакли жойларига 1 минг 337 дона йўл белгилари ўрнатилди, 380 километр йўл чизиқлари чизилди, 530 минг метр квадрат йўлларнинг қатнов қисми таъмирланди, 7 километр пиёдалар йўлакчаси қурилди, 6 километр пиёдалар йўлакчаси таъмирланди, 785 дона йўналтирувчи устунчалар ва 2 минг 28 дона 1-тоифали муҳофазаловчи тўсиқлар ўрнатилди ва 10 километр йўллар тўлиқ таъмирланди.
Дарвоқе, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таъсисчиси ҳисобланган “Uzavtoyo‘lbelgi” давлат унитар корхонаси томонидан ажратилаётган йўл белгилари энг аввало транспорт воситалари оқими юқори бўлган Жиззах вилояти ҳудудидаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиш хавфи юқори жойларга ўрнатиб борилмоқда. Шунингдек, вилоят ЙҲХ бошқармаси ташаббуси билан соҳа ходимлари томонидан 1.30 “Бошқа хавф-хатарлар” йўл белгиси тайёрланиб, унга тунги вақтда яққол кўринишини таъминлаш мақсадида светодиодлар билан жиҳозланган ҳолда М-39 “Тошкент – Термиз” автомобиль йўлининг довон қисмидаги хавфли бурилиш жойларига ўрнатилгани таҳсинга лойиқ.
Транспорт воситалари ҳаракати юқори бўлган М-39, А-376, 4Р34, 4Р35, 4Р38, 4Р40 автомобиль йўлларида 86 та “Ўқувчи ёшлар” муляжлари ўрнатилиб, уларнинг доимий сақланиши ва алмаштирилиб турилиши йўлга қўйилган. Вилоят ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М-39 “Тошкент – Термиз” автомобиль йўлининг довон қисмига ҳайдовчиларни огоҳликка чорлаш мақсадида метал конструкцияли ва тунда нур таратувчи “Диққат довон!” ёзувлари ҳам ўрнатилган.
– Вилоятнинг туман ва шаҳарлар кесимида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва аҳоли ўртасида йўл ҳаракати қоидадаларига риоя этиш, болалар билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш мақсадида “Тарғибот автокарвони”ни ташкил этдик, – дейди Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати раҳбари майор Эркин Очилов. – Вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-39 “Тошкент – Термиз” автомобиль йўлида бир кеча-кундуз давомида ҳар бир йўналишда 24 мингдан 27 минггача транспорт воситаларининг ҳаракати кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, асосан узоқ масофага ва вилоятлараро ҳаракатланадиган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг узоқ вақт руль бошқарувида ўтиришлари ҳамда чарчоқлик аломатлари билан руль бошқарувида ухлаб қолишлари оқибатида олдинда ҳаракатланаётган ёки тўхтаб турган транспорт воситасига урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши ҳам учраб турибди.
Чарчоқлик аломатлари билан узоқ масофага ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларни дам олдириш чораларини кўриш мақсадида Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан вилоят ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М-39 “Тошкент – Термиз” автомобиль йўлининг 990 километрида “Ҳушёрлик маскани” барпо этилди. Ҳайдовчилар учун барча шароит яратилди. Ушбу маскан тунги вақтда сунъий ёритиш жиҳозлари, тарғибот баннерлари ҳамда ҳайдовчиларни ҳушёрликка чорлаш мақсадида электрон таблолар билан жиҳозланган.
Дарҳақиқат, ушбу “Ҳушёрлик маскани”да тақсимот асосида йўл-патруль хизмати инспекторларининг 24 соат давомида узлуксиз хизмат олиб боришлари белгиланиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан келишилган ҳолда алоҳида тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратилиб, малакали тиббий ходимларнинг хизмат кўрсатишлари йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Бу эса ўз навбатида ушбу йўлдан ҳаракатланиб ўтаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчиларининг саломатлигида муоммо пайдо бўлганида уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, ҳайдовчиларга яратилган шароитлар билан бирга уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида “Ҳушёрлик маскани” олдида ушбу ҳудудда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар билан ҳамкорликда транспорт воситалари учун хавфсиз автотураргоҳ, ҳайдовчиларнинг дам олишлари учун алоҳида хоналар, ювиниш ва таҳорат олиш учун махсус жойлар ҳамда намоз ўқимоқчи бўлган ҳайдовчи ва йўловчилар учун намозхоналар ташкил этилгани эътиборимизни тортди.
– Вилоятимиз ҳудудида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган тадбирлар давомида автокорхона ва ташкилотларда 481 маротаба, маҳаллаларда 208 маротаба, таълим муассасаларида 356 маротаба суҳбатлар ўтказдик, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи кичик инспектори сафдор Сабохат Давлатова. – Вилоят халқ таълими бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари тизимидаги умумтаълим мактабларида “Йўл ҳаракати қоидалари” дарсларининг ўқитилиши сифати юзасидан ўтказилган текширишлар давомида аниқланган камчиликлар, болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимларига 24 маротаба такдимномалар киритдик. Бундан ташқари, вилоят халқ таълими бошқармаси билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, домий равишда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган амалий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу ўринда, вилоят ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари самарасини янада ошириш мақсадида – “Ҳайдовчи унутма, сени оиланг кутмоқда!”, “Ҳар ҳафтанинг жума куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни” ва “Ҳар ойнинг учинчи жума куни автомобилсиз кун” шиори остидаги паннолар Жиззах шаҳри ҳудудидаги мавжуд электрон таблолар орқали намойиш этиб борилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
Вилоят ҳудудида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида содир этилган йўл транспорт ҳодисалари юзасидан кенг жамоатчилик орасида, яъни йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган жойларда, маҳаллалар, ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотларда ўтказилиб келинаётган муҳокамалар жараёнида вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари жамланган видеороликлар йиғилиш иштирокчиларига эътиборига ҳавола этиб борилмоқда. Бу эса келгусида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ўзининг ижобий самарасини беради.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда Жиззах ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётган товар-моддий бойликларни аниқлаш борасида 30 та ҳолат аниқланиб, шундан, 12 та ҳолатда 12 минг 600 килограмм миқдоридаги 26 миллион 900 минг сўмлик минерал ўғит, 2 та ҳолатда 1 минг 100 килограмм вазндаги 5 миллион 450 минг сўмлик дизел ёқилғиси, 6 та ҳолатда 3 минг 238 килограмм оғирликдаги 159 миллион 200 минг сўмлик истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти ҳамда 10 та ҳолатда 38 миллион 565 минг сўмлик турли маҳсулотлар четга олиб чиқиб кетилишининг олди олинганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 17 майдаги “2021 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 304-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 15 майдаги 37/136-сонли кўрсатмаси ижросини таъминлаш мақсадида “Ғалла-2021” ўрим-йиғим тадбирига жалб этилаётган жами 331 та ўрим комбайнларининг ҳолати қайта тафтишдан ўтказилган. Шунингдек, дала майдонларидан дон маҳсулотларини дон қабул қилиш пунктларига ташиш учун жами 1 минг 606 та юк автомашиналари жалб этилиб, уларнинг техник ҳолати вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари назоратига олинган.
Ушбу тадбир давомида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга жами 69 нафар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари жалб этилиб, дон маҳсулотларини ташишга жалб этилган юк автомашиналари дон қабул қилиш пунктларига қадар кузатув остида олиб борилиши ташкиллаштирилган.
Шунингдек, бугунги кунда Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида” фармони, 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят миқёсида амалга оширилаётган тадбирларга махсус техника воситаларини жалб этиш, уларнинг самарали ишлаши ва тартибли ҳаракатланиши юзасидан амалий ишлар ташкил этилгани ҳам таҳсинга лойиқ.
Айни пайтда, вилоят ҳудудида ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли тезкор-профилактик, огоҳлантирув ва тушунтириш тарғибот ишлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!