Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда қоидабузар ҳайдовчилардан 591 миллион сўм жарима ундирилди
20 сентябрь 2018 г 3 647 Комментарии: 0
Жиззахда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам рейдлар ташкил этилмоқда.
Мазкур жараёнда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши ва транспортларнинг техник созлиги назоратга олиниб, ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётганларга нисбатан чоралар кўриляпти.
Жиззах шаҳрининг Тошкент кўчасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан давлат рақами 25 С 789 ЕА бўлган "Дамас” русумли автомашина тўхтатилганда, ҳайдовчи Шароф Мелиқўзиев суғурта полиси муддатини ўтказиб юборганлигини тан олди.
Давлат рақами 20 357 LAA бўлган "Лабо” русумли автомашина ҳайдовчиси Руслан Имомқулов телефонда сўзлашаётгани учун тўхтатилди. Ҳужжатларни кўздан кечириш жараёнида қоидабузарлиги учун илгари ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилгани маълум бўлди. Русландаги вақтинчалик гувоҳноманинг ҳам муддати ўтказиб юборилган.
Давлат рақами 25 R 445 DA бўлган "Нексия” автоулови ҳайдовчиси Фурқат Ҳазратқулов эса йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмади ва шу атрофдаги автомобиль тузатиш устахонасига яширинмоқчи бўлди. У билан устахонада суҳбатлашилганда маълум бўлдики, илгари содир этган қоидабузарлиги сабаб Фурқатжон ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган, бу ҳам етмаганидек унга берилган вақтинчалик гувоҳнома муддати ўтган.
Ислом Каримов кўчасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг тўхташ ишорасига бир ҳафта давомида бўйсунмай қочиб юрган давлат рақами 25 Т 077 ВА бўлган "Нексия” русумли автомобиль тўхтатилди. Ушбу машина ҳайдовчиси Фурқатжон Эгамбердиевнинг маълум қилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан у эмас, акаси Шавкат Эгамбердиев қочган. Шавкат Эгамбердиев транспортни укасининг рухсатисиз бошқарган.
Худди шу кўчада давлат рақами Р 711 АА бўлган "Каптива” русумли автомашина тўхтатилганида ҳайдовчи Жасур Аҳмаджонов суғурта полисини кўрсата олмади. Автоулов жарима майдонига олиб кетилгани боис ҳайдовчи никоҳ кортежи учун олган буюртмасидан воз кечишга мажбур бўлди.
Давлат рақами 25 N 764 ВА бўлган "Газ-31” русумли автомашина тўхтатилганида ҳайдовчида ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги аён бўлди. Маълум бўлишича, мазкур автоулов унинг акасига тегишли.
Жиззах шаҳрининг Азимов кўчасида Улуғбек Ўсаровга тегишли давлат рақами 25 R 547 DА бўлган "Нексия” машинаси тўхтатилганида ҳайдовчининг йўловчи ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланаётгани аниқланди.
Худди шундай қоидабузарликка давлат рақами 25 С 617 АА бўлган "Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси Акмал Сиддиқов ҳам йўл қўйган. У Самарқанд шаҳридан йўловчиларни текинга олиб келаётган эмиш. Бунга шубҳа билдиргандик, "серсаҳоват” ҳайдовчи бизни ҳам юртимиз пойтахтига бепул олиб боришга ваъда қилди.
Давлат рақами 25 С 997 АА бўлган "Нексия” тўхтатилганида ҳайдовчи Ғайбулла Аброров автоуловни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига ташлаганча қочиб қолди. Унинг машинаси эвакуаторга ортилиб, жарима майдонига олиб кетилди. "Нексия” русумли давлат рақами 25 Q 499 DA бўлган автомашина тўхтатилганида ҳайдовчи Элдор Халиков атомашинанинг техник паспорти ва суғурта полисини кўрсата олмади.
У.Тўрақулов кўчасида 25 А 839 ЕА давлат рақамига эга "Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси Носир Абдуллаев пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракатланаётган фуқароларни ўтказиб юборишга сабри етмади. Носир Абдуллаевнинг билдиришича, светофор яшил ёнган, йўл уники, қоидани пиёдалар бузишган. Пиёдалар "зебра чизиқлари”га кириб бўлганидан сўнг ҳайдовчи уларга йўл бериши кераклигини қанчалик уқтирилмасин, тушунмади.
Ўйлаб қоласан, қоидабузарликларга қарши тинимсиз курашилмоқда. Аммо йўл транспорт ҳодисалари камаймаяпти. Балки қўлланилаётган жазо чоралари унчалик ҳам қатъий эмасдир. Рейд давомида икки жиҳат эътиборни тортди. Биринчиси, ҳайдовчиларнинг каттагина қисмида ҳужжат билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Иккинчиси, ноқонуний тарзда йўловчи ташиш билан шуғулланиш қарийб "эпидемия” даражасига етган.
— Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 334 та қўшма рейдлар ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдумурод Бобомуллаев. — Бу рейдлар натижасида ноқонуний тарзда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланган 1650 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судлар томонидан 598,1 миллион сўм миқдорида жарима жазолари тайинланди ва давлат фойдасига ундирилди. Бу жараёнда 189 нафар фуқаро 30 кун ичида ўз фаолиятини қонунийлаштирганлиги учун уларга нисбатан чоралар кўрилмади. Келгусида бу борадаги тадбирлар янада кучайтирилади. Хусусан, яқинда Самарқандда йўловчи ташиш билан шуғулланувчиларга қарши рейдлар уюштирилди. Ушбу тадбирларда жиззахлик мутахассислар ҳам иштирок этишди. Натижада ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланиш 60 фоизга қисқарди. Бизнинг вилоятда ҳам шу каби рейдларни уюштириш режалаштирилмоқда.
— Кўнгилсиз ҳодисаларни камайтириш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан серқатнов йўлларда, чорраҳаларда, мактаблар қаршисида навбатчилик ташкил этилиши билан бирга тарғибот кучайтирилмоқда, — дейди Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлими инспектори, сержант Азизбек Давлатов. — Шунингдек, йўллар видеокузатув ускуналари ва радарлар назоратига олинмоқда. Айни вақтда айрим қоидабузарликларга нисбатан чораларни кучайтириш, қатъийлаштириш устида иш олиб борилаяпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!