» » 15 йил ҳал қилинмаган муаммо – 1 кунда ечим топди

15 йил ҳал қилинмаган муаммо – 1 кунда ечим топди

05 июль 2021 г 732 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б.Исаков Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказди.

Одамлар орасига кириш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, фуқароларнинг мурожаатларига ечим топиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Юртимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритувининг сифатини, аҳолининг суд идоралари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этилишига кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш мақсадида Олий суд раиси, унинг ўринбосарлари, судьялари, вилоят жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлари раислари иштирокида ташкил этилаётган сайёр қабуллар ўз самарасини бераётир.

Ўтказилган ушбу сайёр қабулда жами 350 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг 155 нафари жиноят ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича, 144 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 29 нафари маъмурий ишлар буйича, 22 нафари иқтисодий ишлар буйича судларга оид мурожаат этди.

Мурожаатларнинг аксариятини фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, суд қарорларидан норози бўлиш, белгиланган жазоларни енгиллаштириш, уй-жой, мерос, шахсий ҳужжатлардаги чалкашлик ва бошқа шу каби масалалар ташкил этди.

Жумладан, 274 нафар фуқаронинг оғзаки, 76 фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди. Тингланган жами 350 та мурожаатдан 143 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 130 дан ортиқ мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, тўлалигича қаноатлантирилди. 76 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича 131 та мурожаат ушбу сайёр суд давомида ижобий ҳал қилинди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинганлиги, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди.

Хусусан, Ғаллаорол туман ИИО пробация гуруҳи назоратида турган 3 нафар шахснинг Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда тайинланган жазолардан муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод этилди.

– Бугунги сайёр қабулга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда менга нисбатан тайинланган жазо енгиллатишларини сўраб мурожаат қилган эдим, – дейди жиноий жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум қилинган шахс. – Ҳибсда ўзимни ҳар томонлама яхши тутганлигим, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилганлигим, ўз айбимга иқрор ва пушаймонлигим, энг муҳими маҳалла фуқаролар йиғинидан берилган ижобий тавсифнома сабабли ҳибсдан шартли равишда озод этилдим. Бундан буён, бундай номақулчиликка қўл урмасликка, халқимга, мамлакатимга чин дилдан хизмат қилишга ваъда бераман.

Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди томонидан 4 та фуқаролик иши кўрилиб, даъво ижобий ҳал этилди. Хусусан 3 фуқаролик иши бўйича даъвони қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди. 1 та фуқаролик иши бўйича тарафлар даъводан воз кечганлиги сабабли кўрилмай қолдирилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар МЖтКнинг 21-моддаси асосида тугатилганлиги, маъмурий қамоқ жазоси жарима жазосига алмаштирилганлиги сабабли 64 нафар шахснинг мурожаати қаноатлантирилди. Шу ўринда фуқаролик ишлари бўйича 65 нафар шахснинг мурожаати қаноатлантирилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Ушбу сайёр қабул жараёнида иқтисодий судлар томонидан кредит қарздорлик ундириш ҳақидаги иқтисодий иш бўйича тарафлар келишувга эришганлиги боис 2 нафар шахснинг мурожаати қаноатлантирилди. Иқтисодий судлар томонидан 5 минг 781 та иш суд мажлисларида кўрилиб, тадбиркор(даъвогар)лар даъво талаблари қаноатлантирилди.

Республика бюджетига 650 миллион 800 минг сўм ихтиёрий равишда давлат божи тўланган бўлса, суд қарорларига асосан 11 миллиард 883 миллион 490 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясида хорижий корхона (чет эл инвестори) даъвогарлигида даъво суммаси 123 минг 543 АҚШ доллари бўлган 7 та даъво ариза кўриб чиқилиб, даъвогарнинг фойдасига 121. Минг 543 АҚШ доллари ундирилган.

– Туғулганлик гувоҳномам ва паспортимда исмим Абдураззоқ деб, меҳнат дафтарчамда эса Раззоқ деб ёзилганлиги сабаб 40 йилдан ортиқроқ меҳнат стажим инобатга олинмаганлиги ва менга ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён пенсия нотўғри тайинланиб, тўлаб келинаётганлиги сабабли бугунги сайёр судга мурожаат қилдим, – дейди Ш.Рашидов тумани Учтепа МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Абдураззоқ Худойқулов. – Ниҳоят бугун адолат қарор топди. Меҳнат стажим тикланиб, ўтган давр учун ҳам пенсиям тўлаб бериладиган бўлди. Бугунгидек хайрли ишларга бош-қош бўлган, фуқаропарвар Юртбошимиздан  миннатдорман.

– 1991 йилдан буён Ўзбекистон Республикасида истиқомат қиламан, аммо 30 йилдан буён фуқаролик паспорти ола олмай овораю сарсон бўлиб юрганим учун бугунги сайёр қабулга келиб мурожаат қилгандим, – дейди мирзачўллик Назокат Ҳакимова. – Худога шукур, ниҳоят менга Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган паспортни берадиган бўлишди. Бундан нақадар хурсанд эканинимни тушунтириб бера олмайман. Бунинг учун барча раҳбарларимизга чин дилдан ташаккур айтаман.

– 2005 йил туғилган қизимга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ололмаган эдим. Боғчага жойлашга, мактабга беришга росса қийналганман. Мана ҳозир паспорт олиши керак, лекин бунинг учун “метрка” керак экан. Шу сабабдан Олий суднинг сайёр қабулига мурожаат қилдим. Шу жойни ўзида муаммо ҳал бўлганидан жуда хурсандман. Туғилганлик гувоҳномасини уйга олиб борганимда, қизим қанчалик хурсанд бўлишини ҳеч ким тасаввур қила олмаса керак. Салкам 15 йиллик муаммони 1 кунда ҳал қилиб берган Олий суд вакилларига кўпдан-кўп раҳмат,  – дейди арнасойлик Хумора Саипова.

Шунингдек, қабулда муаммолари ҳал бўлган 78 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирди.

Жорий йилнинг шу даврида Жиззах вилояти кесимида кўрилган жиноят ишлари бўйича 11 нафар шахс, шу жумладан 2 нафар ички ишлар органлари ходими оқланди.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти кесимида дастлабки тергов органлари томонидан 151 шахсга оид 105 та жиноят иши юзасидан ортиқча қўйилган айблов чиқарилган бўлса, шу даврда 51 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган, 465 нафар шахс тайинланган жазонинг қолган қисмини ўташдан озод этилган ҳамда 317 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғи билан алмаштирилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!