Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўриклисой бағрида уч кун
10 июль 2021 г 611 Комментарии: 0
Унда фаол ижодкорлар бадиий ижоднинг турли йўналишларида устозлардан сабоқ олди, тенгдошлари билан ўзаро фикр алмашди. ЎзА мухбири семинар иштирокчиларининг таассуротлари билан қизиқди.
Отабек ИСРОИЛОВ, журналист:
- Тоғ хушомадни ёқтирмайди, шунинг учун ҳам унинг виқори кўрганларни ҳайиқтиради, ҳайратга солади. Тоғнинг қалби покиза, шунинг учун ҳам ғубордан холи қорлар тоғни мангу макон тутади. Тоғ шундай софдилки, она заминга армуғони бўлган унинг ирмоқлари ерни яшнатади, унга ҳаёт бахш этади. Зомин тоғларида, Ўриклисой баландликларида ҳалол, покиза, софдил ёш қаламкашларга оқ йўл тилаш яхши анъанага айланганки, унинг ҳосиласи адабиётимизнинг янги овозларида жаранг сочаяпти.
Бу йилги Зомин семинарининг бадиий публицистика йўналишида иштирок этиб, амин бўлдимки, Ўриклисойда оқ фотиҳа олган покқалб ёш ижодкорлар нафақат адабиётнинг умидига, балки миллатнинг ишонган тоғи ва ҳақпарвар жарчиларига ҳам айланади. Аҳмаджон Мелибоев, Тўлқин Эшбек, Воҳид Луқмоннинг маҳорат дарсларида ўрганганларимиз шу бўлди: ижодкорлар пок бўлса, унинг асари ҳам пок бўлади, табиийки, покизаликдан баҳра олган адабиёт истеъмолчисида ҳалоллик, оқкўнгиллик, одамийлик каби фазилатлар сари одимлайди. Аслида сўз ҳам покиза неъмат. Унинг уволини билиш, исрофидан тийилиш керак.
Маҳорат сабоқларида Аҳмаджон Мелибоев тўғри таъкидлади: ўтган асрнинг 90 йиллари публицистикаси эҳтирослар асосида қурилган эди. Бугунги кун ўқувчиси эса ҳиссиётни эмас, далилларни талаб қилади. Шунга биноан айтилса, бугунги давр таҳлилий публицистик асарлар яратишни тақозо этади.
Зомин семинари адабиётнинг яна янги овозларини инкишоф этди. Янгилик, янги ному янги овозлар муҳташам адабиётимизга, барчамизга қутлуғ бўлсин.
Паризода Рўзибоева, шоира:
- Бу йилги ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинарида иштирок этиб, азиз ва қадрдон устозлардан адабиёт, шеърият, ҳаёт ва сўз ҳақида маҳорат сабоқлари олдим. Назм шўбасида иштирок этиш жараёнида ҳақиқий шеър қандай ёзилмоғи керак, шеърият елкамизга ортаётган масъулиятни яна бир қадар ҳис қилдим.
Эндигина ижод қилишни бошлаган пайтларимданоқ Дўрмон, «Истеъдод мактаби», Зомин семинарида иштирок этаётган опаларим, акаларимга ҳавас қилиб шеърлар машқ қилардим. Бугун эса ўзим шу семинар иштирокчисиман.
Пурвиқор тоғлар, Зоминнинг сўлим табиати бағрида адабиётимизнинг забардаст вакиллари бўлган устозлар билан бўлиб ўтган суҳбат умрбод эсимдан чиқмаса керак. Мен бу семинарда кўплаб дўстлар орттирдим, устозлар сабоғини олдим, янгидан-янги ижод намуналарини яратдим. Aдабиёт соҳасидан боришга, ўз устимда меҳнат қилиш, ўқиш ҳамда ўрганишга ҳамиша ҳаракат қиламан.
Ситора ЙЎЛЧИЕВА, журналист:
-«Зомин семинари-2021»га Сирдарёдан иштирокчи бўлиб бордим.
Баҳайбат 3 яшил автобусда Дўрмондан йўлга чиқмаган бўлсак-да, Гулистондан Ўриклисойга қадар бўлган масофани барча билан биргаликда босиб ўтиш насиб этди. Номига монанд сой бўйида маржондек тизилган ўриклари ғуж оромгоҳга жойлашдик.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган семинарнинг очилиш маросимидан сўнг бир-бирини такрорламас дил сўзларидан дунёга келган шеърларни тингладик.
Семинарнинг публицистика йўналишида устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев, Тўлқин Эшбек ва Воҳид Луқмонлар билан 3 кун мобайнида жўшиб ижод қилдик. Тўрт томон тоғлар, шарқироқ сойлар, салқин ҳаво, умуман олганда ижодкорнинг илҳомини илҳомлантирадиган бир шароитда публицистика, журналистика амалиёти, бугунги кунда ахборот истеъмоли талаби каби мавзуларда суҳбатлашдик.
Аслида ижод жой танламайди. Бироқ алоҳида эътибор ва шароит яратилган маскан бўлса, бетакрор ижод намуналари дунёга келиши тайин ва бунга яна бир бора амин бўлдим.
Умида Сулаймонова, журналист:
- Шарқдан чиқаётган қуёш бугун ўзгача нур таратаётгандек гўё. Эрта тонгдан Зомин тоғлари томон йўл олар эканман, қалбимда устозларим Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Зулфия каби ёзувчи-шоирлар бизга оқ фотиҳа бераётгандек. Ҳақиқатан ҳам сўлим гўшага киришим билан уларнинг тафтини ҳис қилдим.
Улкан тоғлар, булоқларда оқаётган сувлар , она табиат ёш қаламкашларни ўзига чорлади. Худди шарқироқ сойларда оқаётган сувлар орзуларим каби пок ва беғубор. Республикамизнинг барча вилоятларидан келган ижодкорларнинг кўзига боқсангиз шеъриятга ошнолигини, адабиётга меҳрини кўрасиз. Бугун мен ҳам Ҳазрат Навоий бобомиз номлари билан аталган вилоятдан келиб, иштирок этаётганлигим энг катта бахт.
Ўриклисойдаги адабий муҳит, устозларнинг ҳар бир ёзилган асарга муносабати, ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилишлари янги ижод намунларини яратилишига туртки бўлади.
Ёзувчи Саид Аҳмад айтганидек, “Журналист адабиётнинг олтин поёндози», мана шу олтин поёндоздан қадам қўйиб борар эканмиз, энг аввало, ниятимиз холис, сўзимиз кескир бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳақиқатни халққа етказиб берадиган журналист жамиятнинг устуни».
Зомин қалдирғочлари семинари бизни кашф этган бўлса, Ўриклисой табиати ижодкорларга илҳом берди.
Дилобар Маматова ёзиб олди
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!