Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой оромгоҳида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг уч кун давом этган семинари ниҳоясига етди. Ўриклисойдаги Навоий кон-металлургия комбинатининг янги қурилган сиҳатгоҳи амфитеатрида тадбирнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуман навбатдаги адабий-маърифий тадбир бўлиб қолмасдан давлатимиз томонидан ёшларга, ёш ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг, Президентимиз беш муҳим ташаббусини ҳаётга татбиқ этишнинг яна бир амалдаги ифодаси сифатида катта тайёргарлик ва ташкилотчилик билан ўтказилди. Шу боис тадбирнинг якуний йиғинида устоз ижодкорлар, иштирокчилар томонидан анжуман фақат ёш ижодкорларни етиштиришдагина эмас, адабиётимиз тараққиётида муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.
Уч кун давомида анжуман доирасидаги учрашувлар, маҳорат дарслари, мушоиралар, адабий баҳслар, Зоминнинг хушманзара табиати қўйнига саёҳатлар, бошқа маданий-маърифий тадбирларда ёшлар катта қизиқиш ва фаоллик билан қатнашди. Семинар иштирокчилари учун шеърият, наср, драматургия, бадиий публицистика, болалар адабиёти йўналишларида юртимизнинг таниқли шоирлари, ёзувчилари, адабиётшунослари ёшларга сабоқ беришди.
Семинар доирасида бўлиб ўтган қизғин мушоиралар ёшларни янада бир-бирига яқинлаштирди. Уларнинг бир-бири билан ижодий фикр алмашишига, ижод намуналарини ўртада баҳам кўришга иштиёқини оширди.
Истеъдод таълимда, тарбияда доимий изланишда, ўрганишда камол топади, –дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари Гавҳар Ибодуллаева. –Ана шу нуқтаи назардан Зомин анжумани энг яхши мулоқот майдонига айланди. Биз ҳам ушбу анжуманнинг дастлабкиларида қатнашганмиз. Ўша пайтдаги иштирокчилар орасидан бугун таниқли ижодкорлар етишиб чиққанига ҳам гувоҳ бўлдик. Бугунги иштирокчиларнинг орасида ҳам келажакнинг буюк ижодкорлари етишиб чиқишига ишончим комил.
Ёпилиш маросимида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ушбу анжуманни юксак даражада ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Жиззах вилояти ҳамда Зомин тумани ҳокимликларига самимий миннатдорлик билдирди.
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмас ҳузуридаги “Ижод” фонди маблағи ҳисобидан тўпламим нашр этилди, –дейди Наманган шаҳридаги Исҳоқхон Ибрат номли ижод мактаби ўқувчиси Дилшода Ҳакимова. – Ёш ижодкор учун бу жуда катта қувватлов, ғамхўрлик. Бу йил Зомин семинарида иштирок этишим мен учун яна бир ютуқ бўлди. Ўтказган ҳар бир машғулот бизларни адабиётнинг сирли олами билан таништирди. Шеърларни ўқиб, ҳавас қилиб юрган катта шоирлар билан учрашдик. Уларнинг маслаҳатларидан баҳраманд бўлдик. Мушоиралар, дўстона баҳслар ҳам бизнинг дунёқарашимизни кенгайтириб, фикримизни бойитди. Ҳаммаси учун сенга раҳмат, Зомин анжумани!
Якуний йиғинда барча шўъба йиғилишлари, маҳорат дарслари иштирокчиларига сертификатлар, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг, Жиззах вилоят ҳокимлигининг, ҳомий ташкилотларнинг, уюшма “Дўстлар клуби” нингэсталик совғалари топширилди.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0