Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманида халқ таълими тизими аҳволи қандай?
06 сентябрь 2018 г 3 252 Комментарии: 0
Фориш тумани «Али бобо» тантаналар мажмуасида ўқитувчиларининг анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди.
Август кенгаши учун халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирининг 2017 – 2018 ўқув йилида олиб борилган ишлар юзасидан маърузаси тезиси «Фориш тонги» газетасининг аввалги сонида эълон қилингани боис анжуман кенгайтирилган давра суҳбати тариқасида очиқ, ошкораликда ўтди.
Бугунги кунда туман халқ таълими тизимида 64 та умумтаълим мактаби, 1 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 1 та мусиқа ва санъат мактаби, 1 та мактабдан ташқари муассаса фаолият кўрсатмоқда. Туман умумтаълим мактабларида 14260 нафар ўқувчига 1473 нафар педагоглар таълим-тарбия бермоқдалар. Юқори синф ўқувчиларини касбга йўналтириш мақсадида касб-ҳунар коллежларида 5 та, 11 та умумтаълим мактабларида жами 16 та ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари фаолият юритяпти. Уларда 50 та гуруҳташкил этилган.
Мактабдаги таълим сифатини яхшилаш мақсадида август ойида ўқув юртларини битирган 51 нафар ёш ўқитувчилар туманимиз педагоглари сафига қўшилдилар.
Таълим сифатини яхшилаш мақсадида туман мактабларида чет тилларини ўқитиш борасидаҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 64 та мактабнинг 52 тасида инглиз, 6 тасида немис, 6 тасида француз тили ўқитилади. 56 нафар хорижий тил ўқитувчиларининг 9 нафари олий, 13 нафари биринчи, 13 нафари иккинчи, 21 нафари мутахассис малака тоифаларига эга.
Бу каби эзгу ишларнинг барчаси ўқувчи-ёшларнинг бой дунёқарашини шакллантириш, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик туйғулари асосида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўқитувчиларнинг анъанавий август кенгашида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Жиянов, туман халқ таълими бўлими мудири Ойбек Эрхонов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмал Кўбаевлар сўзга чиқиб, умумий ўрта таълим соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш, таълим сифатини янада яхшилаш, ўқитувчилар обрўсини ошириш, ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнларини такомиллаштириш, таълим масканлари раҳбар ходимларининг ишга муносабатини тубдан ўзгартириш мазкур соҳада мутлақо янги тизимни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўқитувчиларнинг анъанавий август кенгаши ниҳоясида таълим-тарбия соҳасида юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ фидойи ўқитувчиларга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Туман халқ таълими бўлими ўқитувчиларининг анъанавий август кенгаши кўтаринки руҳда ўтди. 2017 – 2018 ўқув йили якунлари таҳлилқилиниб, янги ўқув йили вазифалари белгилаб олинди.
Рашид КАРИМОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!