» » Эрон қизиман, меҳнат қадрланган юрт – Ўзбекистонда яшаяпман!

Эрон қизиман, меҳнат қадрланган юрт – Ўзбекистонда яшаяпман!

02 август 2021 г 567 Комментарии: 0

Жиззах вилояти Мирзачўл туманига 1972 йил Қозоғистоннинг Махтаарал туманидан кўчиб келган эрон қизи бўлсамда, ўзимни ўзбекистонлик, шу жаннатмакон юрт фарзанди, деб ҳисоблайман, Ўзбекистоним ва Гагарин шаҳрим билан фахрланаман.

Биз, ўзбек, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, тожик, рус, арман, корейс ва бошқа бир қатор миллат вакиллари жонажон шаҳримизда аҳил, иноқ яшаб келамиз. Тўй-маракаларимиз бир, қувонч-ташвишларимиз ҳамоҳанг, бир ариқдан сув ичиб, бир мақсадни кўзлаб яшаймиз.  

Она ҳар бир эл, миллатда онадир. Ҳаётим давомида буни оналарнинг ўз боласига алла айтаётганида кўрдим, ҳис қилдим. Мен мутлақо тушунмайдиган арман ёки корейс аёлини ўз тилида боласига айтаётган алласини тинглаб, унинг замирида худди эрон, ўзбек ёки тожик аёлидек тинч-тотувлик, дўстлик ва улкан меҳр мужассамлигини чин дилимдан англадим.

Шу аллани эшитиб улғайган фарзанд, у қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар шу юртни, шу халқ тинчлигини, равнақини ўйлашига асло шубҳаланмайман.

Мирзачўлда туғилиб вояга етган тожик қизи Гагариндан сал узоқроқ жойда ўзи билан бир маҳаллада катта бўлган қозоқ қизини кўрганида ёки шу жойда улғайган ўзбек йигити дунёнинг қайсидир бурчида рус маҳалладошини учратганида худди қадрдон, жон-жигарини кўргандек суюнишига ишончим комил ва бунга кўп бора ўзим амин бўлганман.  

Назаримда, қон-қардошлик ришталари ҳеч бир жойда Ўзбекистондаги каби мустаҳкам боғланган бўлмаса керак. Бу ҳам биз, ўзбекистонликларга тақдирнинг кулиб боққанидан.

Бир неча йиллар муқаддам, қўшни бўлиб яшаган, туманимиз автобазасида раҳбар бўлиб ишлаган Леонид Васильевич Россия Федерациясининг Риязан шаҳрига кўчиб кетди.

У кўп вақт ўтмай яна Гагаринга қайтиб келиб, янги, замонавий уйлардан бирини олиб кўчиб кирди. Ҳозир бу ерда бутун оила аъзолари билан шоду хуррам яшамоқда.  

Яқинда у билан учрашиб қолдим. Шунда Леонид Васильевич: “У ёқда ҳамма нарса бор ва у жойлар боболаримнинг юрти бўлсада, ўз миллатдошларим орасида яшаган бўлсамда, лекин Ўзбекистоним, мирзачўлликларга ўхшаган меҳар-оқибат, туғишганингдан ҳам яқин бўлиб кетган қўни-қўшничилик, маҳалладошлик, ҳамшаҳарлик деган меҳрни сезмадим, учратмадим, топа олмадим. Шу сабабдан ҳам туғилиб ўсган ўз юртимга қайтиб келдим”, деди.

Салкам 50 йилдан буён Гагаринда яшайман. Ҳозирда Мирзачўл туманидаги “Расим Ирода” биолабораторияси мудираси лавозимида меҳнат қилиб келаяпман. Давлатимиз раҳбари меҳнатларимни юқори баҳолаб, “Мўътабар аёл”, “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари, “Дўстлик” ордени, куни кеча Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз қатори “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Меҳнати қадрланадиган, хизмати эъзозланадиган, дўстлик учун миллат танламайдиган халқ билан бир юртда яшаётганим бу менинг бахтимдир.

Ушбу Давлат мукофотлари биргина менинг эмас, балки кўп миллатли биз, мирзачўлликларни бир тану бир жон бўлиб яшаётганимиз, меҳнат қилаётганимиз, қон-қардош бўлиб кетганимиз учун ҳукуматимиз томонидан берилган улкан баҳо, деб ўйлайман.

Бу орден Мирзачўлнинг кўп миллатли, аҳил-тотув халқига берилган мукофотдир.  

Гулниса Пашаева,

Мирзачўл туманидаги “Расим Ирода”  

биолабораторияси мудири, “Дўстлик” ва

“Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳибаси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!