» » Зафаробод туманида аҳоли фаровонлигига қаратилган ишлар: ўз самарасини бермоқда

Зафаробод туманида аҳоли фаровонлигига қаратилган ишлар: ўз самарасини бермоқда

06 сентябрь 2018 г 2 641 Комментарии: 0

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз.

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган "Обод қишлоқ” дастури туфайли олис қишлоқлар ҳаётида ҳам янги давр бошланмоқда, ҳудудлар кўркига кўрк қўшилмоқда. Фаровонлик сари юз бурган қишлоқлардаги турмушдан одамлар рози бўлиб, эртанги кунга ишончи ортмоқда.

Ушбу дастур ижросини таъминлаш, қишлоқларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш ва у ерда бошланган ишларга кўмаклашиш борасида Ўзбекис­тон "Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам фаол иштирок этмоқда. ЎзМТДП Марказий кенгаши ва Жиззах вилоят кенгаши вакиллари ҳамда бир гуруҳ депутатлар "Обод қишлоқ” дастури ижроси билан танишиш мақсадида Зафаробод туманидаги "Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғинида бўлди.

photo_2018-08-31_13-00-58.jpg

Ушбу масканда "Обод қишлоқ” дастури самарали ижро этилмоқда. Ҳудудда иккитадан мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, битта қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатади. 8 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарчада аҳоли қурган ноқонуний қурилмаларни бузиш ишлари якунига етказилмоқда.

— Дастурга биноан қишлоғимизда олиб бориладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига жами 20 миллиард 55 миллион сўм маблағ ажратилган, — дейди "Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ўтагул Бойжонова. — Бу маблағлар эвазига 320 та уй-жой таъмирланади, 3,8 километр узунликдаги ичимлик суви қувурлари яхшиланади. Саккизта оқава сув хандақлари қурилади, 7,5 километр узунликда электр тармоғи барпо этилади. Олти ярим километр йўл жорий таъмирланади. Уч километр пиёдалар йўлак­лари таъмирланиб, 140 дона кўча чироқлари ўрнатилади. Жами олти километрда гулзорлар ташкил этиш кўзда тутилган. Қишлоғимиз аҳолиси бу каби бунёдкорлик ишларидан жуда мамнун.

photo_2018-08-31_13-03-18.jpg

Партия вакиллари дастлаб шаҳарчанинг бош харитаси билан танишди. Харитада "Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳоли пунктининг бош режаси, ҳовли деворининг лойиҳа таклифи, реконструкция қилинадиган канализация ва ичимлик суви тармоқларининг схемалари акс эттирилган.

Ҳудудда амалга оширилаётган ишларга ЎзМТДП Зафаробод туман кенгашининг "Ёшлар қаноти” ҳамда "Аёллар қаноти” фаоллари ҳам кўмакдош бўлиб, ҳашар ишларини уюштиргани эътиборга молик. Ҳашарчилар ҳудуддаги Барлос маҳалласи Оқсарой кўчасида яшовчи кам таъминланган оилалардан бири Замира Ҳожиеванинг хонадонида деворларни оқлаш, ҳовлиларни тозалаш ишларини бажарди. Бунда, айниқса, партия туман кенгаши етакчи мутахассиси Зафар Аҳмедов, маҳалладаги ёшлар етакчиси Алишер Толлибоев бошчилигида бир қатор йигит-қизлар фаоллик кўрсатди.

photo_2018-08-31_13-00-29.jpg

Таъкидлаш жоиз, уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар ишларини олиб бориш ҳисобига ҳовли ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқава сув ҳандақларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилаларнинг уй-жойларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Зеро, муҳтожга ёрдам бериш, ҳашар уюштириш, меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизга хос бебаҳо қадриятлардан ҳисобланади. Шу боис партия вакилларининг улар ҳолидан хабар олиш, муаммоларига қулоқ тутиш, кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишларига баҳоли қудрат кўмак бериш мақсадида келганлиги қишлоқ одамларини мамнун қилди.

— "Обод қишлоқ” дастурининг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларимизни изчил давом эттиришга ундайди, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши матбуот котиби Дониёр Тошбоев. — Айниқса, бу дастур барчани кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажаришга, қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтиришга, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этади. Катта бунёдкорлик ишлари кетаётган шундай шароитда сиёсий партияларнинг бу ҳаракатдан четда туриши мумкин эмас. Ушбу ҳаракат доирасида фаол иштирок этишни партиямиз аъзолари ўзларининг энг муҳим вазифаси деб билади.

photo_2018-08-31_13-04-06.jpg

Ҳа, ЎзМТДП ташкилотлари ва фаоллари бундай улкан бунёдкорлик ишларига бефарқ қараб тургани йўқ. Балки бу ишда муносиб иштирок этишга, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга интилмоқда. Айниқса, партия вакилларининг кам таъминланган, ногирон ёки кексалари бор хонадонларга кириб боришни назардан қочирмагани эътиборга молик. Ҳашардан сўнг барча вакиллар ва фаоллар 93 ёшли Кўркам момо Фармонова хонадонида бўлиб, онахонга совға-салом топширишди.

photo_2018-08-31_13-01-06.jpg

Кейинги манзил ногиронлиги бор фуқаро — Шоҳсанам Аввалова хонадони бўлди. У партия вакилларига тикувчиликка ўқиганини, касаллиги сабаб ҳар олти ойда даволаниб туришини, иш билан таъминлашда амалий ёрдам кераклигини билдирди. Бу масала жойида ҳал этилди. "Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ўтагул Бойжонова Шоҳсанамни дастурга биноан ҳудудда ташкил этилган жамоатчилик асосидаги ишларга йўналтиришини маълум қилди.

photo_2018-08-31_13-02-14.jpg

Фаоллар А.Самарқандий кўчасида яшовчи, тўрт фарзанднинг отаси, бир неча йилдан буён кўзи кўрмай азият чекаётган бемор Абдухалил Жўраев хонадонида ҳам бўлдилар. Унга  эсдалик совғалари, дори-дармонлар топширилди.

— Президентимиз томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган дастурлар доимий эътиборимизда, — дейди ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Орифхўжа Мелиев. — Ҳар бир ҳудудда партиямиз фаолларини жалб қилган ҳолда хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўрмоқдамиз. Кўчаларни обод қилиб, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қиёфага киритиш, маънавий муҳитни таҳлил этиш, аҳолини ўйлантираётган масалаларга жавоб топиш борасида муайян ишларни амалга оширяпмиз. Бу жараёнда партиямизнинг фаол аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, "Ёшлар қаноти” ва "Аёллар қаноти” вакиллари фаол иштирок этмоқда.

— Ушбу дастурга кўра ҳудудимизда уй-жойи таъмирталаб бўлган оилалар рўйхати тузилиб, уларнинг уйларини таъмирлаб беришга эътибор қаратилмоқда, — дейди "Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини таркибидаги Барлос маҳалласи оқсоқоли Суннатилло Худойбердиев. — Кўркам  уй-жойга эга бўлиш инсоннинг ҳаётга нисбатан қарашларини ўзгартиради, ўзини оиласи билан бахт­ли ҳис қилишига ундайди. Айниқса, ушбу дас­тур қишлоқларимизда уй-жойини таъмирлашга имкони йўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ҳаётига мазмун олиб кирди. Қирқ йил педагог бўлиб ишладим. Аммо шунча йил ишлаб, фуқароларнинг хонадонларига кирган, уларнинг ҳолидан хабар олган мансабдорларни кўрмаган эдим. Бунинг учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Қийналган, кўнгли ярим маҳалладошларимнинг хурсандчилигини кўриб, мен ҳам бундан мамнунлик ҳис этаман. Меҳр-оқибат кўрсатиш, ёрдам қўлини чўзиш каби халқимизга хос миллий қадриятларимиз янада кенг қулоч ёяётганидан барчамиз бирдек хурсандмиз.

Шу куни кечки пайт ЎзМТДП туман кенгаши томонидан шаҳарчада ҳудуд аҳолиси учун маданий тадбир ташкил этилди. Унда шеъру қўшиқлар айтилди, рақслар ижро этилди. Партия вакиллари ҳудуд аҳолисини Истиқлолимизнинг 27 йиллик байрами билан қутлади.

"Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолиси дастурнинг ҳудуддаги ижросига дастлабки қадам қўйилганлигини мамнунлик билан қабул қилишган бўлса, эндиликда унинг якунини ҳам интиқлик билан кутмоқда. Ҳозирдан ҳашарга маҳкам бел боғлаган одамлар ўзлари яшаётган масканнинг келажакдаги кўркам қиёфасини кўз олдиларига келтириб яшаётгани ҳам қалбида юз бераётган эзгу ўзгариш­лардан дарак бериб турибди. ЎзМТДП дас­турий вазифаларидан келиб чиқиб, партия вакиллари ва депутатларимизнинг олис қишлоқлардаги юртдош­ларимиз ҳаёти билан яқиндан танишаётганлиги эса партиянинг жамиятдаги ролини янада оширишга хизмат қилади.

Шоди ОТАМУРОД,
"Milliy tiklanish” мухбири
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!