Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда ташкил этилаётган “Келажак лидерлари” клуби учун ўтказилаётган танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтмоқда
12 август 2021 г 770 Комментарии: 0
Аввал хабар қилганимиздек, ҳудуддаги фаол ва ташаббускор ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ташкилий чораларни амалга ошириш, истиқболли кадрлар селекцияси орқали жойларда юқори малакали давлат фуқаролик хизматчилари қатлами ҳамда янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6260-сонли Фармон ижросини таъминлаш, шунингдек “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори асосида алоҳида Низом тасдиқланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубига ёшларни кенг жалб қилиш мақсадида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиладиган танлов асосида клуб аъзоларини саралаб олиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Мазкур клубга аъзолик учун ташкил этилган танлов 4 босқичда амалга оширилиб, дастлабки босқичда номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар “Жиззах вилояти “Келажак лидерлари” клуби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида сараланди.
Дастлабки босқичда жами 430 нафар хужжат тақдим этган номзодлар орасидан 178 нафари муносиб деб топилди ва кейинги, танловнинг 2-босқичига ўтказилди.
Танловнинг 2-босқичида, яъни тест босқичида 178 нафар номзодлар 2 кун давомида (27 ва 28 июль кунлари) график асосида, карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда, тест синовларидан ўтказилди.
Тест босқичида 56 ва ундан юқори фоиз тўплаган 89 нафар номзодлар танловнинг 3-босқичи (эссе ёзиш босқичи)га етиб келишди. 3-4 август кунлари Жиззах давлат педагогика институтида танловнинг 3-босқичи ўтказилган бўлиб, 89 нафар номзоддан 84 нафари (94 %) ушбу босқичда иштирок этди.
Жорий йилнинг 10-12 август кунлари 3-босқичда иштирок этган 84 нафар номзодлар 4-босқичда суҳбатдан ўтказилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда ушбу суҳбат босқичи ўтказилмоқда. Танлов якунида 3- ва 4- босқичларидаги ҳар бир синов натижалари 100 баллик мезонда баҳоланиб, умумий балл кўсаткичи юқори бўлган 50 нафар номзодлар Клуб аъзолигига қабул қилинади.
Ҳар бир босқич жараёнларини очиқ, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш ҳамда бу жараёнларнинг жамоатчилик назорати остида ўтишини таъминлаш мақсадида синов жараёнлари youtube видеохостинги орқали онлайн шаклда бевосита кузатиш имконияти яратилди.
Клубга аъзо бўлган ёшларнинг фаолияти кредит-балл тизимида тегишли баллар йил давомида тўпланиб, ушбу балларни клуб тамонидан тақдим этиладиган имкониятларга алмаштириш имконини беради.
Шунингдек, уларни рағбатлантириш мақсадида фаол аъзолар исталган давлат органлари ва ташкилотларида амалиёт ўташлари, жумладан ривожланган ҳорижий давлатларда ҳамда Давлат бошқарув академиясининг “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурларига юбориш мумкин.
“Ушбу клубни ташкил қилишдан мақсад, ёшлар орасидан фаол ва ташаббускор, креатив ва теран фикрлайдиган ёшлар қатламини аниқлаш, давлат фуқаролик хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этишдир” – дейди Агентликнинг Жиззах вилояти филиал раҳбари ўринбосари Б.Яхшибаев. Келгусида танлов якунлари юзасидан батафсил маълумот тақдим этилади.
Давлат хизматини риводлантириш агентлиги
Жиззах вилояти филиали
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!