» » Жиззахда тадбиркорлар ишига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар кўриб чиқилди

Жиззахда тадбиркорлар ишига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар кўриб чиқилди

21 август 2021 г 497 Комментарии: 0

Жиззах вилоятидаги Бош вазир қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишда асоссиз муддатлар бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун тегишли идораларга киритилган 132 та тақдимномага мувофиқ, 49 нафар раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Жиззах вилояти, шаҳар ва туманлардаги Бош вазир қабулхоналари томонидан тадбиркорлар, чет эллик инвесторларни шахсан қабул қилиш, улар билан сайёр қабуллар ташкил этиш, ваколатли органлар томонидан жалб этилган ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда мурожаатларни кўриб чиқиш, мурожаатлардаги қонуний талабларни жойида ҳал этиш, ҳал этилмаган мурожаатларни ваколатли органларга юбориш ва ижросини назоратга олиш, барча маълумотларни “business.gov.uz” ягона интерактив порталга киритиб бориш борасидаги асосий вазифалар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврига қадар тадбиркорлардан бевосита қабулхоналарга 1 минг 169 та, сайёр қабуллар орқали 962 та, Cаll-марказ орқали 897 та, “business.gov.uz” ягона интерактив портали орқали 153 та, жами бўлиб 3 минг 184 та мурожаат бўйича 3 минг 600 та масала қабул қилиниб, уларнинг барчаси ижрога қаратилган.  

Қабул қилинган мурожаатларда кўтарилган 3 минг 600 та масаланинг 3 минг 351 таси, яъни 93,1 фоизи қабулхона кўрсатмаси билан мутасадди идоралар томонидан кўриб чиқилиши таъминланди, қолган 249 таси ёки 9,9 фоизи кўриб чиқиш жараёнида.

Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг 1 минг 178 таси, яъни 32,8 фоизи кредит, 557 таси ёки 15,5 фоизи ер ажратиш, 36 таси ёки 1 фоизи рухсатнома ва лицензиялар олиш, 92 таси, яъни 2,5 фоизи инфратузилма тармоқлари (газ, электр, сув, йўл)га уланиш, 103 таси ёки 2,8 фоизи солиқ қонунчилигига оид ва 1 минг 634 таси, яъни 45,4 фоизи бошқа турли масалаларда бўлган.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 2 минг 270 таси ёки 68 фоизи ижобий ҳал қилиниши таъминланди, 1 минг 61 таси – 32 фоизи юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 20 таси ёки 1 фоизи асоссиз, яъни мурожаатчи қонунчиликка зид бўлган талаблар қўйганлиги сабабли тегишли тартибда кўриб чиқилиб, рад жавоби берилди.

Жиззах вилоят ва шаҳар, туманларидаги қабулхоналар барча секторлар раҳбарлари билан биргаликда тасдиқланган жадвалларга мувофиқ, жорий йилда 2 минг 762 нафар тадбиркор иштирокида 153 маротаба сайёр қабул ташкил этилди, тадбиркорлардан 962 та мурожаат бўйича 1 минг 172 та масала ўрганиб чиқилиб, 763 та масала ёки умумий сайёр қабулдаги масалаларнинг 65,7 фоиз қисми ижобий ҳал этилишига эришилди.

Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш доирасида Жиззах вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида вилоятдаги тадбиркорлар олдидаги долзарб муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимлари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, ҳудудда қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича тадбиркорлар ташаббуслари доимий муҳокама қилиб борилмоқда.

Жиззах вилоятида давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувини юқори савияда ташкил этиш, тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиб бориш мақсадида алоҳида штаб ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлардан 800 га яқин мурожаат қабул қилинди.

Ушбу мурожаатлар тегишли масъул идоралар томонидан кўриб чиқилиб, шундан 400 та мурожаатда кўтарилган муаммолар ҳал этилишига эришилди, қолган жараёндаги мурожаатларнинг ижобий ечим топиши вилоят штабида кунлик муҳокама қилиб борилмоқда.

Мурожаатларнинг ўрганиб чиқилишида тадбиркорларнинг ҳақли талабларини қаноатлантиришда ҳам тизимли муаммолар аниқланганлиги сабабли қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида 55 дан ортиқ ҳужжат (Қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар)га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини ҳукумат даражасида кўриб чиқиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, қабулхоналарга келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишда асоссиз муддатлар бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун тегишли идораларга киритилган 132 та тақдимномага мувофиқ, 49 нафар раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.  

Жиззах вилоятидаги Бош вазир қабулхонаси томонидан 2021 йил 24 май ҳолатига тадбиркорлик субъектлари ва чет эллик инвесторлар томонидан қилинган мурожаатларни ижобий ҳал этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.  

Жумладан, Дўстлик туманида фаолият юритувчи “Болиқулов Музаффар” фермер ҳўжалиги раҳбари М.Болиқулов томонидан ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги томонидан чорвачилик комплекси ташкил этиш мақсадида Акциядорлик тижорат “Халқ банки” Дўстлик туман филиалидан Халқаро молия институтлари томонидан (МАР линияси) ажратилган маблағлар ҳисобидан кредит ажратилган бўлиб, кредит маблағлари Австрия давлатининг “KLINGER” GmbH таъминотчи фирмаси билан 2020 йил 12 мартда тузилган UZ 30/2020-сонли шартномага асосан, 71 минг евро пул маблағлари ушбу фирма ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Лекин маблағ ўтказилганига 3 ойдан ошган бўлса ҳам, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ходимлари томонидан тадбиркорнинг бир неча маротаба оғзаки мурожаатларига қарамай транзит рухсатномасини олиб берилиши асоссиз равишда ортга суриб келинган. Тадбиркор рухсатнома йўқлиги сабабли чорва молларини Ўзбекистонга олиб келолмаётганлигини билдирган. Шу сабабдан мурожаатчи транзит рухсатномасини олишда амалий ёрдам беришни сўраган.  

Ушбу мурожаат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, 2020 йил 16 сентябрда Австрия давлатидан олиб келинаётган наслли қорамолларга Белорусь Республикаси ҳудудидан транзит олиб ўтиш учун ушбу давлатнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш департаментига 5571-сонли сўров юборилган, Белорусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш департаменти томонидан BY-02/59128-сонли рухсатнома олиб берилган ва наслли чорва моллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинган.

Тадбиркорларнинг худди шунга ўхшаш мурожаатлари турли важ ва баҳоналар билан ҳал қилиб берилмаётган яна бир қатор ҳолатларини учратиш мумкин. Жумладан, Фориш туманида фаолият кўрсатувчи “Бахтлик” ХК раҳбари Б.Ҳатамовнинг ўтган йилги май ойидаги “Халқ банк” Фориш тумани филиалига 100 миллион сўм, узумчиликни ривожлантириш мақсадида Зомин туманидаги “Олтин узум” фермер хўжалиги раиси С.Абдурасулов сўраган 120 миллион сўм ҳамда “Муродбек-Қиличбек” фермер хўжалиги раиси Ш.Абдуллаевнинг жорий йил 5 мартида сўраган 150 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратиб берилмай келинган.  

Барча мурожаатлар қаноатлантирилди. Лекин ўртада йўқотилган вақт, етказилган маънавий ва моддий зарарлар ўрнини қай бир банк қоплаб беради?

Қабулхона таркибида Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши ҳам фаолият олиб боради, улар фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат тадбиркорлар орасидан танлаб олиниб шакллантирилган.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши билан ўтказилган йиғилишларда Қабулхонага тушган мурожаатлар таҳлил қилиниб, таклифлар Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига киритилди.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш дастурлари доирасида 200 га яқин жисмоний ва юридик шахсга ўз бизнесини бошлаши учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит, 100 га яқин тадбиркорга ер ажратиш, 25 га яқин тадбиркорнинг солиқ тўловларини енгиллатиш, лицензия ва рухсатномалар олиши, 30 нафар тадбиркорнинг инфратузилма тармоқларига уланиши ва тадбиркорларнинг 200 га яқин бошқа масаладаги мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари бўйича яратилган тизим келгусида ишбилармонларнинг бизнес фаолиятини юритишига хизмат қилиши билан бирга, уларнинг фаолиятидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда муҳим омил бўлади.

Абдубоқи Ғозибеков,

Жиззах вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси  

Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини  

кўриб чиқиш қабулхонаси мудири

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!